* * *
Айни баҳор эди.
Мен сени кўриб,
Бегона бўлганим ақл-у ҳушимдан.
Кўнглим кўзгусида сочингни ўриб,
Тонгда чиқиб кетар эдинг тушимдан.
Мен эса... тушларим таъбирида маст,
(Ўзим — башоратчи, ўзим — мунажжим).
Юрардим, дунёлар товонимдан паст,
Ер узра етгудай ёзсам қулочим.
Осмонлар меники эди ўшанда,
Унга исминг ёзсам умидлар билан.
Ғаши келмасин деб, кўзи тушганда -
Ёпиб қўяр эдим булутлар билан.
Йиллар йилдиримдай ярқ этди-кетди,
Олов ёшлигимдан қолгани бир чўғ.
Васлингмас, ҳажрингга ғарқ этди-кетди,
Аммо туш кўришдан чарчаганим йўқ.
Умрим тунлари — бахт, кунлар — малолдай,
(Келганга ўхшайман бироз ҳушимга).
Ишидан уйига қайтган аёлдай —
Сен кириб келасан ҳар кеч тушимга!
Ориф ТЎХТАШ
Post #357
97
- ❤ 2
- 🍓 1