TGViewer
Eshmon Malla Eshmon Malla @eshmonmalla · 388 subscribers
Post #2335 80
ДАНТЕНИНГ ЮБИЛЕЙИ
(Давоми)

– Ма’қул! Афишани қуйидагича ёзамиз. “Файзулла Кабирлинскийнинг юбилей кечаси!” “Ҳамлет”, “Отелло”, “Ўт келини” спектаклларидан парчалар. Фортенбраснинг учинчи аскари – Кабирлинский! Отеллонинг тўртинчи кузатувчиси – Кабирлинский! Бешинчи араб – Кабирлинский!..”
– Сен куласан-да, Сиёвуш, агар ростанам шунақа афиша чиқарсак, одам ёғилиб кетади. Кабирлинскийни ким билиб ўтирипти. Аммо у шўрликнинг исми шарифи жарангдор – Файзулла Кабирлинский! Одамлар қанақадир машҳур артист кепти-да, деб ўйлайди.
– Рост айтасан, Жавод. Кабирлинский, Араблинский... Жарангдор! – У ойнага қаради. – Бу Кабирлинскийнинг ўғли нега мунча чўзади? Тезроқ ёзса бўлмайдими? Театрга боришимиз керак-ку, ахир!
Элдор деворга суяниб турарди. Унинг ранги оқариб, лаблари кўкариб кетганди. Ойна ортидан Жавод имо-ишора қилаётганини кўрди-да, шиддат билан хонадан чиқиб кетди. Эшикда Мажидга тўқнаш келди. Мажид уни кўриб иршайди. Устки лаблари кўтарилиб, тилла тишлари кўринди. Сариқ сочлари тўзғиб ётарди.
– Салом, Кабирлинский, – деди у. Шу заҳотиёқ Элдор унинг ёқасидан олди.
Нарироқда келаётган Ойдин Элдорга ташланиб, уни бир чеккага тортди.
Кечқурун Элдор билан Ойдин қаҳвахонада ўтиришарди. Столда балиқ кабоб, кўкатлар, ароқ шишаси. Улар ароқни ичиб тугатишгач, яна сўрашди.
Созандалар шўх куй чалишар, раққосалар хиром айларди. Улар орасида бир йигит билан бир қиз алоҳида кўзга ташланиб турарди. Улар гўё чарчаш нималигини билмас, ғоят берилиб, жон-жаҳди билан ўйнардилар. Бир-бирининг белидан қучмасдан, алоҳида-алоҳида рақсга тушишарди. Уларни фақат кўз қарашларигина бирлаштириб турарди, холос.
Элдор ароқ ичиб, кайфияти кўтарилди. Ҳозир гўё бошқа одам эди. Бояги бадқовоқ, тунд йигит эмасди. У тинмай гапирарди:
– Ойдин, мени ўша қурумсоқ Мажиддан қўрқади, деб ўйлайсанми? Истасам уни бурда-бурда қилиб ташлайман. Аммо... Бундай қилмайман. Чунки у дарров бошлиқларга арз қилади. Кейин мени ишдан бўшатишади. Мен эса бу ишдан кетгим йўқ. Билдингми, Ойдин? Мен яна икки йил ишлашим керак. Икки йилдан кейин эса...
Ойдин қизиқсинди:
– Икки йилдан кейин нима бўлади?
Элдор бошини кўтариб, узоқ-узоқларга ўйчан тикилди, унинг қарашларида, чеҳрасида қандайдир ширин орзулар ифодаси мужассам эди. Сигаретни чуқур тортиб, тутунини ҳавога ҳалқа-ҳалқа қилиб чиқарди.
– Икки йилдан кейин? Икки йилдан кейин дипломни олиб Москвага кетаман, олий режиссёрлик курсига бораман.
– Кира оласанми?
– Нега киролмас эканман? Чўнтагимда диплом бўлади... Тушундингми? Диплом! Ундан ташқари – пул... Билдингми, пул!
– Москвада пул билан иш битириб бўлмайди. Бизда фақат пул билан кирилади ўқишга.
– Шошилма. Мен сўраб билдим. У ёқда ҳам ҳамма нарсани пул ҳал қиларкан. Қисқаси, бизда нақд берилади, у ёқда эса совға-салом дегандай... Хуллас, йўли бор. Керакли одамларни яхшилаб меҳмон қилсанг – олам гулистон. Қабул комиссиясида ҳам ёш қизлар, жувонлар ўтиришади бўяниб, бир-иккитасининг бошини айлантираман. Кейин ишим хамирдан қил суғургандай осон кўчаверади.
Ойдин кулди:
– Оббо, муғомбир-эй! Сичқон овлагани бораман, дегин.
– Йўқ!
У шундай қаҳ-қаҳ отиб кулдики, қўшни столда ўтирганлар уларга ажабланиб қарашди...

(Давоми бор)
  • 👍 10
  • 🔥 1
  • 🕊 1
More from @eshmonmalla
  1. Sep 27, 2026Асил кўмчу сўзларим ЭСКИ ЎЗБЕКЧА – ҲОЗИРГИ ЎЗБЕКЧА СЎЗЛИК Мунг – ақл тиши Тангрикон – тақв…
  2. Sep 26, 2026Журналист учун газетада мақоласи чиқиши жуда катта байрам. Агар у ижодкорларнинг, адабиёт…
  3. Sep 24, 2026Post #2346
  4. Sep 24, 2026Post #2345
  5. Sep 24, 2026Post #2344
  6. Sep 24, 2026Post #2343
Threads Profile ViewerView any public Threads profile without an account.Open ThreadLook →Writing with AI? Make it sound human.Metric37 rewrites AI drafts so they read naturally. Free AI detector, 1,500 words free.Try Metric37 →