TGViewer
Channel Public Channel
raconteur

raconteur

@rakontur

Subscribers
115
Photos
1
Videos
3
Links
5
Recent Posts 20 shown
Post #362 38
КИМЛАНИШ

Сен кимсан – гуноҳин парвариш этган,
муҳаббат ўрнига, савоб ўрнига?
Сен кимсан – севгиси дунёдан ўтган
валекин келмаган кутган хўрлиги?

Сен кимсан – на дўст, на душман орттирмай
фақат изтироблар билан овунган?
Сен кимсан – умрининг тонгин оттирмай
худога қадрлар тилаб товунган?

Сен кимсан – ўн саккиз мингта оламдан
ҳеч бирининг кўзи учмаган кутиб?
Сен кимсан – куярга ғами таланган,
ўлмаган – умиди дунёдан ўтиб?

Сен кимсан – кўнглини тошларга уриб
чинни қисматини чил-чил синдирган?
Сен кимсан – йиғлаган кулиблар туриб,
сен кимсан – кўзёшдан шеърлар ундирган?

Сен кимсан – қараши терсу тескари,
на дўст, на душманга ўр ёғин берган?
Сен кимсан – бир осийлигин эскартиб,
хижолатдан кириб кетмаган ерга?

Сен кимсан – ўзини дунё устига
кул мисол аёвсиз сочган, совурган?
Сен кимсан – унут бир суйги тусдаги
юрагини армон билан қовурган?

Сен кимсан – на гулга шафқатни билган,
туйғулар қонини муттасил тўккан?
Сен кимсан – кимлигин билмаган билга,
қай гулнинг ёдига кўзёшдай чўккан?

Сен кимсан – топмаган тақдир ахтари(б),
Сомон йўл чанглари оралиғидан
камайиб борган сай бахтнинг хатари
кўнгилнинг тун каби қоралигидан?

Сен кимсан – саволдан ўзга дарди йўқ,
саволи – «кимарса», жавоби – «нима»?
Сен кимсан – кўз ёши билан қорни тўқ,
жавобсиз суйгиси шунча ваҳима?

Сен кимсан – дунёга саволлар бериб,
ўрнига муҳаббат излаган телба,
Тугаб бораётган кўнгил теримин
бошдан бошламоқни истаган келбат?

Сен кимсан – тани инс, хаёллари – жин,
муаллақликларда қотган тўрғайдай?
Сен кимсан – умидин эшшакдай миниб,
гўштини ҳаромга чиқарган дайди?

Сен кимсан – қаю бир қаторларда бор,
Не норсан, не зорсан, не хорсан, не дор?
Сен кимсан – на шоир ва на Фахриёр,
Не савол, не завол, не дард, не барор?

Сен кимсан?..

© Фахриёр
  • ❤ 1
Post #361 68
ВИДО

Кетарман ложарам кетарман нолиб,
тағин вайронадан вайроналарга.
Кетарман дарбадар, кетарман олиб
бу дарё дилимни девоналардай.

Кетарман йироққа, қалбимнинг қора
гуноҳини ҳамда ишқ доғларини
ювиб
халос этсам дилимдан зора
хароб истакларнинг дудоқларини.

Кечирмадим. Кечдим сендан, умидим.
Бенаво қалбимнинг тинглаб додини,
Тириклайин гўрга олиб кетдим жим,
Қўмсамасин дея висол ёдини.

Янграйди андуҳлар, ашклар нағмаси,
Кетарман саргашта, кетарман бадар.
Сиздан, гуноҳларнинг қайноқ чашмаси,
Шоят ўшал онда қилсайдим ҳазар.

Масумгина фараҳ ниҳоли эдим,
Шоҳимни қайрди ишқ панжалари.
Кулфат ёғдусига айландим-қолдим,
Лабим у лаблардан тушганда айри.

Оқибат
пойимга ташлади каманд
сафар арқонлари.
Жигархун, жимжит
кетарман, кетарман
торт юрагимдан,
Ночор қўлларингни бесамар умид...

Фуруғ Фаррухзода

Одил Икром таржимаси
  • ❤ 1
Post #360 56
****

Маҳзун бир қушга айлансам,
Учиб кетсам, учиб кетсам.
Ширин бир тушга айлансам,
Сўнг ёдингдан ўчиб кетсам.

Маҳзун маҳзун нидо қилсам.
Маҳзун қушлар қаторида
Кета кетгунча йўлларда
Кўз ёшимни ичиб кетсам.

Тиконлар ичра хор ётсам,
Уйғонсам гулнинг ёдида.
Ногоҳ булбуллигим англаб
Фиғон қилсам, чўчиб кетсам.

Хаёл ёлғон муҳаббат рост,
Менинг чеккан азобим рост,
Ўзимни сенда топдимку
Наҳот сендан кечиб кетсам....

Мухтор Комил
Post #359 130
МЕНДАН НЕ ИСТАЙСАН?

Мендан не истайсан — игна тилимда,
Мендан не истайсан — лабларимда ип.
Кўксимда жуфтланган — икки қўлим ҳам,
Бошим битта дея турибман эгиб.

Мендан не истайсан — қуйида кўзим,
Киприк ушламаса, кетар тўкилиб.
Чўккалаб яшашга кўниккан тизим —
Тиклашга уринсам, титрар букилиб.

Мендан не истайсан, ўғлим — ҳали ёш,
Ҳали гулдуролмас, ҳали чулдирар.
Бола нафрат билан бехос отса тош,
Қари қумурсқага тегиб ўлдирар.

Яна не истайсан: юрагимми бир,
Ҳақсизлигинг солган алам-титроғи,
Сен ундан қўрқмайсан — биласан, ахир,
Юрак худо эмас, йўқдир таёғи!

Қутлибека РАҲИМБОЕВА
  • ❤ 1
Post #358 87
Қуёш қайтди.
Ғуруб палласи
Эриётир қоронғиликда.
Қиров тушган кузак даласи
Ухлаб ётар қора уйқуда.

Сиёҳ кўкни қамраб олганча
Юлдузларни тўсар булутлар.
Алп чинорлар ўйга толганча
Бир-бирини сўроққа тутар.

Энди кўнгил узаман куздан –
Унинг изин қор кўмган пайти,
Оппоқ тоғлар тараф – анғиздан
Ёлғизлигим ёнимга қайтди…

Хуршид Даврон
  • ❤ 3
Post #357 97
* * *

Айни баҳор эди.
Мен сени кўриб,
Бегона бўлганим ақл-у ҳушимдан.
Кўнглим кўзгусида сочингни ўриб,
Тонгда чиқиб кетар эдинг тушимдан.

Мен эса... тушларим таъбирида маст,
(Ўзим — башоратчи, ўзим — мунажжим).
Юрардим, дунёлар товонимдан паст,
Ер узра етгудай ёзсам қулочим.

Осмонлар меники эди ўшанда,
Унга исминг ёзсам умидлар билан.
Ғаши келмасин деб,  кўзи тушганда -
Ёпиб қўяр эдим булутлар билан.

Йиллар йилдиримдай ярқ этди-кетди,
Олов ёшлигимдан қолгани бир чўғ.
Васлингмас, ҳажрингга ғарқ этди-кетди,
Аммо туш кўришдан чарчаганим йўқ.

Умрим тунлари — бахт, кунлар — малолдай,
(Келганга ўхшайман бироз ҳушимга).
Ишидан уйига қайтган аёлдай —
Сен кириб келасан ҳар кеч тушимга!

Ориф ТЎХТАШ
  • ❤ 2
  • 🍓 1
Post #356 141
Рауф Парфи

Китобларда тушгандир кўзинг,
Ё бўлмаса эшитганинг бор?!
Нега яна бундай қарайсан,
Биласан-ку шеърсирашим бор.

Ватан, Миллат, аҳли Туркистон —
Пешонаси қонаган бир сўз.
Соппа - соғсан, эшитмас қулоқ,
Қай қабрда ёшланар бир кўз.

Даҳшат бошлар, қўзғалар жининг,
Мен гўёки ўқийман оят.
Чалиб қолар шайтон ноғора,
Сен ўзингга қилдинг жиноят.

Овозимни тинглар кўчалар,
Лек бирор кас солмайди қулоқ.
Аммо топар руҳим фароғат,
Шеър ўқийман яна кучлироқ.

Тентирайман сарҳуш бўлибон,
Теграм бўлар ўтли мисралар.
Мен ўзимни билмай қоламан,
Вақт измидан чиқар лаҳзалар.

Сўз тўла неча жом сипқордим,
Оҳ, Ҳақсираб кўзим юмилган.
Ҳар кун эди Шеър туғилган кун(!),
Бугун эса Шоир туғилган!

© Шаҳобиддин Луқмон
  • ❤ 4
  • 🔥 1
Post #355 115
Келинг,
Аё шайхим,
Ўқинг “Таборак”,
Кўзимнинг косаси тўлсин лиммо-лим.
Сизга тиловатдан ажр олмоқ керак,
Менга сукунатдан ажралмоқ лозим.
 
Бир оҳанг истайман – баридан латиф,
Тингласам, келтирса руҳни бўғзимга.
Оний қироат-ла танни титратиб,
Ўзимни суғуриб олинг ўзимдан.
 
Ўқинг, вужудимни тарк этмасин дард,
Топгандай бўлайин Ишқни ахтариб.
Шайхим, ногоҳ чиқиб кетдим ўзимдан,
Шайхим, мени яна менга қайтаринг!
 
Келинг, аё шайхим, ўқинг “Таборак”...
 
Ҳикмат Бойқобилов
Post #354 124
* * *

Қўлларинг — ўсишдан қолган қанотлар,
Силкийсан — ўйнайди шамол бегидир.
Куласан — сибизға чалар фарёдлар,
Тўзғин сочларингда гулларнинг ҳиди.

Кўксингдан суғуриб ташлай бошлайсан
Бир... олти... ўн... ўттиз... қирқ... юракларни.
Бошингдан сочасан, тутиб яшнайсан,
Жон битган чечаклар — капалакларни.

Шундай тўкиласан,
Завққа тўласан,
Қаердадир қолиб кетади қайғу.
Ўйлама, барибир қидириб келиб,
Ўлгинг келган бахтдан қутқаради у...

Ирода Умарова
  • ❤ 4
Post #353 120
КуйгайШерали Жураев
Сўзингнинг шарпаси текканда олам боб, боб куйгай,
Денгизлар, дарёлар, ҳаттоки кўлларда ҳубоб куйгай.

Камондек қошларинг, киприкларингдин ўқ отар доим,
Сенинг ёдинг билан тинмай ҳама нозу итоб куйгай.

Ёниб ишқингда қалбим кулга айланса ажаб эрмас,
Кўзинг осмонга тушганда ловуллаб офтоб куйгай.

Олай тоқатни қайдин кўзингга ҳеч қаролмайман,
Тушибдир учқунинг бағримга гўёки китоб куйгай.

Ҳамид Олимжон
1943
  • ❤ 2
Post #351 162
ЧИМИЛДИҚҚА КИРМАГАНЛАР ЁР-ЁРИ

Истиқлол йўлида озмунча  ўн  гулидан бир  гули очилмаган  ёш йигитлар  ўққа  учдими... Кўқонда уйланмаган  йигит  ўлса,  мурдани ювишаётганда  унинг тенгқур  ўртоқлари  паст  овозда  ёр-ёр айтиб туришаркан.

Ўз уйини қурмай йигит, ўлмасин,
Қиз билан ўлтирмай йигит, ўлмасин,
Чимилдиқка кирмай йигит, ўлмасин,
Ўлса, ёр-ёр айтиларкан Қўқонда.

Сувалмаган уйи қолса бош эгиб,
Қавилмаган кўрпасига тош тегиб,
Оппоқ, куёв кўйлагига ёш тегиб,
Ўлса, ёр-ёр айтиларкан Қўқонда.

Ёр-ёр айтар экан тўрт-беш ўртоғи,
Болалиги, ёшлиги эш ўртоғи.
Алпомишсахт, Алпомиштўш ўртоғи
Ўлса, ёр-ёр айтиларкан Қўқонда.

Қадим Турон даштларида бир ёр-ёр
Уввос солар, дала ёр-ёр, қир ёр-ёр,
Оҳ, дунёни бузар, бир ўткир ёр-ёр
Ўлса, ёр-ёр айтиларкан Қўқонда.

Увлаб, маҳшаргача етса... эҳтимол,
Увлаб, тирикларни тутса эҳтимол.
Бизларни ҳам олиб кетса... эҳтимол,
Чимилдиққа кирмаганлар ёр-ёри...

1990 йил 9 май

Ҳалима Худойбердиева
Post #350 249
Usmonip Inglizchada shunchaki “stay with me” deyishadi. Mana, oʻzbek tilidan mahorat darsi: Seni xayollarga toldirsam deyman, Ko‘nglingni ko‘nglimga oldirsam, deyman, Oyoq kiyimingni yashirib qo‘yib, Huzurimda ko‘proq qoldirsam, deyman. Shukur Qurbon Ee, bolajonlar…
Инглизчада шунчаки «I still remember you» дейишади. Ўзбек тилида эса:

Бир осмон энгашди, бир сапчиди ер,
Бир оҳу ингради, бир ўкирди шер,
Юраклар тўхтади, босди совуқ тер,
Мен кетдим, сен қолдинг — хотима шундай,
Ҳар куни тушасан ёдима шундай.

Вулқонлар отилди, оқди оловлар,
Ўтдай кўкрагимга ёғди қировлар,
Англаб-англолмади баъзи бировлар,
Мен кетдим, сен қолдинг — хотима шундай,
Ҳар куни тушасан ёдима шундай.

Баҳорлар куз бўлди, кузлар юз бўлди,
Лаҳзалар йил бўлди, йиллар туз бўлди,
Бу «хайр» дегани сағир сўз бўлди,
Мен кетдим, сен қолдинг — хотима шундай,
Ҳар куни тушасан ёдима шундай.

Унда уфқ ёнарди: кўксим каби ол,
Сенинг ёшларингни ичарди рўмол,
Кўксимга туйдиму бир дунё малол,
Мен кетдим, сен қолдинг — хотима шундай,
Ҳар куни тушасан ёдима шундай.

Оёқда тик туриб ўлмоғим учун,
Ҳижрон подшоси ким — кўрмоғим учун,
Воҳ, сени кучлироқ севмоғим учун
Мен кетдим, сен қолдинг — хотима шундай,
Ҳар куни тушасан ёдима шундай.

Шерали Эшбўриев
  • ❤ 9
Post #349 224
ОЙГУЛГИНАМ

(Бахтиёрнинг қўшиғи)

Ўркач-ўркач тўлқинларнинг бағрида,
Ёлғиз сандиқ қалқиб-қалқиб келади.
Ўркач-ўркач андуҳларнинг қаърида,
Ойгулгинам менинг оқиб келади.

Ҳам сарғайиб сўлиб борар, оҳ, гулим,
На сувларга, на кўкларга боқади.
Золим замон зуғумидан Ойгулим
Қонлар ютиб, оҳлар уриб оқади.

Қалқиб оққан дарё эса билмайди,
Фожиами, бахтми – бормас бу ўйга.
Бу ишларга дунё парво қилмайди,
Дунё ўзи ўргангандир шу кўйга.

Мен яшадим, сени сўраб яшадим,
Илтижолар қилиб ёлғиз оллога.
Умидларга дилни ўраб яшадим,
Бу бағри йўқ, бу норасо дунёда.

Кўп истадим бир тасодиф бўлсаю
Бир кун чаппа айлансайди шу олам,
Олло дили шафқатларга тўлсаю
Қилса эди фақирга ҳам бир карам.

Сен оқасан, сен оқасан дарёда,
Дилинг хуфтон, кўнглинг ярим, шикаста.
Айғоқчилар етказадир подшога,
Сен оқасан, буни билиб-билмасдан.

Олломидинг, дунёмидинг – билмадим,
Сен хор эдинг, мен хор эдим дунёда.
Лайломидинг, Зуҳромидинг – билмадим,
Мен зор эдим, сен бор эдинг дунёда!

Йўқса менга ҳаётмиди бу ҳаёт,
Йўқса унда бирор нажот бормиди!
Мен яшадим сени кутиб бефарёд,
Йўқса менга икки дунё тор эди.

Ҳам тасодиф, ҳам бахт бўлдинг, гулойим,
Умидларим умидингга бойланди.
Қара, наҳот, карам қилди худойим,
Қара, наҳот, дунё чаппа айланди.

Энди оппоқ манзилларга борармиз,
Табассум қил, табассум қил, қайғулим.
Булутларни юлдузлардай ёрармиз,
Қултарлонлар омон бўлса, Ойгулим!

Олломидинг, дунёмидинг – билмадим,
Сен хор эдинг, мен хор эдим дунёда.
Лайломидинг, Зуҳромидинг билмадим,
Мен зор эдим, сен бор эдинг дунёда!
ЙЎЛДОШ ЭШБЕК
Post #348 179
КУЗ

Хазонлар рақсига маюс термулиб,
Ўтган кунларимдан мантиқ ахтардим.
Илҳом келаётир дўстимдай кулиб,
Мунис кузга ифшо этгали дардим.

Мен қучоқ очгайман, дўсти меҳрибон
Пойига тўшайман нигоҳларимни.
Ул билан сирлашмоқ нақадар осон,
Ҳаётдан орттирган гуноҳларимни.

Маъсум куз минг ёшли донишманд сифат
Оҳиста ғудранар кўзларин юмиб.
Ҳар бир лаҳзасида гўзал бир ҳикмат,
Унга тўймаяпман тинглаб, тикилиб.

Ёшман-ку, не учун асов юракни
Ювош торттиради бу кекса наво?
Севаман баҳорни, қўнғир куртакни,
Кузни ҳам севмасдан бўлурми аммо?!

Менинг умрим нима? Мезондек дайдиб
Ҳақ учун курашга ҳамроҳ истадим.
Аммо кимларгадир дардларим айтиб
Фақат шеърлар битмоқ бўлди қисматим.

Мана, хазонларнинг тилида наво,
Рақс этиб йўқликка қилмоқда сафар.
Покландими шеърим билан бу дунё,
Ахир, битилган шеър эмас-ку зафар.

Ҳувиллаб ётибди қорачиқларим,
Ҳайҳот, мен уларни тўлдиролмадим.
Жангга тайёр турган нажоткор қалбни
Шеърдан бошқасига кўндиролмадим.

Куз эса минг ёшли донишманд сифат
Оҳиста ғудранар кўзларин юмиб.
Бу қандай афсунгар, бу қандай хилқат,
Нечун тўймаяпман унга тикилиб?!

©️ Чори Аваз
  • ❤ 2
Post #347 179
Севгилим,
Озгина телбамиз бизлар,
Доим адашамиз ишқда,
Турмушда,
Қайнаб тошганида кўнгилдан ҳислар,
Сира бўшамаймиз
Хаёл суришдан.

Севгилим,
Ҳамиша излайман ҳаловат
Оппоқ қоғозларга умримни тўкиб.
Сен-чи, сен жимгина
Йиғлайсан фақат,
Кечалар қандайдир
Китобни ўқиб...

©️Шавкат Раҳмон
  • ❤ 3
  • ☃ 1
  • 🔥 1
Post #346 236
Азизим, фасллар алмашмайди, йўқ,
Қиш сочи оқарган баҳордир ҳануз;
Қушлари тарк этган лаҳзадан бошлаб,
Дарахтлар кўнглига кириб келар куз.

Шу мезон торидек нозикман, мўртман,
Меҳринг билан тирик ҳисларим некбин.
Азизим, бошимда чарх уриб турсанг,
Тўртта фаслда ҳам гуллашим мумкин.

Шоҳсанам Нишонова
  • ❤ 3
  • ☃ 1
Post #345 269
Яна кетдинг,
Истадим шуни.
Яна сўлди кўксимдаги гул.
Бўлмас ахир мени тушуниб!
Хайр энди,
Хайр, омон бўл...

Балки, насиб эмас ҳар кимга
Севилмоқлик бунчалар тоза,
Юзим босдим, ям-яшил чимга,
Шудринг бўлди.
Йиғладим роса....

Менга шундай бахтни бердингки,
Энди тинмас кўзимда наво —
Сен шунчалар яхши эдингки!
Кўролмадим...
Ўзимни раво...

© Мурувват Ғаффорова
  • ❤ 5
  • 😢 2
  • 🔥 1
Post #344 215
* * *

Яна баҳор келди, алдади – кетди,
Ёз, кузлар ҳам қилмади шафқат.
Сўнг, қиш куни изиллаб етди,
Йил ўтди.
Сен келмадинг фақат.

Нафасимни ичимга ютдим
Ва айланиб тоқату тошга
Сени илҳақ, интизор кутдим:
Ўн олти, ўн етти, ўн саккиз ёшда.

Бу далли дунёнинг дўнишларини
Битта ўсмирчалик тотдиму тўйдим.
Фарқламай кунларнинг бари-барини
Яшадим,
Негадир баҳорни соғинмай қўйдим.

Лекин,
Баҳор келди,
Алдади – кетди,
Ёз, куз, қишлар қилди хиёнат.
Сенга кўнглим очмоқчи эдим,
Кўчамдан ўтмадинг, муҳаббат.

Кўп кутдим.
Ич фикрим ичимда,
Кўнглимда энг ёруғ ҳасратим.
Мен уни тилимнинг учида
Йигирма олти йил асрадим.

Гул умрида бўлса ҳам ҳаққинг,
Кўкрагимни қийнади афғон.
Кел, кўкламлар этайин тақдим,
Кел, ҳеч қурса сўрагин аҳвол.

Мен умидлар бағрида мастман,
Мен орзулар қиламан такрор.
Фалон ёшга кирган эмасман,
Бекор, менинг йилларим бекор.

Нафасим ичимга ютаяпман,
Айланиб бир улкан бардошга.
Мен сени эринмай кутаяпман:
Ўн олти, ўн етти, ўн саккиз ёшда...

Равшан Файз
  • 🔥 2
Post #343 233
Ўзингиз севган ёки шу кунларда такрорлаб юрган шеърни улашишингиз учун хабар.
Post #342 240
Кузак боғларида дилгир дарахтлар
Эроний қизлардай ечганда рўмол,
Кафтим чизиғига монанд турналар
Ортидан кетурман, боғларим, хуш қол.

Ҳижроннинг сояси майсани қоплаб,
Сарғарган хазондай ёйилган чоғда,
Кўрар тушларини ҳушида оқлаб,
Бир сулув келади ҳали бу боғга.

Дарахтлар соясин тирқишларидан
Кўзига ботганда идраган ёғду,
Гўёки бегона — юз йил наридан
Исмини пичирлаб сўрагайдир у.

Хазонлар ёяди хотирдан раста,
Ғоваклар бўғриқиб чалади бурғу:
“Бу боғлар баҳорги боғлар эмасда,
Исмини барибир эслолмайди у...”

Эгик мажнунтолнинг баланд шохидан
Энг сўнги япроқлар тупроққа энса—
Йўлакка тўшалган хазон оҳидан
Синиққан сас чиқар: “бу ахир сенсан”!

Шамоллар хас ила сўз ёзар кўлга,
Тошларга тўш уриб пичирлайди сув.
Измини унутиб ботади ўйга,
Исмини кўнглимга жойлаган сулув.

Қисматдай орқага йўл бошлайди йўл,
Эслатар фурсати етганлигини.
Бир умр билмайди, яноқлари ҳўл —
Исмининг мен билан кетганлигини.

Нажмиддин Турон
  • ❤ 3
Older posts →

About this channel

How can I read @rakontur without a Telegram account?
TGViewer shows the public web preview Telegram publishes for raconteur: recent posts, photos, videos and the subscriber count, with no app, login or account.
How many subscribers does raconteur have?
raconteur (@rakontur) has 115 subscribers on Telegram, refreshed roughly every 30 minutes.
Does raconteur know I viewed it here?
No. Public channel previews carry no viewer identity, and TGViewer has no accounts or tracking of what you look up.
Threads Profile ViewerView any public Threads profile without an account.Open ThreadLook →Writing with AI? Make it sound human.Metric37 rewrites AI drafts so they read naturally. Free AI detector, 1,500 words free.Try Metric37 →