ДАНТЕНИНГ ЮБИЛЕЙИ
(Давоми)
– Гапингга қўшилмайман, театрга нима етсин! Телевизорга фақат сен қарайсан, театрда эса... сенга ҳам қарашади... – у Ҳожарга қараб кўзини қисиб жилмайди. – Билдингми, сенга ҳам қарашади... Шундай эмасми, жонгинам? Чиройли кўйлагингни кийиб, зирак, узук ва яна нимаки тақинчоқларинг бўлса тақиб, безаниб борасан у ерга. Яна кўнглингга бошқа фикр келмасин, мен билет сўрамоқчи эмасман. Агар билет керак бўлса жиянимга айтаман, ернинг остидан бўлсаям топиб келади. Шунчаки, гап келиб қолгани учун айтдим-қўйдим-да... Бозорга бормоқчийдим. Сенга ҳам бирон нима керак бўлса айт олиб келай. Кеча ғилвирак ёнғоқдан беш кило олдим. Байрам арафасида тополмайсан унақасини. Керак бўлса, тортинмай айтавер, олиб келаман.
– Йўқ, йўқ, раҳмат. Эрталаб ўзим тушиб чиқдим бозорга.
***
Спектаклнинг муҳокамаси жуда яхши ўтди. Сўзга чиққанларнинг аксарияти спектаклни мақтадилар, унга юксак баҳо бердилар. Айрим жуз’ий камчиликларни кўрсатиб ўтишди, холос.
Муҳокама охирлашиб қолганда кўзойнак таққан ёшгина бир йигит сўз олди. Файзулла уни биринчи марта кўрмоқда эди. Аликром Файзулланинг қулоғига шивирлади: у театр танқидчиси, Москвада ўқиган, яқинда битириб келган, қайсидир машҳур одамнинг ўғли, дейишади.
Кабирлинский ҳам шивирлади:
– Ёшгина-я! Очиғи, шунақа ёшларни кўрсам қалбим нурланиб кетади. Қара, қандай яхши гапиряпти! Булбулигўё дейсан!.. Халқимизнинг келажаги шу ёшлар-да!
Ёш танқидчи:
– ... Мен бир масалага диққатни жалб қилмоқчи эдим. Бу – кексалар масаласи. – У бироз сукут сақлади. Залда ўтирганлар қимирлашиб, ўзаро пичирлашиб қолдилар: “Нима?.. Нима деди у? Кимларни назарда тутяпти?”
Нотиқ залда шов-шув тинишини кутиб турди. Атайлаб сукутни чўзди, ҳамманинг диққатини ўзига қаратгач, сўзида давом этди:
– Ҳа, ҳа, мен кексалар ҳақида бир-икки оғиз гапирмоқчиман. Тараққиётимиз йўлида тўғаноқ бўлаётган, олдинга силжишимизга халақит бераётганларни назарда тутяпман. Ма’зур тутинглар мени, бироз қўполроқ қилиб гапираман, аммо биз эртами-кечми бу масалани ҳал қилишимиз зарур. – У графиндан стаканга сув қуйиб, бир-икки ҳўплади-да, вазминлик билан сўзида давом этди. – Биз айрим одамларга ғамхўрлик қиламиз, аммо саҳнамиз ҳақида қайғурмаймиз. Айрим қарияларимизни, – у “қариялар” сўзини очиқдан-очиқ киноя билан айтди, – ҳа, ҳа, айрим қарияларимизни ҳурмат қиламиз, бироқ ўз ишимизга, касбимизга ҳурмат билан ёндашмаймиз.
У бироз сукут сақлади-да, тингловчилар диққатини ўзига қаттиқроқ тортди. Ўтирганлар орасида сабрсизлик, ҳаяжон ва қизиқиш зўрайди: “У кимга ша’ма қиляпти? Қизиқ: назарда тутаётганларнинг аниқ исм-шарифини айтадими-йўқми? Ёки умумий гаплармикин?” Бордию, муайян одамларни тилга олмай, умумий қилиб гапирса, у ҳолда ҳамма унинг фикрига қўшилади, қарсаклар билан олқишлайди.
Ёш танқидчи яна давом этди:
– Масалан, бугунги спектаклни олайлик. Замонавий дид билан қўйилган. Брехт театри та’сирининг самаралари аниқ кўриниб турибди. Режиссёр билан россомнинг меҳнати ҳар томонлама таҳсинга лойиқ. Жавод Жабборов эсда қоладиган образ яратган. Аммо бир бўлмағур актёр ўзининг қўпол, бема’ни, ҳиссиз ижроси билан ансамблни бузган, бу эса барча яхши таассуротларни чилпарчин қилади... Мен... хўш... – қўлидаги қоғозга кўз югуртирди, – Кабирлинскийни назарда тутяпман. Янглишмасам, Сиёвуш домла, у спектаклда бор-йўғи учта сўзни айтади. Шундайми?
Сиёвуш ҳорғинлик билан:
– Шундай, – деди...
(Давоми бор)
Post #2330
98
- 👍 9
- 🔥 2
- 🕊 2