ДАНТЕНИНГ ЮБИЛЕЙИ
(Давоми)
– Сенга нима бўлди, Кабирлинский? Қовоғингдан қор ёғади. Бирон корҳол рўй бердими?
Файзулла Мажиднинг овозини таниб, бошини кўтарди.
– Йўқ, ҳеч нарса бўлгани йўқ, Мажид... Шунчаки ўйлаяпман...
– Нимани? Яхшиликми ишқилиб?
– Менга ўхшаган одамнинг бу дунёда яшамоғидан не ма’но бор?
– Нима гап ўзи?
– Бу дунёда олтмиш йил яшадим, ўйлаб кўрсам, бутун ҳаётим бир чақага қиммат экан. Нима учун яшаяпман? Бир пуллик қадр-қимматим йўқ. Бирон киши ҳурмат қилмайди. Эртага ўламан-кетаман... Ҳеч ким мени эсламайди ҳам. Бир-икки ойдан сўнг ҳатто отимни ҳам унутиб юборишади.
– Нима бўлди ўзи сенга? Шаштинг паст.
– Биласанми Мажид, ба’зан одам ёлғиз қолиб ўз ҳаёти ҳақида ўйлайди. Шундай пайтда бутун умрим кинолентадай кўз ўнгимдан ўтади. Англайманки, мен ҳаётимнинг бошидан янглишган эканман. Бутун умрим ҳавога учиб кетипти, энди эса кеч бўлди.
– Кабирлинский, нима бўлди ўзи сенга, гапирсанг-чи? Бу қанақа тушкун фалсафа? Эҳтимол, биров хафа қилгандир. Ё масхара қилдими? Ким ўзи у? Худо ҳаққи, у аблаҳ билан ўзим гаплашаман, сени хафа қилдириб қўймайман!
– Эҳ, Мажид, Мажид!.. Қирқ йилдан бери ишлайман театрда, аммо лоақал гардеробчи хотинчалик ҳурматим йўқ. Одам ўрнида кўришмайди, бирон киши сен бормисан-йўқмисан демайди. Битта билет нима бўпти, шуни ҳам раво кўришмади менга!
Улар коридорда боришарди. Рўпарадан Элдор чиқди, у Файзулла билан Мажидни кўриб, ўзини четга олди. Аммо Мажиднинг назаридан қочиб қутулолмади. Мажид кўзларини айёрона қисиб кинояли жилмайди.
– Кайфиятингни бузма, Кабирлинский, хафа бўлма, – деди-да ён томонга қайрилиб кетди.
Файзулла ўз ролини ёздириб бўлди-да, буфетга кириб бир стакан қатиқ олиб ичди. Ҳовлига чиққанда кимнингдир чақирганини эшитиб тўхтади. Иккинчи қаватнинг ойнасидан бошини чиқариб Мажид уни чақирарди.
– Кабирлинский, бу ёққа кел, илтимос.
Файзулла изига қайтди. Мажид уни зинада кутиб олди.
– Бояги сўзларинг мени қаттиқ ўйлантириб қўйди. Юрагимни эзиб юбординг, Кабирлинский, – деди у. – Маҳаллий комитетга кириб, улар билан гаплашдим. Сенга икки кишилик таклифнома олдим. Лекин театрга эмас, академияга. Биламан, эртага сен спектаклда бандсан. Шунинг учун бугунга олдим. Хотинингни ҳам олиб кел. Бугун у ерда катта тантана бўлади. Мана буни ўқи: “Дантенинг юбилейи”. Данте буюк италян шоири – бундан етти юз йил илгари ўтган. Қарагин, ҳатто, сенинг исми шарифингни ҳам ёзиб қўйишибди.
Файзулла таклифномани олиб ўқиди: “Ҳурматли Файзулла Кабирлинский!
Сизни буюк италян шоири Данте Алигери таваллудининг 700 йиллигига бағишланган тантанали кечага таклиф қиламиз.
Биринчи бўлим: Дантенинг ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз.
Иккинчи бўлим: катта концерт. Кеча соат 20.00 да бошланади”.
Мажид тинмай жаврар эди:
– Яхшироқ кийиниб кел, Файзулла. Албатта, келгин-а. Билиб қўй, у ерда ҳукумат а’золари бўлади.
Файзулланинг лаблари титради:
– Катта раҳмат сенга, ўғлим... Омон бўл... Раҳмат.
Бошқа бирор сўз деёлмади. Томоғига нимадир тиқилгандай бўлди. Файзулла уйнинг зиналаридан қушдай учиб чиқди. Лекин уйга кириши билан ўзини қўлга олиб босиқлик билан:
– Тезроқ кийин, хотин, – деди. – Бугун кечқурун Дантенинг юбилейига борамиз.
(Давоми бор)
Post #2338
84
- 👍 7
- 🔥 2
- 🕊 2