ДАНТЕНИНГ ЮБИЛЕЙИ
(Давоми)
Файзулла қўлларини ёйиб деди:
– Ҳожар, билет олиш жудаям қийин.
– Жуда яхши!.. – асабийлашиб орқасини ўгириб олди хотини. – Ҳатто ўзи ишлайдиган театрга билет олиб келолмайди-я! Оллоҳ таоло сизни нима учун яратган ўзи, билмайман! Тавба!..
– Бўлди, бўлди, яна бошлама дийдиёнгни. Анахонимга ва’да берма. Элдор бормасакан, ўзингга битта билет амалларман.
Файзулла зинадан пастга тушар экан, Ҳожарнинг овози қулоғига чалинди. – Билет олиб келманг-чи, кўрасиз мендан! Эшитдингизми?
***
Кассир бошини сарак-сарак қилди.
– Йўқ, йўқ. Ҳеч иложи йўқ, бир донаям билет қолмади.
– Ахир мен шу театрда ишлайман-ку.
– Театрда икки юз етмиш киши ишлайди. Нима қилай?
– Файзулла бошлиқнинг олдига кирди.
– Бўлса жоним билан берардим, Файзулла. Худо ҳаққи биронтаям қолмади. Ҳатто эртага, индинга ҳам билет йўқ. Кейинги кунларнинг бирига бўлса майли – нечта хоҳласанг тўғрилаб берай.
Файзулланинг ҳафсаласи пир бўлди. Сиёвушнинг олдига боргиси келмади. Аммо бошқа чора йўқ эди.
Сиёвушнинг хонасига кетма-кет одам кириб чиқарди.
– Нега энди келолмас экан?! – кимгадир қичқирди Сиёвуш. – Ўлиб қолсаям, келсин! Эртага спектакл-у, бу бўлса ҳунар кўрсатади.
Кимдир деди:
– Бугун эрталаб унинг қайнонаси қазо қипти.
– Менга деса, бутун уруғ-аймоғи қирилиб кетмайдими, нима ишим бор. Эртага спектаклга келиши шарт! Шу тўполонда унинг ролини кимга бераман?!
Телефон жиринглади, Сиёвуш гўшакни кўтарди.
– Йўқ, – деди у. – Эртага оқшом, индинга эса кундузи ва кечқурун. Ундан кейин бошқа спектакл. Ҳа.
У гўшакни жойига қўйди. Эшик олдида турган йигитга юзланди:
– Аслон, дастурга Салимовнинг ўрнига Ҳожиевни ёзиб қўй. Собир, сен бориб айт, эртага спектаклда стол устига қора телефонни эмас, оқ телефонни қўйишсин.
Яна телефон жиринглади. Сиёвуш гўшакни олди:
– Лаббай, ҳа, ҳа. Менман, ҳа, марҳамат... Ваалайкум ассалом. Кечирасиз, ҳозир ҳеч имкониятимиз йўқ. Душанба куни қўнғироқ қилинг.
У гўшакни қўйиши билан телефон яна жиринглади.
– Ҳа, ҳа, яхши... Йўқ, эртага иложи йўқ. Ишонинг, биронта ҳам билет қолмади. Биламан, жуда яхши. Газетангизга ҳурматим жуда баланд, аммо эртанги спектаклга мутлақо имконият йўқ. Индинга бўлса, марҳамат, бажонидил.
– Аслон, Шарифахонимга айт, менга қарасин! – Шу маҳал бир чеккада турган Файзуллага кўзи тушди ва: – Кабирлинский, менда ишинг борми? – деб сўради.
Файзулла бир қадам олдинга силжиб, деди:
– Сиёвуш домла, бир илтимос билан келувдим... Очиғи, ўзим ҳам хижолат бўлиб...
– Кабирлинский, кўп чўзма, илтимос. Гапир, нима керак?
– Битта билет керак эди... эртага...
Сиёвуш унинг сўзини кескин бўлди:
– Билет йўқлигини кўриб турибсан-ку!
– Нима?
– Айтдим-ку, йўқ деб. Мен билет тарқатмайман. Бу масалада олдимга бекор келибсан. – Яна телефон жиринглади. – Лаббай... Ҳа, менман... бораман. – Трубкани қўйди. – Сенсиз ҳам, Кабирлинский, бошим айланиб ётибди. – Шундай деб Сиёвуш шоша-пиша хонадан чиқиб кетди.
Файзулла бир-бир босиб зинадан пастга тушди-да, театрдан чиқиб радиостудияга келди. Хотинига нима дейди энди? Қайси юз билан кириб боради уйига?
(Давоми бор)
Post #2337
74
- 👍 8
- 🔥 2
- 🕊 1