Мана бу постни 2023 йил 23 июль куни ёзган эканман:
Педофилия тармоқда энг кўп муҳокама қиладиган мавзулардан бирига айланди. Сергелида ёш қизчанинг ўлими, Адлия вазирлигининг собиқ ходимлари етимхонадаги қизларни зўрлаши, бироз олдин ёш йигитча қари амаки томонидан минетга мажбурланиши, кеча Наманганда 11 ёшли қизчанинг ўлдириб кетилиши каби хабарлар матбуотда тез-тез чиқади.
Уч кун олдин проституция ҳақида ёзган эдим ва фохишаликка қарши кураш дунё бўйлаб қанақа эканлиги ҳақида фикр билдирган эдик. Педофилия ҳам проституция каби афсуски дунёнинг ҳамма давлатида бор. АҚШда черковлардаги педофилия воқеаси ёки Ҳиндистонда олтита эркак ёш қизни зўрлаши бутун дунё бўйлаб кўпчиликни шокка туширган эди.
Бу жиддий муаммо ва унга қарши ашаддий курашибгина ҳолатларни камайтириш мумкин. Унга қарши мамлакатлар ҳар хил йўлларни танлайдилар, натижа берган баъзи бир йўлларни санаб ўтаман.
Тарғибот. Мавзуни кўпроқ кўтариш, муҳокама қилиш аҳолининг муаммога нисбатан диққатини жалб қилади. Тарғиботда педофилиянинг болага таъсири, унинг ёмонликларига алоҳида эътибор бериш керак. Олдинроқ бир мавзуни кўтарганимда, firuzallayev@gmail.com электрон почтамга ҳатто ўз қариндошлари ёки қўшнилари томонидан жинсий тажовузга учраган, болалигига муаммога дуч келган бир неча аёлларимиз ёзишган эди. Бу жиддий муаммо ва ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолмасдан, у ҳақида кўпроқ гапириш керак.
Таълим. Ахлоқий томондан ташқари, болаларга шахсий дахлсизлик, ўз хавфсизлигини таъминлашни ўргатиш долзарб ҳисобланади. Бола ўргатилса, хавфни ёки ўзига нисбатан ноахлоқий ҳаракатни сезса, нима қилишини билиши керак. Ўзимизда болаликда педофил қурбони бўлган кўпчилик ўша пайтда у нарса ёмонлигини билмаган ҳам. Шу учун болалар билан бу мавзуни муҳокама қилиш зарур деб ўйлайман. Ўзбекистонда мактабларда жинсий таълим зарурлигини бир неча йилдан бери айтиб келамиз. Мавзу нозик бўлгани учун ҳали-бери жорий қилинмаса керак. Ҳеч бўлмаса, ота-оналар вазиятни қўлга олиб, боласининг ҳимояси учун ҳам буни тушунтириши муҳимдир.
Қонунлар ва жазони кучайтириш. Жазо муқаррарлиги, унинг оғирлиги ҳам педофилларни тийиб турувчи механизм бўлади. Йилдан-йилга қонунчиликни янада кучайтиришимиз зарур. Педофил 2-3 йиллик жазо билан қутулиб қолса ва амалдор билан бўлган кейсдаги каби суд фақат жамоатчилик босими билангина ишласа, вазият яхшиланиши қийин бўлади. Жазо қатъий, оғир ва муқаррар бўлиши керак.
Соҳага боғлиқ кадрларни ўқитиш. Мактаб психологлари, ўқитувчилар, ИИВ ходимлари, маҳалла нозирлари, хуллас болалар билан ишлайдиган ҳар қандай ходимларни бу бўйича ўқитиш, бола педофил қурбонига айланганини қандай пайқашни ўргатиш керак. Шунда педофилия оилада бўлган ҳолатда, булар уни англаши ва бола ҳимоясига отланиши мумкин.
Қурбонларни қўллаб-қувватлаш. Педофилия билан боғлиқ муаммоларнинг очилмаслигининг асосий сабабларидан бири жамият муносабатидир. Воқеа жамиятда кенг муҳокама қилинади, педофил қурбонлари энди “ижтимоий қурбон”га ҳам айланишади, жамият томонидан ҳам дискриминацияга учрашади. Аксинча, бунақа ҳолатда жамият ҳам, давлат ҳам қурбонларни қўллаб-қувватлаши, улар вазиятдан чиқиб кетиши учун зарур молиявий, тиббий ва психологик ёрдамни бериши, жамият қурбонларга нисбатан ўзининг парадигмасини ўзгартириши зарур. Педофилияга учраганлар айбдор эмас, қурбон, буни ҳаммамиз ҳис қилишимиз керак.
Фуқаролик жамиятининг аҳамияти ошиши. Педофил амалдорлар кейсида фуқаролик жамияти муҳим роль ўйнади. Шунга ўхшаб, ҳар бир кейсда ижтимоий жамоатчилик жим турмаслиги, имкон борича аҳолига ҳам, ҳукуматга ҳам муаммонинг жиддийлигини етказиши долзарб ҳисобланади. Булар биринчи фактор, тарғиботда ҳам роль ўйнашади.
Воқеаларни ўқиб туриб, кўпчилик тушкунликка тушганлигига гувоҳ бўлдим. Бу муаммо дунёнинг ҳамма мамлакатида бор ва афсуски бўлади. Фақат унга қарши унумдорроқ курашаётган ва ёмон курашаётган мамлакатлар бор. Биз бўлса жамиятимиз келажаги учун ҳам муаммога қарши курашиш учун ҳамма чораларни қилишимиз ва имкони борича муаммонинг олдини олишимиз керак.
Post #7270
3.83K
- 👍 29
- ❤ 7