TGViewer
Channel Public Channel
Prof. Sherzod

Prof. Sherzod

@profsherzod

Оддий инглиз университетида дарс бераман. Олий таълим, саёҳат, адабиёт, Япония, Англия, университетлар, футбол ва ҳоказо мавзуларда кундалик ёзувлар. PhD (Cantab).
Subscribers
5.17K
Photos
394
Videos
35
Links
285
Recent Posts 15 shown
Post #783 1.53K
Болаларга цивилизацияга пойдевор бўлган мумтоз билимларни беришимиз муҳимлиги ҳақида

Ҳеч кимга сир эмас, охирги 15 йилда ёшларнинг билим олиши, дунёни қабул қилиши тубдан ўзгариб бормоқда. Икки фарзанд отаси сифатида бунга ўзим кундалик гувоҳ бўламан.

Ўз болаларимдан ташқари, албатта, талаба "болаларим" ҳам бор. Университетда мунтазам дарс бера бошлаганимга 10 йилдан ошди, хоҳлаган пайтда ўртача 100га яқин талабам бўлади. Ана шу йиллар ичида ёш авлодни кузатиб келаман.

Мени ташвишлантирадигани биргина сунъий интеллект (СИ) ҳам эмас, аслида. Балки янги контент ва бу контентни ҳар бир қизалоқ ва болакайнинг, ҳар бир ўспириннинг қўлига сонияда етказиб берадиган воситалар болаларнинг онгини батамом эгаллаб бораётганидадир.

Бунинг психологик ва бошқа оқибатлари ҳақида гапирмай турайлик (шахсан ўзим буларни яхши тушунмайман ҳам). Бу ўзгаришларнинг мен учун энг қўрқинчли томонларидан бири一бола оладиган билимларни юзаки қилиб қўяди. Бу эса пойдевор (фундаментал) билимларнинг аҳамиятини йўқотишига олиб келади.

Пойдевор билимлар нимага керак, дейсизми? Бир ақлий машқни амалга оширсак. Тасаввур қилинг, Ер юзида ҳаёт қайсидир офат сифатида деярли батамом йўқолиб кетди (Худо кўрсатмасин, аммо бу ақлий машқ). Бу эҳтимол унчалик ҳам узоқ эмас, аслида, ахир 6 йилгина олдин глобал пандемияни бошдан ўтказдик. Хуллас, нимадир сабаб билан инсониятнинг 99% йўқолиб кетса ва минг йиллар давомида йиғилган билимлар ҳам йўқолса, тирик қолган 1% инсон ҳозирги цивилизацияни тиклай олишига кўзингиз етадими?

Айтайлик, бутун билимлар йўқолиб кетмади, шунчаки электр токи Ер юзидан йўқолди. Аммо кутубхоналарда миллионлаб китоблар турибди. Билимларни фақат ясси ва ёруғ экрандан олиб ўрганган 1% одам улардан тўғри фойдаланиб, электр токи ишлаб чиқиш, самолётни осмонга учириш ёки мустаҳкам осмонўпар бинолар қуришни қайта ўргана оладими, сизнингча?

Адабиёт, опера, фалсафа, тарих ва ҳоказолар ҳақида-ку гапириб ҳам ўтирмайман. Ваҳоланки буларсиз инсонни инсон қиладиган цивилизацияни тасаввур қилиш қийин.

Ақлий машқимиз катастрофик сценарийни тақозо қилади, чунки бир маромда оқаётган ҳаётда бундай узоқ муддатли ўзгаришларни илғаш қийинроқ. Айниқса ҳамма ясси ва ёруғ экранлардан кўзини ололмайдиган бир замонда. Ҳеч қандай ҳалокат юз бермаса ҳам, яқин 100 йил ичида қоғоз китоб ўқийдиган, қаламда математик мисолларни еча оладиган ёки бинонинг планини чизадиган инсонлар сони кескин камайиб боради.

Ҳамма болалар опера тингласин, физика ё кимёни ўқисин ёки Афлотуннинг фалсафасини тушунсин, демайман, албатта. Аммо янги билим олиш ва маълумот ўзгартириш усуллари ва СИ болаларимизни пойдевор билим ва кўникмалардан йироқлаштириб, нўноқ ва юмшоқ мавжудотларга айлантириб қўйиши мумкин.

Шу сабабдан ҳам болаларга мумтоз ва пойдевор билимларни бериб боришимиз лозим, менимча.

#Мулоҳазалар #Таълим

@profsherzod
  • 👍 58
  • ❤ 5
  • ✍ 4
  • 🔥 2
  • 💯 1
Post #782 2.12K

Forwarded from Musofir Iqtisodchi

Iqtisodiyot bo‘yicha nufuzli PhD dasturlariga kirsh bo'yicha bepul vebinar.

IDEA tashkiloti Yale University va GAIN bilan birgalikda PhD arizalarini baholash jarayoniga bag‘ishlangan ikki qismli bepul vebinar o‘tkazar ekan. Muhokamani atoqli iqtisodchi professorlar olib borar ekan.

Muhokama mavzulari:

Tavsiyanoma, motivatsiya xati, baholar va GRE ballariga komissiya qanday qaraydi? RA, predoc va magistratura tajribasining ahamiyati. Xalqaro talabalar uchun grant va moliyalashtirish imkoniyatlari.

Jadval (Toshkent vaqti bilan):

AQSh dasturlari (Yale mezbonligida): 19-oktabr, 19:00–20:30 (
link)

Xalqaro dasturlar (GAIN mezbonligida): 21-oktabr, 18:30–20:00 (
link)

Qiziqqanlar ro‘yxatdan o‘tib, savol-javoblarda bevosita qatnashishi mumkin ekan!

@musofir_iqtisodchi
  • 👍 7
  • ❤ 4
Post #781 1.53K

Forwarded from Prof. Sherzod

Ўқитувчи бўлиш ниҳоятда машаққатли иш. Айни пайтда, ниҳоятда мароқли ҳам.

Талабалар билан юзма-юз бўлганда, соатлаб тик турадиган оёқлар, оғриб қоладиган бел, кун охирига бориб чиқмай қоладиган овоз ҳам эсдан чиқиб кетади. Чунки ўқитувчи нафақат билим берувчи, балки театрда саҳнага чиқадиган актёр ҳамдир.

Ҳудди ёш актёрни саҳнага илк чиққанида суст босганидек, мен ҳам биринчи дарсларимда ҳаяжонланганман. Бу Кембриж бакалаврлари мени тириклай ютади, деб тиззаларим қалтирагани эсимда. Шунда ўқитувчим—ўша пайтдаги илмий раҳбарим—"Булар қанчалик зўр талаба бўлмасин, сен булардан кўпроқ биласан" деган бир оғиз далда берган. Ҳали ҳамон эсимдан чиқмайди шу гаплари. Катта конференцияларда чиққанимда ҳам бир эслайман.

Йиллар давомида баланд овозда маъруза ўқиб, қулоғи яхши эшитмай қоладиган ўқитувчилар бор. Менинг овозим кучли, 200 кишилик аудиторияда микрофонсиз дарс ўта оламан, ўтганман. Аммо мен 200 кишилик аудиторияга семестрда 2-3 марта дарс ўтарман. Кундалик ўтганимда, микрофонсиз овозсиз қолиб кетардим.

Кун давомида ручка ушлаб ўтирганидан, ўртанча бармоғида ручка шаклидаги чуқурлик ҳосил бўлган ўқитувчиларни ўзим кўрганман. Мен ҳам ручкани яхши кўраман, аммо мен дарс ўтадиган пайтга келиб, деярли ҳамма нарсани клавиатурада қиламиз.

Ўқитувчилик азоб иш, аммо талаба кўзидаги учқунни кўриб, ҳаммасини эсдан чиқарамиз.

Байрамингиз билан, байрамимиз билан, азиз устозлар!

@profsherzod
  • ❤ 34
  • 👍 15
  • 🔥 10
  • 🎉 3
Post #780 2.27K
#Устозлар байрамига янги бир нарса ёзай дедим, аммо барибир икки йил олдин ёзган ёзувимдан яхшироқ нарса чиқмаса керак, деб ўйладим 😅 Балки кейинги йил яна уриниб кўрарман 😊

Байрамингиз, байрамимиз муборак бўлсин, азиз ҳамкасблар, азиз устозлар!

p.s. 1 октябр бу ерда дам олиш куни эмас, шу сабаб бугун устозлар кунини аудиторияда нишонлаб келаман, дарсларимни ўтиб 😅🎉

#Байрам

@profsherzod
  • 👍 19
  • 🔥 4
  • ❤ 1
  • 😢 1
Post #779 4.81K
IELTS'дан юқори баҳо олиш осон бўлиб қолгани ҳақидаги бир твитга муносабат билдиргандим, ўз тажрибамдан келиб чиқиб. Одатда кичик доирадаги ўқувчиларга қизиқ бўладиган твитларимдан фарқли, бу муносабат негадир кўп диққат тортди.

Ким билади дейсиз, балки бир қариянинг фикрлари бўлгани учун қизиқ бўлгандир 😊

Айни пайтда, биз тайёрланиб, бошқаларни ҳам тайёрлаб, топширганимиздан бери IELTS'нинг жамиятимиздаги мавқеи ниҳоятда ўсди. Тил билгисини ўлчаш инструментлари орасида шубҳасиз биринчи ўринга чиқди (TOEFL дегани бўларди, эсингиздами?). Ҳатто барча етишиши, эга бўлиши керак чўққи, кўкракка қадаб юриладиган орденга айланди.

IELTS шунчаки тил даражасини аниқлаб берадиган муддатли бир тест эканини ёддан чиқармаслик керак. Уни умумий қон таҳлилига ўхшатиш мумкин一айни пайтдаги тил билимингиз аҳволини атрофлича кўрсатади. У муваффақиятнинг барча эшикларни очадиган сеҳрли калит эмас.

Тил эса тест топшириш учунгина, юқори балл билан мақтаниш учунгина ўрганилмагани яхши.

#Мулоҳазалар #ИнглизТили

@profsherzod
  • 👍 57
  • ❤ 17
  • 🔥 8
  • 🙏 2
Post #778 2.98K
"Шарқий назар" подкастининг янги сонини чиқардик

"The East Angle" (#ШарқийНазар) номли инглизча подкастимизни канални мунтазам ўқийдиганлар билишади. Уни ҳамкасбим Ра Мейсон билан одатда ўзимизнинг университет студиясида ёзамиз, таҳминан бир ойда бир чиқарамиз.

Ёз ойларида, хабарингиз бор, мен тадқиқот қилиш мақсадида уч ой Токиода бўлдим. Подкастни онлайн ёзмаганимиз учун, ёз ойларида танаффус эълон қиламиз, деб келишган эдик.

Аммо мен Токиода видео ёзиш учун ўзим билан камераларимни олиб кетгандим. У ердалигимда ўзимнинг Ютуб каналим учун 3 та видео ҳам олдим (булардан биринчиси тез кунларда чиқади). Шу сабаб, Токиода анчадан бери таниганим икки киши: Саймон Ли ва Жеф Холл билан суҳбат қилиш имкони пайдо бўлгач, Шарқий назарнинг ҳам янги сонини ёзишга қарор қилдик.

Саймон Ли асли Японияда яшайдиган корейслардан (在日朝鮮人), ёшлигини Британияда ўтказган, энг қиммат хусусий мактаблардан бўлган Итон мактабини тугатган (бу мактабда инглиз бош вазирларидан кўпи ўқиган). Саймон яқин йилларда Financial Times (FT) газетасининг собиқ бош муҳаррири Лайонел Барберга Софтбанк асосчиси Сон Масаёши ҳақидаги китобни ёзишда ёрдам берди, бу ҳақда ҳам суҳбатлашдик.

Жеф Холл эса АҚШлик, кўп йиллардан бери Токиодаги бир университетда халқаро муносабатлардан дарс беради, аммо дунёга ўзининг твиттердаги аккаунти билан танилган: у Японияда бўлаётган қизиқарли ёки шов-шувли янгиликларни дунё аудиториясига яхши тақдим қилиб беради.

Суҳбат анчагина узун бўлди, бир соатдан ошиб кетди. Аммо сизларга қизиқ бўлади, деган умиддаман. Уни мана бу ҳавола орқали кўришингиз мумкин.

Ўзингизнинг видеоларингиз қачон чиқади, деган савол бўлиши табиий. Бу университет подкасти бўлгани учун, уни монтаж қилишда университет техник ходимларининг ёрдами тегади, шу сабаб бу олдин чиқди. Ўзимнинг видеоларимни эса фақат ва фақат ўзим монтаж қилишим керак 😅 Унинг устига, янги ўқув йилини ҳам бошлаб олдик, деярли ҳар куни дарс ўтяпман 😉 Шу сабаб бироз кечикмоқда. Аммо биринчисини октябр бошларида чиқармоқчиман.

Эътиборингиз учун катта раҳмат!

#Токио #подкаст

@profsherzod
www.penguin.co.uk Gambling Man Gambling Man is the biography of one of the world’s least known but most consequential investors. Japan’s Masayoshi Son has made and lost several fortunes, investing or controlling assets worth $1 trillion in the past two decades through his media-tech giant…
  • 👍 19
  • ❤ 9
  • 🔥 4
Post #777 2.75K
Флоренциядаги Европа университети бу йилги Макс Вебер дастурини очибди.

Тарих, ҳуманитар соҳалар ва ижтимоий фанларда PhD'ни охирги 5 йил ичида тугатганлар бўлса, топширинглар!

Жуда нуфузли (ва рақобатли) дастур, ўтиш ўта қийинлигини айтиб ўтишим шарт. Аммо ўтсангиз, ажойиб кампус ва университетда ишлаш имкониятингиз бўлади.

Ютуб каналимдаги биринчи видеомни айнан ана шу кампусдан тайёрлагандим, эсингизда бўлса. Видеони мана бу ерда қайта кўришингиз мумкин (айниқса топширмоқчи бўлсангиз фойдали бўлади).

Тўлиқ маълумот учун, университет сайтидаги мана бу саҳифа билан танишиб чиқинг.

#Эълон #Университетлар

@profsherzod
  • 👍 14
  • ❤ 3
  • 🔥 2
Post #775 2.48K
Чегара билмас болалар адабиёти ҳақида

Ёзда Йокоҳамада яшайдиган укам Фарҳоднинг уйига кўп бордим (Цукуба ҳақидаги видеода Фарҳодни кўрасизлар). Жиянларим, Фарҳоднинг фарзандлари мутолаани яхши кўришади, маҳаллий кутубхонадан ҳар ҳафта ўнлаб китоб олиб ўқишади.

Бир куни китобларига қизиқиб кўрдим. Муқовасида силовсин расмли китобга узоқ тикилиб қолганимни кўрган болалар, "Бу машҳур "Ситон ҳайвон ҳикоялари", эшитмаганмисиз?" деб сўрашди.

"Эшитганда қандоқ!" деб жавоб бердим 😊 Чунки болаликда энг яхши кўрган китобим эди! Отам (болаларнинг бобоси) тавсиясига кўра рус тилида ўқиганимни, ҳикоялар ҳануз эсимдалигини болаларга айтдим.

Дунёда қизиқарли китоб борки, таржима қилиниб, чоп қилинадиган Японияда, Ситон-Томпсон ҳикоялари болалар томонидан севиб ўқилиши табиий. Аммо у туғилган Британияда унинг китоби эсдан чиққан. Бундан ҳайратга тушдим. Айни пайтда, адабиётнинг чегара билмаслиги ҳақида яна бир ўйладим.

Бу китоб ҳали ўзбекчалаштирилмаган бўлса, нашриётларга тавсия қиламан 😊

#Китоблар

@profsherzod
  • ❤ 21
  • 👍 11
  • 🔥 5
Post #774 2.41K
Канал чатида каналдаги ёзувларга алоқадор бўлмаган мулоҳаза ва комментарийларнинг бари ўчирилади.

Хафачилик бўлмаслиги учун айтиб қўяй дедим 😊

Охирги пайтда турли спам ва тушунарсиз комментарийлар қолдириб кетадиган ботлар кўпайган. Баъзиларини ўчириб улгурмаяпмиз. Ўчиргунимизча кўрсангиз ва спамлигини тушунсангиз, ундаги ҳаволаларга босмаганингиз маъқул.

Бу кетишда кетса, канал чатини ёпишга тўғри келади, шекилли.
  • 👍 24
  • ❤ 2
  • 🔥 1
  • 😢 1
Post #773 2.81K
Япониянинг Хоккайдо университети профессори октябр ойида талабалар билан учрашиш учун Ўзбекистонга келади

Августда Познанда бўлиб ўтган Европа японшунослари конференциясида иштироким ҳақида ёзгандим.

У ерда нафақат маъруза қилдим, балки турли домлалар билан учрашдим. Шулар орасида Хоккайдо университети профессори Сасада Ҳиронори домла ҳам бор эди: унинг яқинда Ўзбекистонга боришини билган умумий дўстимиз бизни таништириб қўйди.

Сасада домла 24-26 октябр орасида Тошкентда бўлади. У ерда у ўз университети ва магистрлик дастури ҳақида талаба ва домлалар оммасига маълумот беради. У ишлайдиган дастурнинг номи "Замонавий японшунослик" бўлиб, юртимиздаги кўплаб талабаларга қизиқ бўлади, деб ўйлайман.

Дастур вебсайти:
https://www.oia.hokudai.ac.jp/mjsp/

Тошкентдаги тадбир ҳақида Сасада домладан яна маълумот кутяпман, юбориши билан, эълон қиламан.

Японшунос талабалар ва умуман Японияга қизиқадиган ёшларга тадбирга боришни тавсия қилиб қоламан.

#Университетлар #Япония #Хоккайдо

@profsherzod
  • 👍 26
  • ❤ 7
  • 🆒 1
Post #772 3.15K
"Алма материм" Кембрижнинг репутациясига охирги ойларда кўп путур етди.

Университет ўтган ойда Жейсон Ардей можароси сабаб диққат марказига тушган бўлса, энди яна бир профессори一Жеймс Орр一медиа гирдоби марказида қолди.

Орр Британиянинг ўта ўнгчи партияси бўлмиш Реформнинг сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси эди. Айни пайтда, Кембриж университетининг диншунослик факултетида профессорлик ҳам қиларди.

Жейсон Ардейдан фарқли, Жеймсни танийман, бундан 10 йилдан кўпроқ олдин кўп маротаба мулоқот қилганман. Кейинроқ бу ҳақда батафсилроқ ёзаман.

Бугун эса яна Кембрижни айланишга кетяпман.

#Университетлар #Кембриж

@profsherzod
  • 👍 24
  • 😍 2
  • 👏 1
  • 🕊 1
Post #771 2.57K
Prof. Sherzod Кеча Полшанинг Познан шаҳрига келдим. Бу ерда Европа японшунослик жамиятининг (European Association for Japanese Studies) конференциясида қатнашаман. Эртага ва индин икки сессияда маъруза қиламан. EAJS конференциялари ҳар уч йилда Европа шаҳарларидан бирида…
#КаналгаСаволлар

Европа японшунослик жамияти (EAJS) конференцияси ҳақидаги юқоридаги ёзувимга ўқувчиларимдан бири савол берибди. Савол мазмуни шундаки, японшунос бўлсангиз, шу ва шу каби нуфузли халқаро конференцияларда кузатувчи сифатида қатнашишингиз мумкинми?

Ўзларига канал чатида жавоб бердим, аммо жавобим бошқаларга ҳам фойдали бўлиши мумкин, деб ўйлаб, алоҳида ёзув шаклида ҳам чиқаришга қарор қилдим.

Демак, халқаро конференцияларда маърузачи ёки кузатувчи (маъруза қилмасдан, шунчаки бошқаларнинг маърузаларини тингловчи) сифатида қатнашиш мумкинми?

Жавоб: албатта. Айниқса конференция соҳаси бўйича тадқиқот қилсангиз (қайси тилда тадқиқот қилишингиз муҳим эмас) ва инглиз тилида мулоқот қила олсангиз. Ҳар конференция ҳар хил (баъзилари маълум бир гуруҳ учун, яъни ёпиқ бўлади), аммо айнан EAJS конференциясида қатнашиш учун маъруза билан чиқишингиз шарт эмас.

Шу орада бир нарсани айтиб ўтиш керак: бу конференцияларда иштирок учун тўловлар бор. Яъни, маъруза қилмаслигингиз мумкин, аммо тўловни амалга оширмасдан қатнашиб бўлмайди. Баъзи ривожланаётган минтақаларни ўрганадиган ва шуларга қаратилган илмий жамиятларнинг конференциялари шу минтақалардан (масалан, Осиё ё Африка) келадиган ёш олимларга анжуманда қатнашиш учун стипендиялар таклиф қилиши мумкин, аммо шундай бўлган тақдирда ҳам, буларнинг сони жуда чекланган бўлади.

Қисқа қилиб айтганда, пул керак. Ҳар доимгидек, пул керак.


Қандай тўловлар, дейсизми? Биринчидан, тадқиқот жамиятига аъзо бўлиш учун тўланадиган бадал. Буни тўламасдан конференцияда қатнаша олмайсиз. Стажингизга қараб, бу тўлов 100 евродан 250 еврогача бўлиши мумкин (айнан шу конференцияда; баъзи Шимолий Америка конференцияларида бунданда баланд бўлади). Шахсан ўзим лавозимимдан келиб чиқиб 250 евро тўладим. Бундан ташқари, конференциянинг ўзида қатнашиш бадали ҳам бор, мен учун 295 евро бўлди, аммо бунга охирги банкет учун тўланган 30 евро ҳам киради (ҳамма тўлаши шарт эмас).

Албатта, бу тўловлар йўл ва яшаш ҳаражатларидан ташқари. Мен Лондондан учганим учун, лоукостер Райанэйр билан арзонгинага Познанга етволдим, аммо бизнинг сессиямизда қатнашиши керак бўлган австралиялик ё АҚШлик олимларнинг кўпи келолмади (халқаро билетлар нархларини 2 баравар оширишга қўшган салмоқли ҳиссалари учун АҚШ президентига алоҳида ташаккур айтиб қоламиз).

Познандек унча катта бўлмаган шаҳарга бир вақтда 2,000 конференция иштирокчиси келганида меҳмонхоналар нархлари ҳам бирданига ошиб кетиши кузатилиши турган гап.

Ботаётган Британия бўлсада, менга ўхшаган илмий ходимлар уердан-буердан қилиб, шу ҳаражатларни қоплаш йўлларини топади. Одатда ташқи грант олади, ёки университетлари қоплаб беради (бир неча юз евро ҳатто қийналиб турган Европа университетлари учун арзимаган пул).

Аммо бундай ҳаражатлар ривожланаётган давлатларда ишлайдиган, аммо шундай нуфузли конференцияларда қатнашишни истайдиган ёш тадқиқотчилар учун катта тўсиқ бўлишини яхши тушунаман.

Ёш олимларимизни халқаро анжуманларда қатнашишга ундаб қоламан ва бу йўлда ўз маслаҳатларимни аямайман. Аммо бундай олимларни қўллаб-қувватлайдиган фондлар ва саҳоватпеша гратнларнинг кўпайишини ҳам тилайман. Илмни қўлламасдан тараққиётга етишиб бўлмайди.

#Конференциялар

@profsherzod
  • 👍 28
  • ❤ 5
  • 💯 3
Post #770 2.47K
Мустақиллигимизнинг ўттиз беш йили муборак бўлсин!

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

🇺🇿🇺🇿🇺🇿

@profsherzod
  • 👍 34
  • 🔥 12
  • 🙏 3
  • 🤩 2
Post #765 3.77K
Кеча Полшанинг Познан шаҳрига келдим. Бу ерда Европа японшунослик жамиятининг (European Association for Japanese Studies) конференциясида қатнашаман. Эртага ва индин икки сессияда маъруза қиламан.

EAJS конференциялари ҳар уч йилда Европа шаҳарларидан бирида ўтади. 2023 йилда Белгиянинг Гент шаҳрида бўлиб ўтган.

Асосан Европадаги японшуносларни бир жойга йиғадиган анжуман бўлсада, бошқа қитъалардан ва Япониянинг ўзидан ҳам қатнашчилар кўп келади. Кеча аэропортнинг ўзидаёқ таниш чеҳраларни кўрдим, мен турган Эски Шаҳар маҳалласидаги меҳмонхоналарда ҳам. Қанчалик глобаллашган бўлмасин, японшунослик нисбатан тор дунё ва йиллар давомида конференцияларга бораверсангиз, кўпчиликни ё кўрган бўласиз, ёхуд нима иш қилишини биласиз.

Познаннинг ўзи эса ажойиб жой экан, ҳақиқий европача шаҳар. Трамвайиларини кўриб, кўзим қувнади, видеога олдим. Трамвайлар ҳақида алоҳида видеода кўрасизлар, насиб.

Конференция тугагач, туманли Албионга, янги семестр учун тайёргарликка қайтаман.

#Конференциялар #Европа

@profsherzod
  • 👍 30
  • ❤ 6
  • 💯 5
  • ⚡ 3
  • 🔥 1
Post #764 2.67K
Май ойи охирида Японияга кетиш олдидан, "Уч ой Японияда бўламан, шунча нарсага улгураман, қанчадан-қанча архивларни титиб чиқаман, олдин қилмаган ишларимни қиламан!" деган ҳаёл бор эди. Уч ой ростан узун даврдек кўринганди.

Ўтган ҳафта Японияни тарк этиш олдидан, ана шу уч ой қанчалик тез ўтиб кетганини ўйладим. Одатда шундай бўлади, нисбийлик назариясига мисол ҳам қилиб кўрсатиладику: келажакка қараганда маълум бир муддат узун туюлса, ўша муддат ўтиб кетгач ортга қараб кўрилса, тез ўтгандек туюлади.

Япониядан кетишдан олдинги бир неча кунда улгурмаган ишларимни, кўрмаган нарсаларимни, ўқий олмаган тарихий манбаларимни ўйлаб, қанақадир маҳзунлик сездим.

Ўзимча ўйладим: ўлим тўшагида ётган инсон ҳам шунга ўхшаш туйғуни ҳис қилса керак: шунча вақтим бор деб ўйлагандим, аслида мен ўйлаганимчалик кўп эмас экан, шунча қилинмаган иш, ёзилмаган сатрлар, олинмаган суратлар, сўралмаган узр қолиб кетди, деб...

Ҳар бир кичик видолашув бизни энг олий, якуний видолашувга тайёрлайди.

#Мулоҳазалар

@profsherzod
  • 👍 69
  • 🔥 24
  • ❤ 8
  • 👏 4
  • 😭 4
  • 😍 1
  • 💘 1
Older posts →

About this channel

How can I read @profsherzod without a Telegram account?
TGViewer shows the public web preview Telegram publishes for Prof. Sherzod: recent posts, photos, videos and the subscriber count, with no app, login or account.
How many subscribers does Prof. Sherzod have?
Prof. Sherzod (@profsherzod) has 5.17K subscribers on Telegram, refreshed roughly every 30 minutes.
Does Prof. Sherzod know I viewed it here?
No. Public channel previews carry no viewer identity, and TGViewer has no accounts or tracking of what you look up.
Threads Profile ViewerView any public Threads profile without an account.Open ThreadLook →Writing with AI? Make it sound human.Metric37 rewrites AI drafts so they read naturally. Free AI detector, 1,500 words free.Try Metric37 →