"Шарқий назар" подкастининг янги сонини чиқардик
"The East Angle" (#ШарқийНазар) номли инглизча подкастимизни канални мунтазам ўқийдиганлар билишади. Уни ҳамкасбим Ра Мейсон билан одатда ўзимизнинг университет студиясида ёзамиз, таҳминан бир ойда бир чиқарамиз.
Ёз ойларида, хабарингиз бор, мен тадқиқот қилиш мақсадида уч ой Токиода бўлдим. Подкастни онлайн ёзмаганимиз учун, ёз ойларида танаффус эълон қиламиз, деб келишган эдик.
Аммо мен Токиода видео ёзиш учун ўзим билан камераларимни олиб кетгандим. У ердалигимда ўзимнинг Ютуб каналим учун 3 та видео ҳам олдим (булардан биринчиси тез кунларда чиқади). Шу сабаб, Токиода анчадан бери таниганим икки киши: Саймон Ли ва Жеф Холл билан суҳбат қилиш имкони пайдо бўлгач, Шарқий назарнинг ҳам янги сонини ёзишга қарор қилдик.
Саймон Ли асли Японияда яшайдиган корейслардан (在日朝鮮人), ёшлигини Британияда ўтказган, энг қиммат хусусий мактаблардан бўлган Итон мактабини тугатган (бу мактабда инглиз бош вазирларидан кўпи ўқиган). Саймон яқин йилларда Financial Times (FT) газетасининг собиқ бош муҳаррири Лайонел Барберга Софтбанк асосчиси Сон Масаёши ҳақидаги китобни ёзишда ёрдам берди, бу ҳақда ҳам суҳбатлашдик.
Жеф Холл эса АҚШлик, кўп йиллардан бери Токиодаги бир университетда халқаро муносабатлардан дарс беради, аммо дунёга ўзининг твиттердаги аккаунти билан танилган: у Японияда бўлаётган қизиқарли ёки шов-шувли янгиликларни дунё аудиториясига яхши тақдим қилиб беради.
Суҳбат анчагина узун бўлди, бир соатдан ошиб кетди. Аммо сизларга қизиқ бўлади, деган умиддаман. Уни мана бу ҳавола орқали кўришингиз мумкин.
Ўзингизнинг видеоларингиз қачон чиқади, деган савол бўлиши табиий. Бу университет подкасти бўлгани учун, уни монтаж қилишда университет техник ходимларининг ёрдами тегади, шу сабаб бу олдин чиқди. Ўзимнинг видеоларимни эса фақат ва фақат ўзим монтаж қилишим керак 😅 Унинг устига, янги ўқув йилини ҳам бошлаб олдик, деярли ҳар куни дарс ўтяпман 😉 Шу сабаб бироз кечикмоқда. Аммо биринчисини октябр бошларида чиқармоқчиман.
Эътиборингиз учун катта раҳмат!
#Токио #подкаст
@profsherzod
Post #778
3K