“Хонадон учун
кутубхона” тўплами рекламасига кўзингиз тушган бўлса керак. Унда уйида китоб бор болалар муваффақиятлироқ бўлади, тадқиқотлар буни исботлаган деган аргументни ишлатяпмиз.
Аслида, бу шунчаки қайсидир креатив маркетологимиз ўйлаб топган нарса эмас. Ҳақиқатдан ҳам, шу йўналишда 20 йил давомида олиб борилган тадқиқот бор. Бу аргумент ўша тадқиқотга асосланиб олинган.
Эванс/Келли тадқиқотиУйдаги китоблар сони боланинг келажагини башорат қиладими? Австралиялик социологлар Марк Эванс ва Жоанна Келли 27 та мамлакатда, 70 мингдан ортиқ одам устида йигирма йил давомида битта саволни текширишди: боланинг вояга етгач қанча ўқиши билан ота-онасининг таълими, даромади, касби ва уйдаги китоблар сони орасида қайси боғланиш кучлироқ?
Кутилган жавоб — ота-онанинг таълими.
Аслида чиққан натижа бошқа. Уйда кўпроқ китоб бўлган хонадонда ўсган бола, уйда деярли китоб бўлмаган хонадондаги боладан ўртача уч йилдан кўпроқ таълим олади. Бу улар мактабдан кейин олий таълимда давом этиши эвазига (бакалавр, магистратура, докторантура, касбий таълим ва ҳоказо). Таълими узоқроқ давом этганлар ўртача ҳисобда муваффақиятлироқ бўлишади.
Энг қизиғи — бу таъсир ота-онанинг ўзи ўқиган-ўқимаганидан, оиланинг даромадидан ва мамлакатдан деярли мустақил ишлайди. Тадқиқотчилар буни "scholarly culture" — китобли муҳит деб аташди.
Биз шу учун ҳам ҳар бир хонадонда китоб бурчаги бўлиши керак деб ҳисоблаймиз. Уйда телевизор ёки холодильник бўлиши қанчалик табиий бўлса, китоб бурчаги бўлиши ҳам шунчалик табиий бўлиши керак.
Эванс ва Келлининг "scholarly culture" ғояси қанчалик оддий туюлади, уни тушунтириш эса ундан ҳам оддий. Бола китобни ота-онаси мажбур қилгани учун олмайди. У китобни уйда шунчаки турганини кўрганидан кейин, бир куни зерикканда, ўзи олади. Китоб қўлга тушиши учун аввал кўз тушиши керак.
Бу ерда бир нозик жой бор ва уни очиқ айтиш керак: сотиб олинган китоб ўзи ишламайди. Ота-она ҳеч қачон китобга қўл урмаса, бола ҳам буни кўради. Тадқиқот "китоб сотиб олинг, қолгани ўзи бўлади" демайди — у "муҳитни ота-она яратади" дейди. Фарқи катта.
Лекин иккинчи томони ҳам бор. Кўп ота-оналар "мен ўзим ўқимайман, демак фарзандимга ҳам ўргата олмайман" деб ўйлайди ва бирор нарса қилишдан тўхтайди. Тадқиқот аниқ айтади: сизнинг диплом ва ўқиш одатингиз бу тенгламадаги ягона ўзгарувчи эмас. Уйда китоб бор-йўқлиги — сиз бугун ҳал қила оладиган ва деярли ҳеч нарса талаб қилмайдиган қисми.
Уйингизда ҳозир нечта китоб бор? Саноқли бўлса — бу ҳали кеч эмас деган маънони билдиради.
© Расмни тўпламни харид қилган мижоз сайтда
изоҳларда қолдирган