TGViewer
Eshmon Malla Eshmon Malla @eshmonmalla · 389 subscribers
Post #2331 103
ДАНТЕНИНГ ЮБИЛЕЙИ
(Давоми)

– Аммо, бу сўзларни у шунақа оҳангда, шунақа товуш ва манерада айтдики, бу одам қаердан, қанақа қилиб саҳнага чиқиб қолди, деб таажжубда қоласан киши. Ва иккинчи савол: бу ва бунга ўхшаганлар қачон саҳнамизни тарк этади? Ҳа, ҳа, биродарлар, сизлардан сўраяпман: улар қачон саҳнани тарк этади? Хизматлари учун лойиқ бўлган қонуний дам олишга кетадими улар, йўқми?
“Қонуний дам олиш” сўзлари ўтирганларда кулги уйғотди. Танқидчи ҳам бироз жилмайиб, сўзида давом этди:
– Бу шунчаки гап эмас. Бугун шу масалада мен домла Сиёвуш билан гаплашдим. “Раҳмим келади. Ахир қанақа қилиб кет дейман”, дейди у. Сиёвуш домлага бир одамга раҳмингиз келади-ю, театрга, сан’атга, ниҳоят, томошабинларга раҳмингиз келмайдими? Биласизми, бунинг отини нима дейдилар? Майда гуманизм бу!
Сиёвуш ўрнидан ирғиб турди:
– Йириги қанақа бўлади?
– Ҳа, ҳа, майда гуманизм, – деди танқидчи.
– Ўзинг директор бўлсанг ҳайдайсан уларни, – яна луқма ташлади Сиёвуш.
Кимдир кулди.
Ёш танқидчи сал тутилиб қолди, аммо дарҳол ўзини қўлга олиб кескин деди:
– Йўқ, кўнгилчанлик кетмайди. Кўричакни кесиб ташлаб қутуладилар. Бошқа иложи йўқ.
Раислик қилувчи муҳокамани якунлади:
– Демак, спектаклни қабул қиламиз. Кўрсатилган камчиликларни ўртоқлар тузатишади, албатта.
Ҳамма чапак чалиб ўрнидан турди. Муҳокама иштирокчилари Сиёвушни, рассомни, Жаводни табрикладилар.
Аликром Файзуллага:
– Кўрдингми? – деди. – Мана сенга келажак!
– Сигаретингни ол, – деди Кабирлинский.
– Сен чекмайсан-ку.
– Чекаман... ба’зан.
Улар фойега чиқдилар. Ёш танқидчи, Сиёвуш ва рассом нима хусусидадир баҳслашарди. Кабирлинский устунга суяниб, уларнинг суҳбатига қулоқ тутди. Сўзларини эшитмади, аммо баҳс жиддий эканини англади. Кабирлинский уларга қараб туриб ғайриихтиёрий завқ олди: учови ҳам ёш, келишган, замонавий кийинишган; учови ҳам исте’додли, ақлли, олий ма’лумотли, уларни олдинда катта ҳаёт, шон-шуҳрат кутмоқда. Рассом нимадир деди, ҳаммаси қаҳ-қаҳ уриб кулди. Шу билан учовининг ҳам кайфияти кўтарилди, дили ёришди. Танқидчи улар билан хайрлашди, кимгадир қўл силкиди, кимгадир жилмайди, аллаким билан саломлашди ва шахдам одимлар билан зинадан тез-тез тушиб кетди.
Кутилмаганда Кабирлинский унинг орқасидан жадал юрди. Пастдаги фойеда унга етиб олди.
– Ассалому алайкум, – деди. – Кечирасиз, биз таниш эмасмиз, аммо сизнинг сўзларингиз менга ма’қул бўлди. Табриклайман...
Ёш танқидчи ўгирилиб қаради:
– Раҳмат сизга, соғ бўлинг, – деди-ю, бурилиб кетмоқчи бўлди.
Файзулла уни тўхтатди:
– Кечирасиз, сизга айтадиган бир-икки оғиз гапим бор эди.
– Эшитаман.
– Сизнингча, Кабирлинскийни театрдан ҳайдаш лозим...
– Шундай. Ё фикрим нотўғрими?
– Унда нима бўлади?
– Нима, нима бўлади? Ёки Кабирлинскийнинг ижроси ёқдими?
– Кабирлинский бу – менман.
Ёш танқидчи сесканиб кетди.

(Давоми бор)
  • 👍 8
  • ❤ 2
  • 🔥 2
  • 🕊 1
More from @eshmonmalla
  1. Sep 26, 2026Журналист учун газетада мақоласи чиқиши жуда катта байрам. Агар у ижодкорларнинг, адабиёт…
  2. Sep 24, 2026Post #2346
  3. Sep 24, 2026Post #2345
  4. Sep 24, 2026Post #2344
  5. Sep 24, 2026Post #2343
  6. Sep 24, 2026Post #2342
Threads Profile ViewerView any public Threads profile without an account.Open ThreadLook →Writing with AI? Make it sound human.Metric37 rewrites AI drafts so they read naturally. Free AI detector, 1,500 words free.Try Metric37 →