Кузак боғларида дилгир дарахтлар
Эроний қизлардай ечганда рўмол,
Кафтим чизиғига монанд турналар
Ортидан кетурман, боғларим, хуш қол.
Ҳижроннинг сояси майсани қоплаб,
Сарғарган хазондай ёйилган чоғда,
Кўрар тушларини ҳушида оқлаб,
Бир сулув келади ҳали бу боғга.
Дарахтлар соясин тирқишларидан
Кўзига ботганда идраган ёғду,
Гўёки бегона — юз йил наридан
Исмини пичирлаб сўрагайдир у.
Хазонлар ёяди хотирдан раста,
Ғоваклар бўғриқиб чалади бурғу:
“Бу боғлар баҳорги боғлар эмасда,
Исмини барибир эслолмайди у...”
Эгик мажнунтолнинг баланд шохидан
Энг сўнги япроқлар тупроққа энса—
Йўлакка тўшалган хазон оҳидан
Синиққан сас чиқар: “бу ахир сенсан”!
Шамоллар хас ила сўз ёзар кўлга,
Тошларга тўш уриб пичирлайди сув.
Измини унутиб ботади ўйга,
Исмини кўнглимга жойлаган сулув.
Қисматдай орқага йўл бошлайди йўл,
Эслатар фурсати етганлигини.
Бир умр билмайди, яноқлари ҳўл —
Исмининг мен билан кетганлигини.
Нажмиддин Турон
Post #342
240
- ❤ 3