TGViewer
Channel Public Channel
Eshmon Malla

Eshmon Malla

@eshmonmalla

Шов-шувлар ўткинчидир, юракдан чиққан гапнинг умри узоқ бўлади.
Subscribers
389
Photos
311
Videos
13
Links
215
Recent Posts 18 shown
Post #2347 686
Журналист учун газетада мақоласи чиқиши жуда катта байрам. Агар у ижодкорларнинг, адабиёт ихлосмандларининг севимли нашри бўлмиш "Жадид"да чиқса, икки карра қувончли.
Менга шундай байрамни туҳфа этган таҳририятнинг барча ходимларига, хусусан, бош муҳаррир, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзога алоҳида ташаккур.
  • 👍 20
  • 🔥 3
Post #2341 90
Диққат!

Адабиётга оид тестларни соғинганлар борми?

Сиз учун 5 та савол тақдим этилади.
  • 👍 11
  • 👏 2
  • 🔥 1
  • 🕊 1
Post #2340 94
ДАНТЕНИНГ ЮБИЛЕЙИ
(Охири)

Файзулла билан Ҳожар дилидаги дардини тўкиб солган армани чолга бўшашиб қараб қолишди. Сўнгра қоровул чол:
– Йўқ, қардош, бугун бу ерда ҳеч қанақа юбилей бўлмайди. Янглишибсизлар. Эртага келинглар, – деди.
– Ахир мана бу ерга ўн биринчи май деб ёзиб қўйипти-ку, – деди Файзулла.
Қоровулнинг жаҳли чиқди:
– Ҳей, менга қара, қанақа одамсан? Ҳеч қанақа юбилей-пубилей йўқ, дедим-ку сенга, йўқ-да! Ҳеч ким йўқ, ҳозир иш тамом бўлади, ҳамма уйига кетади. Сизлар ҳам уйингларга боринглар.
Оёқ товуши эшитилди, мармар зиналардан кўзойнак таққан ёш йигит тушиб келаркан:
– Нима гап, Арестакес амаки? – деб сўради.
Қоровул чол энгашиб хиргойи қилганча чойнакдан банкага чой қуярди. Бошини кўтариб йигитга қаради.
– Қаёқдан билай? Юбилейга келдик дейди... Бугун ҳеч қанақа юбилей йўқ десам, ишонишмаяпти.
Йигит Файзуллага яқин келиб саломлашди, қўлидан таклифномани олиб, кўз югуртирди-да, кулди:
– Отахон, кимдир сизга ҳазил қипти. Дантенинг юбилейи бундан бир ҳафта илгари бўлиб ўтганди.
– Ахир... Бу ерда ўн биринчи май ёзилган-ку, – деди Файзулла.
– Буни кимдир қўл билан ёзиб қўйипти. Айтяпман-ку, ҳазиллашипти сиз билан... Хўп, хайр, соғ бўлинглар!
Қоровул ҳамон хиргойи қиларди:

Армани, ҳей армани,
Фойтуна миндир мани.


Файзулла билан Ҳожар кўчага чиқди. Файзулла хотинининг юзига қарай олмасди. Биларди, хотини ҳозир бобиллаб беради: “Бефаросат, галварс! Қачон сизни биров одам ўрнида кўрувди ўзи?! Ўзимам ҳайрон бўлувдим-а!” Аммо Ҳожар миқ этмади. Улар шу алпозда метро стансиясига келдилар.
– Метро, – деди Ҳожар.
– Ҳа, – Файзулланинг товуши бўғиқ чиқди. Унинг тумшуғи осилиб кетган, тунд эди. Кутилмаганда Ҳожар ғоят майинлик билан эркалаб деди:
– Балки, метрода сайр қилармиз-а, Файзулла?
Файзулла хотинининг бундай самимий гаплашганини аллақачон унутиб юборганди. Хотинига термилди.
– Хоҳласанг... майли... Сен ҳали метрога тушмаганмисан?
Бир зумлик сукутдан сўнг Ҳожар:
– Йўқ, бирон мартаям тушмаганман, – деди.
Файзулланинг лабларига табассум инди.
– Ундай бўлса, кетдик. Маза қиласан. Ўзга бир дунё дейсан. Худди эртаклардагидек.
Метрога киришди. Файзулла автоматга беш тийин ташлади.
– Ўт.
Ҳожар ўтди. Яна беш тийин ташлаб ўзи ўтди.
– Агар танга ташламасам ўтолмасдинг, ушлаб қоларди.
– Нималар деяпсан? Ростанми?
– Ҳа-ҳа, рост айтяпман, Ҳожар. Қара, мана бу ўзи юрадиган зина.
Ҳожар кулди.
– Вой, мунча ажойиб!
Хотинининг ҳайратланиши Файзулланинг дилини ёритиб, кўнглини кўтариб юборди. У худди тажрибали экскурсовод сингари метрони хотинига кўрсатар, тушунтирарди. Ҳожар ҳаммасидан таажжубланар, завқланар, кулгидан ўзини тиёлмасди.
Ҳожар эртага эҳтимол яна ўз ҳолига қайтиши – Файзуллани кўз очиргани қўймай жавраши, масхара қилиши мумкиндир. Аммо бугун уни хафа қилгиси келмади. Бокуда метро ишга тушгандан буён бозорга ана шу ер ости йўлидан бориб-келишини Файзуллага билдирмади.

(Тамом)

Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ таржимаси
  • 👍 13
  • 😢 4
  • 🕊 1
Post #2339 80
ДАНТЕНИНГ ЮБИЛЕЙИ
(Давоми)

– Қаерга? – деди Ҳожар энсаси қотиб.
– Дантенинг юбилейига. Наҳотки Дантенинг кимлигини билмасанг. У буюк италян шоири!
Ҳожар елка қисди:
– Менга нима бор у ерда?!
Театрга, консертга олиб бор, деб ўзинг айтмовдингми? Бунинг олдида театр, кино нима бўпти! Юбилей нималигини биласанми ўзинг, тантана, байрам!.. Доклад ҳам бўлади, конcерт ҳам. Унча-мунча одамга таклифнома беравермайдилар.
– Қаёқдан кун чиқипти бугун, сизга таклифнома беришипти?
– Бизнинг кўчамизда ҳам байрам бўлади, дедим-ку. Қирқ йилдан бери саҳнадаман-а, ўзи бўладими? Соч-соқолим оқарди шу касбда. Мана, ҳатто исми шарифимни ҳам ёзиб қўйишибди. Махсус таклиф қилинганман. Қисқаси, тайёр бўл. Менинг қора кастумимни ҳам дазмол қил.
Файзулла хотини билан одатдагидан кўра бошқачароқ оҳангда, мағрурланиб гаплашарди. Шуниси ажабланарли эдики, Ҳожар унинг айтган ишларини қулоқ қоқмай бажарар, эрининг гапларига беихтиёр итоат этарди. Сандиқдан Файзулланинг қора кастум-шимини олди, сув пуркаб, яхшилаб дазмоллади, қиличнинг дамидай қилиб рах чиқарди шимга. Эрининг туфлисини чўткалаб ялтиратди.
Соат еттида эгарланган отдай тайёр бўлишди. Ҳожар Анахонимникига мўралаб, уни воқиф қилди:
– Италиядан машҳур шоир кепти, шунинг юбилейига кетяпмиз. Саноқли одамларни таклиф қилишипти. Файзуллага махсус таклифнома беришипти.
Бу баҳор оқшоми Бокунинг кўчалари кечки сайрга чиққан одамлар билан гавжум эди. Йигит-қизлар қўлтиқлашиб юришарди. Файзулла ҳам Ҳожарнинг қўлтиғидан олди. Ҳожарнинг устида қора духоба кўйлак, елкасига оқ шоҳи рўмолини ташлаб олган, оёғида эса лакланган, баланд пошнали қора туфли.
Неча йиллардан буён биринчи марта мана шундай қўлтиқлашиб юришлари эди, неча йиллардан бери биринчи марта аҳил, уришмай боришарди. Ҳожар ҳам жаврамас, балки чеҳрасида табассум жилва қиларди.
– Билишимча, бизнинг театримиздан фақат менга жўнатишган таклифномани, – деди Файзулла. – Ҳеч ким ҳеч нима демади. Агар олишган бўлса, дарров мақтанган бўлишарди.
Улар академия биносига етиб қолишганида соат миллари беш дақиқаси кам саккизни кўрсатарди. Улар залворли эшикларни очиб, ичкарига киришди. Ажабо! Ҳеч ким йўқ, бино ним ёруғ эди. Улар мармар зиналар томон юрдилар. Кимнингдир овозини эшитиб тўхтадилар. Овоз бутун бинони бошига кўтаргудек баланд эди:

Армани, ҳей армани,
Фойтуна миндир мани.


Файзулла орқасига ўгирилиб овоз эгасини кўрди. У кекса қоровул эди. Қоровул ҳам уларни кўрди-да, ашуласини тўхтатиб Файзуллага яқин келди. – Ким керак сизга? – деди.
Файзулла олдиндан ушлаб келаётган таклифномани қоровулга тутқазди. Қоровул қоғозга қарамади ҳам.
– Бу нима?
– Юбилейга, – деди Файзулла. Қоровул ажабланаётганини кўриб, сўради: – Нима, юбилей бу ердамасми? Дантенинг юбилейи?
Қоровул бирдан портлаб кетди:
– Ҳа-да, ҳа, ҳар куни кимнингдир юбилейи! Бугун Давидовнинг, эртага Мамедовнинг. Шунинг учун дўконда гугурт топилмайди. Кеча қўлдан олдим. Беш қути... Нима деган гап бу?!

(Сўнгги қисм қолди)
  • 👍 9
  • 🔥 2
  • 😢 1
  • 🕊 1
Post #2338 70
ДАНТЕНИНГ ЮБИЛЕЙИ
(Давоми)

– Сенга нима бўлди, Кабирлинский? Қовоғингдан қор ёғади. Бирон корҳол рўй бердими?
Файзулла Мажиднинг овозини таниб, бошини кўтарди.
– Йўқ, ҳеч нарса бўлгани йўқ, Мажид... Шунчаки ўйлаяпман...
– Нимани? Яхшиликми ишқилиб?
– Менга ўхшаган одамнинг бу дунёда яшамоғидан не ма’но бор?
– Нима гап ўзи?
– Бу дунёда олтмиш йил яшадим, ўйлаб кўрсам, бутун ҳаётим бир чақага қиммат экан. Нима учун яшаяпман? Бир пуллик қадр-қимматим йўқ. Бирон киши ҳурмат қилмайди. Эртага ўламан-кетаман... Ҳеч ким мени эсламайди ҳам. Бир-икки ойдан сўнг ҳатто отимни ҳам унутиб юборишади.
– Нима бўлди ўзи сенга? Шаштинг паст.
– Биласанми Мажид, ба’зан одам ёлғиз қолиб ўз ҳаёти ҳақида ўйлайди. Шундай пайтда бутун умрим кинолентадай кўз ўнгимдан ўтади. Англайманки, мен ҳаётимнинг бошидан янглишган эканман. Бутун умрим ҳавога учиб кетипти, энди эса кеч бўлди.
– Кабирлинский, нима бўлди ўзи сенга, гапирсанг-чи? Бу қанақа тушкун фалсафа? Эҳтимол, биров хафа қилгандир. Ё масхара қилдими? Ким ўзи у? Худо ҳаққи, у аблаҳ билан ўзим гаплашаман, сени хафа қилдириб қўймайман!
– Эҳ, Мажид, Мажид!.. Қирқ йилдан бери ишлайман театрда, аммо лоақал гардеробчи хотинчалик ҳурматим йўқ. Одам ўрнида кўришмайди, бирон киши сен бормисан-йўқмисан демайди. Битта билет нима бўпти, шуни ҳам раво кўришмади менга!
Улар коридорда боришарди. Рўпарадан Элдор чиқди, у Файзулла билан Мажидни кўриб, ўзини четга олди. Аммо Мажиднинг назаридан қочиб қутулолмади. Мажид кўзларини айёрона қисиб кинояли жилмайди.
– Кайфиятингни бузма, Кабирлинский, хафа бўлма, – деди-да ён томонга қайрилиб кетди.
Файзулла ўз ролини ёздириб бўлди-да, буфетга кириб бир стакан қатиқ олиб ичди. Ҳовлига чиққанда кимнингдир чақирганини эшитиб тўхтади. Иккинчи қаватнинг ойнасидан бошини чиқариб Мажид уни чақирарди.
– Кабирлинский, бу ёққа кел, илтимос.
Файзулла изига қайтди. Мажид уни зинада кутиб олди.
– Бояги сўзларинг мени қаттиқ ўйлантириб қўйди. Юрагимни эзиб юбординг, Кабирлинский, – деди у. – Маҳаллий комитетга кириб, улар билан гаплашдим. Сенга икки кишилик таклифнома олдим. Лекин театрга эмас, академияга. Биламан, эртага сен спектаклда бандсан. Шунинг учун бугунга олдим. Хотинингни ҳам олиб кел. Бугун у ерда катта тантана бўлади. Мана буни ўқи: “Дантенинг юбилейи”. Данте буюк италян шоири – бундан етти юз йил илгари ўтган. Қарагин, ҳатто, сенинг исми шарифингни ҳам ёзиб қўйишибди.
Файзулла таклифномани олиб ўқиди: “Ҳурматли Файзулла Кабирлинский!
Сизни буюк италян шоири Данте Алигери таваллудининг 700 йиллигига бағишланган тантанали кечага таклиф қиламиз.
Биринчи бўлим: Дантенинг ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз.
Иккинчи бўлим: катта концерт. Кеча соат 20.00 да бошланади”.
Мажид тинмай жаврар эди:
– Яхшироқ кийиниб кел, Файзулла. Албатта, келгин-а. Билиб қўй, у ерда ҳукумат а’золари бўлади.
Файзулланинг лаблари титради:
– Катта раҳмат сенга, ўғлим... Омон бўл... Раҳмат.
Бошқа бирор сўз деёлмади. Томоғига нимадир тиқилгандай бўлди. Файзулла уйнинг зиналаридан қушдай учиб чиқди. Лекин уйга кириши билан ўзини қўлга олиб босиқлик билан:
– Тезроқ кийин, хотин, – деди. – Бугун кечқурун Дантенинг юбилейига борамиз.

(Давоми бор)
  • 👍 7
  • 🔥 2
  • 🕊 2
Post #2337 70
ДАНТЕНИНГ ЮБИЛЕЙИ
(Давоми)

Файзулла қўлларини ёйиб деди:
– Ҳожар, билет олиш жудаям қийин.
– Жуда яхши!.. – асабийлашиб орқасини ўгириб олди хотини. – Ҳатто ўзи ишлайдиган театрга билет олиб келолмайди-я! Оллоҳ таоло сизни нима учун яратган ўзи, билмайман! Тавба!..
– Бўлди, бўлди, яна бошлама дийдиёнгни. Анахонимга ва’да берма. Элдор бормасакан, ўзингга битта билет амалларман.
Файзулла зинадан пастга тушар экан, Ҳожарнинг овози қулоғига чалинди. – Билет олиб келманг-чи, кўрасиз мендан! Эшитдингизми?

***
Кассир бошини сарак-сарак қилди.
– Йўқ, йўқ. Ҳеч иложи йўқ, бир донаям билет қолмади.
– Ахир мен шу театрда ишлайман-ку.
– Театрда икки юз етмиш киши ишлайди. Нима қилай?
– Файзулла бошлиқнинг олдига кирди.
– Бўлса жоним билан берардим, Файзулла. Худо ҳаққи биронтаям қолмади. Ҳатто эртага, индинга ҳам билет йўқ. Кейинги кунларнинг бирига бўлса майли – нечта хоҳласанг тўғрилаб берай.
Файзулланинг ҳафсаласи пир бўлди. Сиёвушнинг олдига боргиси келмади. Аммо бошқа чора йўқ эди.
Сиёвушнинг хонасига кетма-кет одам кириб чиқарди.
– Нега энди келолмас экан?! – кимгадир қичқирди Сиёвуш. – Ўлиб қолсаям, келсин! Эртага спектакл-у, бу бўлса ҳунар кўрсатади.
Кимдир деди:
– Бугун эрталаб унинг қайнонаси қазо қипти.
– Менга деса, бутун уруғ-аймоғи қирилиб кетмайдими, нима ишим бор. Эртага спектаклга келиши шарт! Шу тўполонда унинг ролини кимга бераман?!
Телефон жиринглади, Сиёвуш гўшакни кўтарди.
– Йўқ, – деди у. – Эртага оқшом, индинга эса кундузи ва кечқурун. Ундан кейин бошқа спектакл. Ҳа.
У гўшакни жойига қўйди. Эшик олдида турган йигитга юзланди:
– Аслон, дастурга Салимовнинг ўрнига Ҳожиевни ёзиб қўй. Собир, сен бориб айт, эртага спектаклда стол устига қора телефонни эмас, оқ телефонни қўйишсин.
Яна телефон жиринглади. Сиёвуш гўшакни олди:
– Лаббай, ҳа, ҳа. Менман, ҳа, марҳамат... Ваалайкум ассалом. Кечирасиз, ҳозир ҳеч имкониятимиз йўқ. Душанба куни қўнғироқ қилинг.
У гўшакни қўйиши билан телефон яна жиринглади.
– Ҳа, ҳа, яхши... Йўқ, эртага иложи йўқ. Ишонинг, биронта ҳам билет қолмади. Биламан, жуда яхши. Газетангизга ҳурматим жуда баланд, аммо эртанги спектаклга мутлақо имконият йўқ. Индинга бўлса, марҳамат, бажонидил.
– Аслон, Шарифахонимга айт, менга қарасин! – Шу маҳал бир чеккада турган Файзуллага кўзи тушди ва: – Кабирлинский, менда ишинг борми? – деб сўради.
Файзулла бир қадам олдинга силжиб, деди:
– Сиёвуш домла, бир илтимос билан келувдим... Очиғи, ўзим ҳам хижолат бўлиб...
– Кабирлинский, кўп чўзма, илтимос. Гапир, нима керак?
– Битта билет керак эди... эртага...
Сиёвуш унинг сўзини кескин бўлди:
– Билет йўқлигини кўриб турибсан-ку!
– Нима?
– Айтдим-ку, йўқ деб. Мен билет тарқатмайман. Бу масалада олдимга бекор келибсан. – Яна телефон жиринглади. – Лаббай... Ҳа, менман... бораман. – Трубкани қўйди. – Сенсиз ҳам, Кабирлинский, бошим айланиб ётибди. – Шундай деб Сиёвуш шоша-пиша хонадан чиқиб кетди.
Файзулла бир-бир босиб зинадан пастга тушди-да, театрдан чиқиб радиостудияга келди. Хотинига нима дейди энди? Қайси юз билан кириб боради уйига?

(Давоми бор)
  • 👍 8
  • 🔥 2
  • 🕊 1
Post #2336 81
ДАНТЕНИНГ ЮБИЛЕЙИ
(Давоми)

***
– Элдор, оёқда туролмайдиган даражада маст бўлиб келди, – деди Ҳожар.
– Қаерда, ким билан ичипти?
– Мен қаёқдан билай. – Бир лаҳзалик сукутдан сўнг давом этди. – Бечора аламидан ичади-да. Ёш бўлса, яхши кийиб, яхши еб-ичгиси келади. Дунёга келиб нима кўрди, шўрлик?
Хона қоронғи эди, Файзулла хотинининг каровати томон ўгирилди:
– Биласанми, Ҳожар, мен жуда кўп ўйлайман... Умуман, сен тўғри айтасан. Нега энди у мен туфайли қийналиши, азоб чекиши керак? Нега энди мени деб у уялиши, хижолат бўлиши лозим? Нимага биз унга бор гапнинг тўғрисини айтмаймиз? “Болажон, сен ҳам катта одамнинг ўғлисан. Сенинг отанг машҳур кишилардан эди”, десак бўлмайдими?
У қоронғида Ҳожарнинг юзини кўрмасди. Лекин худди шу заҳоти лаблари устида хотинининг қўлларини сезди. Ҳожар унинг оғзини кафти билан бекитиб, шивирлади:
– Бас қилинг, секинроқ...
Элдорга тўғрисини айтолмаслигини Файзулланинг ўзи ҳам биларди...
Бу воқеа анча илгари содир бўлганди. Искандар Муродалиев хотини ва етти ойлик ўғилчаси билан “Победа” машинасида дам олгани Шушага боради. Иссиқда қийналамиз, деб саҳарда йўлга чиқишади. Хурдалан ройонида Искандарнинг ҳайдовчиси яқинлашиб келаётган поездни сезмай қолади. Қоровул шлагбаумни туширишга улгурмайди. Темир йўлдан ўтаётганида ҳайдовчи тезликни алмаштирмоқчи бўлади. Кутилмаганда мотор ўчиб, машина темирйўлнинг ўртасида тўхтаб қолади. Поезд эса жуда яқинлашиб келарди. Оғзидан олов пуркаётган аждаҳодек вишиллаб келаётган паравозни кўриб Қамар чинқириб юборади, ақлини йўқотади. Искандар бутун иродасини тўплаб, хотинининг қўлидан гўдакни юлиб олади-да, машина ойнасидан темир йўл четига қараб отади. Чақалоқ тирик қолади. Фақат чап оёғи қаттиқ лат ейди. Ота-онаси ҳалок бўлади.
Ҳожар билан Файзулланинг фарзанди йўқ эди. Улар чақалоқни ўғил қилиб олиб тарбиялаб, вояга етказишади. Аммо ота-онасининг тақдирини, бор ҳақиқатни ундан сир тутишади.

***
Эрталаб Элдор қатиқ ичиб ўтираркан, оғриқнинг зўридан боши ёрилиб кетгудай бўлиб лўқилларди. Файзулла соқол олди, кийиниб ишга отланди.
– Ҳой, отаси, – деди Ҳожар. – Эртага театрларингизда премера экан. Тўртта билет олиб келсангиз-чи. Иккита Элдор билан менга, иккитаси Анахонимга, жудаям илтимос қилувди.
– Мен бормайман, – деди Элдор.

(Давоми бор)
  • 👍 10
  • 🔥 1
  • 🕊 1
Post #2335 75
ДАНТЕНИНГ ЮБИЛЕЙИ
(Давоми)

– Ма’қул! Афишани қуйидагича ёзамиз. “Файзулла Кабирлинскийнинг юбилей кечаси!” “Ҳамлет”, “Отелло”, “Ўт келини” спектаклларидан парчалар. Фортенбраснинг учинчи аскари – Кабирлинский! Отеллонинг тўртинчи кузатувчиси – Кабирлинский! Бешинчи араб – Кабирлинский!..”
– Сен куласан-да, Сиёвуш, агар ростанам шунақа афиша чиқарсак, одам ёғилиб кетади. Кабирлинскийни ким билиб ўтирипти. Аммо у шўрликнинг исми шарифи жарангдор – Файзулла Кабирлинский! Одамлар қанақадир машҳур артист кепти-да, деб ўйлайди.
– Рост айтасан, Жавод. Кабирлинский, Араблинский... Жарангдор! – У ойнага қаради. – Бу Кабирлинскийнинг ўғли нега мунча чўзади? Тезроқ ёзса бўлмайдими? Театрга боришимиз керак-ку, ахир!
Элдор деворга суяниб турарди. Унинг ранги оқариб, лаблари кўкариб кетганди. Ойна ортидан Жавод имо-ишора қилаётганини кўрди-да, шиддат билан хонадан чиқиб кетди. Эшикда Мажидга тўқнаш келди. Мажид уни кўриб иршайди. Устки лаблари кўтарилиб, тилла тишлари кўринди. Сариқ сочлари тўзғиб ётарди.
– Салом, Кабирлинский, – деди у. Шу заҳотиёқ Элдор унинг ёқасидан олди.
Нарироқда келаётган Ойдин Элдорга ташланиб, уни бир чеккага тортди.
Кечқурун Элдор билан Ойдин қаҳвахонада ўтиришарди. Столда балиқ кабоб, кўкатлар, ароқ шишаси. Улар ароқни ичиб тугатишгач, яна сўрашди.
Созандалар шўх куй чалишар, раққосалар хиром айларди. Улар орасида бир йигит билан бир қиз алоҳида кўзга ташланиб турарди. Улар гўё чарчаш нималигини билмас, ғоят берилиб, жон-жаҳди билан ўйнардилар. Бир-бирининг белидан қучмасдан, алоҳида-алоҳида рақсга тушишарди. Уларни фақат кўз қарашларигина бирлаштириб турарди, холос.
Элдор ароқ ичиб, кайфияти кўтарилди. Ҳозир гўё бошқа одам эди. Бояги бадқовоқ, тунд йигит эмасди. У тинмай гапирарди:
– Ойдин, мени ўша қурумсоқ Мажиддан қўрқади, деб ўйлайсанми? Истасам уни бурда-бурда қилиб ташлайман. Аммо... Бундай қилмайман. Чунки у дарров бошлиқларга арз қилади. Кейин мени ишдан бўшатишади. Мен эса бу ишдан кетгим йўқ. Билдингми, Ойдин? Мен яна икки йил ишлашим керак. Икки йилдан кейин эса...
Ойдин қизиқсинди:
– Икки йилдан кейин нима бўлади?
Элдор бошини кўтариб, узоқ-узоқларга ўйчан тикилди, унинг қарашларида, чеҳрасида қандайдир ширин орзулар ифодаси мужассам эди. Сигаретни чуқур тортиб, тутунини ҳавога ҳалқа-ҳалқа қилиб чиқарди.
– Икки йилдан кейин? Икки йилдан кейин дипломни олиб Москвага кетаман, олий режиссёрлик курсига бораман.
– Кира оласанми?
– Нега киролмас эканман? Чўнтагимда диплом бўлади... Тушундингми? Диплом! Ундан ташқари – пул... Билдингми, пул!
– Москвада пул билан иш битириб бўлмайди. Бизда фақат пул билан кирилади ўқишга.
– Шошилма. Мен сўраб билдим. У ёқда ҳам ҳамма нарсани пул ҳал қиларкан. Қисқаси, бизда нақд берилади, у ёқда эса совға-салом дегандай... Хуллас, йўли бор. Керакли одамларни яхшилаб меҳмон қилсанг – олам гулистон. Қабул комиссиясида ҳам ёш қизлар, жувонлар ўтиришади бўяниб, бир-иккитасининг бошини айлантираман. Кейин ишим хамирдан қил суғургандай осон кўчаверади.
Ойдин кулди:
– Оббо, муғомбир-эй! Сичқон овлагани бораман, дегин.
– Йўқ!
У шундай қаҳ-қаҳ отиб кулдики, қўшни столда ўтирганлар уларга ажабланиб қарашди...

(Давоми бор)
  • 👍 10
  • 🔥 1
  • 🕊 1
Post #2334 79
ДАНТЕНИНГ ЮБИЛЕЙИ
(Давоми)

Ра’но:
– Элдор, нега хафа бўляпсан? Суҳбатимиз эсингдами, беш-олти йилгача уйланмайман, дегандинг. Ўз режаларинг бор – Москвага борасан, ўқийсан, кинода ўйнайсан. Ким билади, ундан кейин яна нималарни кўнглинг тусаб қолади! Унгача, албатта, мени унутиб юборасан. Олти йил ичида нималар бўлишини ким билади? Менга эса яхши жойдан совчилар келди. Йигитни ҳам танийман. Ёмон одаммас. Кеча мен...
Элдор давомини эшитмади. Трубкани қўйиб, хонадан чиқиб кетди.

***
Сиёвуш билан Жаводни радиога, янги спектаклга таклиф қилишганди. Уларнинг овозини Элдор ёзиши керак эди. У студиянинг ёнидаги хонада – аппаратуранинг олдида эди. Сиёвуш билан Жавод эса студияда. Бу хонадан студиядаги одамлар кўриниб турар, аммо қалин ойналар овоз ўтказмас эди. Сиёвуш билан Жавод студияда ўтириб ўзаро аста, пичирлашиб гаплашарди. Улар бу хонада жуда кўп бўлишган, аммо ҳозир студиянинг кичик бир сирини унутишган эди. Гап шундаки, студиядаги микрофон ёниқ бўлса, ҳатто шивирлашиб гаплашилган гап ҳам қалин ойна ортидаги хонага юқори частотали овоз кучайтиргичлар орқали аниқ эшитилиб турарди. Студиядаги одам секин гапиряпман деб ўйлайди-ю, аслида овози қўшни хонада баланд янграётганини билмайди.
Cиёвуш билан Жавод театр, янги спектакл, премера хусусида суҳбатлашди. Элдор уларнинг олди-қочди гапларига э’тибор қилмай тасмаларни, жиҳозларни ёзишга тайёрларди. Кутилмаганда студияга эшитилаётган суҳбат Элдорнинг диққатини тортди.
Cиёвуш дерди:
– Йўғ-э?! Рост айтяпсанми? Наҳотки у Кабирлинскийнинг ўғли бўлса?
– Нима, билмасмидинг.
– Йўқ, қаердан билай?.. Бу менинг талабам...
– Энди билиб қўй бўлмаса. Яқинда унинг олдида Кабирлинскийни ҳақорат қилибсан. Чол сендан қаттиқ ранжиб юрипти.
Улар кулишди.
– Кабирлинский бошқа одам, – деди Сиёвуш.
– Қайси куни мени тўхтатиб, илтимос қилди: “Сиёвушга айтиб қўй, мени кўп хафа қилавермасин”, дейди. Яхши эсимга тушди, ҳамиша айтаман дейман-у, сени кўрганимда ёдимдан кўтарилиб қолади. Кабирлинский унвондан умидвор. “Яқинда олтмишга кираман, Сиёвушга тайинласанг, мени бирон-бир унвонга тақдим этса”, дейди.
– Тепакал, соч чиқариш йўлини билса – аввал ўзининг бошини сийларди, демадингми.
Кулишди.
– Шунақа дедим. Шундай китлар, титанлар борки, ҳеч қанақа унвон йўқ, сен бўлсанг... Туя ҳаммомни ҳавас қилган экан, дедим... Кулги, ҳазил, ҳазилу, Сиёвуш, бир томондан бечорага одамнинг раҳми келади. Кекса одам... Балки ўзаро тўпланиб, кичкинагина бўлса ҳам унинг юбелейини нишонлармиз-а, нима дединг? Фахрий ёрлиқ топширамиз, пул йиғиб бирон нима совға қиламиз. Вассалом.
– Қилса бўлади, қийин эмас, – рози бўлди Сиёвуш. – Аммо биласанки, иштаҳа овқатни кўрганда очилади. Ёрлиқ берсанг, энди маошимни ошир, бош ролни бер, дейди.
– Йўқ, Кабирлинский унақалардан эмас. Беозор, мўмин-қобил одам. Сурбетлик қилмайди: ўз ўрни, мавқеини билади. Аммо у нимага ҳаракат қилаётганини тушундингми?.. Театрда кичкинагина юбилейини ўтказишимизни истайди, бечора. Ёру биродарлари, қариндош-уруғларини чақириб, хумордан чиқишни, лаззат олишни орзу қилади.

(Давоми бор)
  • 👍 9
  • 🔥 1
  • 🕊 1
Post #2333 80
ДАНТЕНИНГ ЮБИЛЕЙИ
(Давоми)

– Сиз?.. Кабирлинский?.. – Тезда ўзини қўлга олиб қуруққина деди: – Ажаб, мен сизни гримсиз танимабман. Танишганимиздан хурсандман. Аммо ўз фикримда қоламан.
– Мен қирқ йиллик актёрман.
– Нима қилай? Стаж билан исте’дод бошқа-бошқа нарсалар-ку. Мен очиқ, тўғри гапиришни яхши кўраман. Менимча, сиз актёр эмассиз.
Кабирлинский ёшгина йигитнинг кўкрак чўнтагидан бурчаги чиқиб турган рўмолчасининг ялтироқ кўк чизиқларига термулди.
– Ўғлим, – деди, – сен ёшсан, исте’додлисан, ақлли-саводлисан. Бутун ҳаётинг ҳали олдинда. Ёнингда Худога шукр, тоғдай суянчиқ – отанг бор.
Танқидчининг юзига қизиллик югурди. Файзулла оҳиста давом этди.
– Аммо мен олтмишга кирдим. Оилам, бола-чақам бор, бошқа бирон-бир ҳунарим йўқ. Бўлсайди – кетардим. Этикдўзми, сартарошми, нима бўлсаям ишлардим. Лекин нима қилайин? Ёмонми-яхшими, ишқилиб, актёрман. Борди-ю, бугун мени театрдан бўшатишса – эртага очимдан ўламан-ку.
Суҳбат ёш танқидчига та’сир қилгани сезилиб турарди.
– Мен бунақа кескин қўймадим-ку масалани... Эҳтимол, сиз бошқа ролларни яхшироқ... Лекин бугунги ролингиз, менимча, муваффақиятсиз чиққан. Мен ўзимнинг шахсий фикрларимни айтдим.
– Катта раҳмат, ўғлим, Худо ўзи бахт ато қилсин сенга! Менга сенинг камтарлигинг, тўғрисўзлигинг ёқди. Лекин, гапнинг очиғи, менинг нима гуноҳим бор...
Ёш танқидчи унинг сўзини бўлди:
– Кечирасиз, кўчада ўртоқларим кутиб қолди. Хайр.
Кабирлинский фойедаги узун ойнага яқин бориб, ўзини ўзи узоқ томоша қилди.

***
Элдор радио уйида зинадан чиқиб бораркан, Ойдинни учратди.
– Эшитдингми? – деб сўради Ойдин. – Ра’но турмушга чиқяпти.
Элдорнинг ранги ўзгарди.
– Алдама...
– Билмадим. Менга шунақа дейишди. Бугун совчилар келармиш уйига.
Элдор миқ этмади. Ойдин билан хайрлашиб, иккинчи қаватга чиқди. Бўш хоналардан бирига кирди-да, эшикни ичидан қулфлади. Сигарет олиб тутатди. Унинг қўллари титрарди. Бир-икки босиб-босиб тортди. Кейин телефон трубкасини олиб, рақам тера бошлади. Қисқа-қисқа овозни эшитиб гўшакни қўйди. Шу заҳоти яна гўшакни кўтариб, яна рақамларни терди. Яна қўйди, яна кўтарди. Тўртинчи ёки бешинчи марта қўнғироқ қилганида жавоб келди:
– Алло.
– Лаббай.
– Салом, бу менман.
– Танидим.
– Ра’но бир гап эшитдим.
– Ра’но хотиржам, ҳатто бир қадар лоқайдлик билан жавоб берди:
– Нимаки эшитган бўлсанг, ҳаммаси тўғри. Бугун кечқурун совчилар келади.
Элдор деразадаги ҳалқани, ойнанинг ёриғию дераза ташқарисидаги шаҳар манзарасини, уйларни, тутун ва кемаларни биринчи марта кўраётгандай эди. Ҳовлида кимдир “Москвич” моторини ўт олдиролмас, қайта-қайта уннар, ҳеч натижа чиқмагач, уни орқага ва олдинга судрарди. Телефон дастагидан ҳеч қандай сас эшитилмасди. Элдор қўлидаги қалам билан столда ётган қоғозга ёзарди: “Элдор, Элдор, Элдор, Элдор Алескеров. Алескеров. Элдор, Элдор, Элдор”.

(Давоми бор)
  • 👍 10
  • 🔥 1
  • 🕊 1
Post #2332 85
Ассалому алайкум, қадрли акалар, опалар, сингиллар, укалар. Қимматли вақтингизни аямай, каналимизда берилаётган "Дантенинг юбилейи" қиссасини ўқиб бораётганингиздан хурсандмиз. Якунига жуда оз қолди. Насиб этса, бугун-эрта сўнгги қисмларини берамиз.
Мутолаа қилиб, мароқли дам олинг.
  • 👍 11
  • 🔥 1
  • 🕊 1
Post #2331 102
ДАНТЕНИНГ ЮБИЛЕЙИ
(Давоми)

– Аммо, бу сўзларни у шунақа оҳангда, шунақа товуш ва манерада айтдики, бу одам қаердан, қанақа қилиб саҳнага чиқиб қолди, деб таажжубда қоласан киши. Ва иккинчи савол: бу ва бунга ўхшаганлар қачон саҳнамизни тарк этади? Ҳа, ҳа, биродарлар, сизлардан сўраяпман: улар қачон саҳнани тарк этади? Хизматлари учун лойиқ бўлган қонуний дам олишга кетадими улар, йўқми?
“Қонуний дам олиш” сўзлари ўтирганларда кулги уйғотди. Танқидчи ҳам бироз жилмайиб, сўзида давом этди:
– Бу шунчаки гап эмас. Бугун шу масалада мен домла Сиёвуш билан гаплашдим. “Раҳмим келади. Ахир қанақа қилиб кет дейман”, дейди у. Сиёвуш домлага бир одамга раҳмингиз келади-ю, театрга, сан’атга, ниҳоят, томошабинларга раҳмингиз келмайдими? Биласизми, бунинг отини нима дейдилар? Майда гуманизм бу!
Сиёвуш ўрнидан ирғиб турди:
– Йириги қанақа бўлади?
– Ҳа, ҳа, майда гуманизм, – деди танқидчи.
– Ўзинг директор бўлсанг ҳайдайсан уларни, – яна луқма ташлади Сиёвуш.
Кимдир кулди.
Ёш танқидчи сал тутилиб қолди, аммо дарҳол ўзини қўлга олиб кескин деди:
– Йўқ, кўнгилчанлик кетмайди. Кўричакни кесиб ташлаб қутуладилар. Бошқа иложи йўқ.
Раислик қилувчи муҳокамани якунлади:
– Демак, спектаклни қабул қиламиз. Кўрсатилган камчиликларни ўртоқлар тузатишади, албатта.
Ҳамма чапак чалиб ўрнидан турди. Муҳокама иштирокчилари Сиёвушни, рассомни, Жаводни табрикладилар.
Аликром Файзуллага:
– Кўрдингми? – деди. – Мана сенга келажак!
– Сигаретингни ол, – деди Кабирлинский.
– Сен чекмайсан-ку.
– Чекаман... ба’зан.
Улар фойега чиқдилар. Ёш танқидчи, Сиёвуш ва рассом нима хусусидадир баҳслашарди. Кабирлинский устунга суяниб, уларнинг суҳбатига қулоқ тутди. Сўзларини эшитмади, аммо баҳс жиддий эканини англади. Кабирлинский уларга қараб туриб ғайриихтиёрий завқ олди: учови ҳам ёш, келишган, замонавий кийинишган; учови ҳам исте’додли, ақлли, олий ма’лумотли, уларни олдинда катта ҳаёт, шон-шуҳрат кутмоқда. Рассом нимадир деди, ҳаммаси қаҳ-қаҳ уриб кулди. Шу билан учовининг ҳам кайфияти кўтарилди, дили ёришди. Танқидчи улар билан хайрлашди, кимгадир қўл силкиди, кимгадир жилмайди, аллаким билан саломлашди ва шахдам одимлар билан зинадан тез-тез тушиб кетди.
Кутилмаганда Кабирлинский унинг орқасидан жадал юрди. Пастдаги фойеда унга етиб олди.
– Ассалому алайкум, – деди. – Кечирасиз, биз таниш эмасмиз, аммо сизнинг сўзларингиз менга ма’қул бўлди. Табриклайман...
Ёш танқидчи ўгирилиб қаради:
– Раҳмат сизга, соғ бўлинг, – деди-ю, бурилиб кетмоқчи бўлди.
Файзулла уни тўхтатди:
– Кечирасиз, сизга айтадиган бир-икки оғиз гапим бор эди.
– Эшитаман.
– Сизнингча, Кабирлинскийни театрдан ҳайдаш лозим...
– Шундай. Ё фикрим нотўғрими?
– Унда нима бўлади?
– Нима, нима бўлади? Ёки Кабирлинскийнинг ижроси ёқдими?
– Кабирлинский бу – менман.
Ёш танқидчи сесканиб кетди.

(Давоми бор)
  • 👍 8
  • ❤ 2
  • 🔥 2
  • 🕊 1
Post #2330 95
ДАНТЕНИНГ ЮБИЛЕЙИ
(Давоми)

– Гапингга қўшилмайман, театрга нима етсин! Телевизорга фақат сен қарайсан, театрда эса... сенга ҳам қарашади... – у Ҳожарга қараб кўзини қисиб жилмайди. – Билдингми, сенга ҳам қарашади... Шундай эмасми, жонгинам? Чиройли кўйлагингни кийиб, зирак, узук ва яна нимаки тақинчоқларинг бўлса тақиб, безаниб борасан у ерга. Яна кўнглингга бошқа фикр келмасин, мен билет сўрамоқчи эмасман. Агар билет керак бўлса жиянимга айтаман, ернинг остидан бўлсаям топиб келади. Шунчаки, гап келиб қолгани учун айтдим-қўйдим-да... Бозорга бормоқчийдим. Сенга ҳам бирон нима керак бўлса айт олиб келай. Кеча ғилвирак ёнғоқдан беш кило олдим. Байрам арафасида тополмайсан унақасини. Керак бўлса, тортинмай айтавер, олиб келаман.
– Йўқ, йўқ, раҳмат. Эрталаб ўзим тушиб чиқдим бозорга.

***
Спектаклнинг муҳокамаси жуда яхши ўтди. Сўзга чиққанларнинг аксарияти спектаклни мақтадилар, унга юксак баҳо бердилар. Айрим жуз’ий камчиликларни кўрсатиб ўтишди, холос.
Муҳокама охирлашиб қолганда кўзойнак таққан ёшгина бир йигит сўз олди. Файзулла уни биринчи марта кўрмоқда эди. Аликром Файзулланинг қулоғига шивирлади: у театр танқидчиси, Москвада ўқиган, яқинда битириб келган, қайсидир машҳур одамнинг ўғли, дейишади.
Кабирлинский ҳам шивирлади:
– Ёшгина-я! Очиғи, шунақа ёшларни кўрсам қалбим нурланиб кетади. Қара, қандай яхши гапиряпти! Булбулигўё дейсан!.. Халқимизнинг келажаги шу ёшлар-да!
Ёш танқидчи:
– ... Мен бир масалага диққатни жалб қилмоқчи эдим. Бу – кексалар масаласи. – У бироз сукут сақлади. Залда ўтирганлар қимирлашиб, ўзаро пичирлашиб қолдилар: “Нима?.. Нима деди у? Кимларни назарда тутяпти?”
Нотиқ залда шов-шув тинишини кутиб турди. Атайлаб сукутни чўзди, ҳамманинг диққатини ўзига қаратгач, сўзида давом этди:
– Ҳа, ҳа, мен кексалар ҳақида бир-икки оғиз гапирмоқчиман. Тараққиётимиз йўлида тўғаноқ бўлаётган, олдинга силжишимизга халақит бераётганларни назарда тутяпман. Ма’зур тутинглар мени, бироз қўполроқ қилиб гапираман, аммо биз эртами-кечми бу масалани ҳал қилишимиз зарур. – У графиндан стаканга сув қуйиб, бир-икки ҳўплади-да, вазминлик билан сўзида давом этди. – Биз айрим одамларга ғамхўрлик қиламиз, аммо саҳнамиз ҳақида қайғурмаймиз. Айрим қарияларимизни, – у “қариялар” сўзини очиқдан-очиқ киноя билан айтди, – ҳа, ҳа, айрим қарияларимизни ҳурмат қиламиз, бироқ ўз ишимизга, касбимизга ҳурмат билан ёндашмаймиз.
У бироз сукут сақлади-да, тингловчилар диққатини ўзига қаттиқроқ тортди. Ўтирганлар орасида сабрсизлик, ҳаяжон ва қизиқиш зўрайди: “У кимга ша’ма қиляпти? Қизиқ: назарда тутаётганларнинг аниқ исм-шарифини айтадими-йўқми? Ёки умумий гаплармикин?” Бордию, муайян одамларни тилга олмай, умумий қилиб гапирса, у ҳолда ҳамма унинг фикрига қўшилади, қарсаклар билан олқишлайди.
Ёш танқидчи яна давом этди:
– Масалан, бугунги спектаклни олайлик. Замонавий дид билан қўйилган. Брехт театри та’сирининг самаралари аниқ кўриниб турибди. Режиссёр билан россомнинг меҳнати ҳар томонлама таҳсинга лойиқ. Жавод Жабборов эсда қоладиган образ яратган. Аммо бир бўлмағур актёр ўзининг қўпол, бема’ни, ҳиссиз ижроси билан ансамблни бузган, бу эса барча яхши таассуротларни чилпарчин қилади... Мен... хўш... – қўлидаги қоғозга кўз югуртирди, – Кабирлинскийни назарда тутяпман. Янглишмасам, Сиёвуш домла, у спектаклда бор-йўғи учта сўзни айтади. Шундайми?
Сиёвуш ҳорғинлик билан:
– Шундай, – деди...

(Давоми бор)
  • 👍 9
  • 🔥 2
  • 🕊 2
Older posts →

About this channel

How can I read @eshmonmalla without a Telegram account?
TGViewer shows the public web preview Telegram publishes for Eshmon Malla: recent posts, photos, videos and the subscriber count, with no app, login or account.
How many subscribers does Eshmon Malla have?
Eshmon Malla (@eshmonmalla) has 389 subscribers on Telegram, refreshed roughly every 30 minutes.
Does Eshmon Malla know I viewed it here?
No. Public channel previews carry no viewer identity, and TGViewer has no accounts or tracking of what you look up.
Threads Profile ViewerView any public Threads profile without an account.Open ThreadLook →Writing with AI? Make it sound human.Metric37 rewrites AI drafts so they read naturally. Free AI detector, 1,500 words free.Try Metric37 →