TGViewer
Channel Public Channel
SUDLARIMIZ

SUDLARIMIZ

@sudlarimiz

Subscribers
468
Photos
1
Videos
1
Links
0
Recent Posts 20 shown
Post #26 261
Судлардаги тарғибот тадбирлари осон эмас

Ҳозир судларга бўлган ишончни ошириш учун суд тизими раҳбарияти томонидан кенг кўламли тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда. Биз ҳам қўллаймиз бундай ишларни. Лекин суддагилар бу йўналишда бошқа идораларга нисбатан икки-уч карра кўпроқ ресурс сарфлашига тўғри келади. Нега бундай деётганимнинг сабабини тушунтираман.

Судларнинг фаолият мақсади бошқа давлат идораларидан жиддий фарқланади. Дейлик, бошқа давлат идораларига битта масала юзасидан битта тараф борса, судларга битта масала юзасидан бир-бирига қарши бўлган иккита тараф боради. Бошқа идорага борган тараф идорадан рози бўлса ҳаммаси жойида ва муаммо йўқ. Бироқ, суд фақат бир томоннинг фойдасига қарор чиқаради, шундай вазиятда зарарига қарор чиққан иккинчи тараф суддан норози бўлиши аниқ. Ва у чиқиб, ижтимоий тармоқда суд ҳақида салбий фикр билдиради. Ва шу тариқа судлар ҳақидаги салбий ва ёмон хабарларни амалда тўхтатиб бўлмайди. Бунинг иложи ҳам йўқ. Чунки суд фаолиятининг ҳусусияти бошқача. Суднинг асосий мақсади низони қонуний асосда ҳал қилишдир. Барчани бирдек рози қилиш эса имконсиз судда.

Кейин, омма психологиясида ёмон хабарлар яхши хабарларга қараганда тез тарқалади ва таъсири ҳам кенгроқ бўлади. Чунки, ғазаб, қўрқув, нафрат ва адолатсизлик хисси одамларни кўпроқ фаоллаштиради. Тармоқларда бундай хабарни ўқиган инсон шунчаки уни ўқиб қўймасдан, изоҳ ёзишга, бошқалар билан мунозара қилишга ва бошқаларга кўпроқ тарқатишга интилади. Яхши ва ижобий ҳабарларни эса кўпинча кундалик ахборот сифатида қабул қилади. Шунчаки ўтказиб юборади кўпинча.

Яъни, суддаги адолат ҳақидаги ўнта ҳабардан аксинча, адолатсизлик ҳақидаги битта ҳабар одамларга кўпроқ тарқалади ва кўпроқ таъсир қилади. Оддий қилиб айтганда, суд ҳақидаги битта ёмон ҳабарнинг ўрнини босиш учун камида ўнта яхши хабар бўлиши керак.

Қизиқ вазият. Ижтимоий тармоқлар хабарларнинг тез ва кўпроқ тарқалиши тармоқдаги турли алгоритмларга ҳам боғлиқ. Уларда эса, фойдаланувчиларнинг реакциялари кўп нарсани ҳал қилади. Яъни, хабар қанчалик хиссиётли бўлса, унга кўпроқ реакция билдирилади ва бу ҳам ўша хабарни оммага кенгроқ тарқалишига сабаб бўлади. Судда ютган томонга қараганда, ютқазган ва норози томонда ҳиссиётлар кучли бўлади. Ютган томон ўзи аслда ҳам шундай бўлиши керак деб, индамай кетиши мумкин. Лекин ютқазган томон буни шундай қолдиргиси келмайди ва ижтимоий тармоқда ўз мусибатини кучли эмоциялар билан билдиради. Баъзан, бундай чиқишлар суд ҳақидаги юзта хабарларнинг ўрнини босиб кетиши ҳам мумкин. Ана шундай вазиятда юзтта яхши хабар тайёрлаш ва уларни оммага тақдим этиш жараёнини тасаввур қилиб кўринг.

Айтмоқчи бўлганим, ижтимоий тармоқларда тарғибот тадбирларини кенгайтириш суд тизими мутасаддилари учун осон бўлаётгани йўқ.

👉@sudlarimiz
Post #25 7.8K
Судья нимадан азобланади?

1. Суд фаолиятига аралашишлар ва турли таъсирлардан.
Судьянинг фаолиятидаги энг катта қийинчилик — ҳеч кимга тобе бўлмай, фақат қонунга таяниб қарор қабул қилишдир. Ижро ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ички раҳбарлар ёки нуфузли шахслар томонидан бўладиган яширин ёки очиқ босимлар судья учун ҳақиқий синов. Бу ҳолат судьяга доимий руҳий азоб беради.

2. Ортиқча юкламалардан.
Судда кўриладиган ишлар сони борган ошиб бормоқда. Судья бир кунда ўнлаб фуқаролик, иқтисодий ёки жиноят ишларини кўриб чиқишига тўғри келади. Ҳар бир ишнинг орқасида инсон тақдири турганлиги сабабли, вақт етишмаслиги оқибатида хато қилиб қўйишдан қўрқиш судьяни ҳар доим безовта қилади.

3. Маънавий ва руҳий босимдан.
Судья кундалик фаолиятида жамиятнинг энг оғир қатламлари билан тўқнашади. Суд жараёнида ҳар доим бир томон норози бўлиб қолади. Айниқса, оилавий ажримлар, алимент, уй-жой низолари ёки оғир жиноий ишларда қабул қилинадиган қарорлар судьядан катта руҳий куч талаб қилади. Доимий равишда одамларнинг дард-аламини ва уларнинг норозилигини эшитиш судьяда кучли психологик чарчоқни келтириб чиқаради.

4. Қонунчиликдаги ноаниқликлардан.
Баъзида қонун ҳужжатларида бир-бирига зид келувчи нормалар учраб туради. Қонуннинг аниқ шарҳланмаганлиги ёки ундаги бўшлиқлар судьяни "қайси нормани қўлласам экан" деган иккиланиш қаршисида қолдиради. Шахсий виждон ва қуруқ қонун талаби ўртасидаги қарама-қаршилик ҳам ични тирнайдиган ҳолатлардан биридир.

5. Сохта гувоҳлар ва далилларнинг етарли эмаслигидан.
Одил судловни амалга оширишда судья фақат тақдим этилган ҳужжатлар, далиллар ва кўрсатмаларга таянади. Сохта жабрланувчилар, сохта гувоҳлар ёки тергов томонидан чала йиғилган далиллар ҳақиқатни аниқлашни қийинлаштиради. Судья кимдир ёлғон гапираётганини ич-ичидан сезиб турса-да, агар буни исботловчи юридик асос бўлмаса, ҳужжатга қараб ҳукм чиқаришга мажбур бўлади. Бу ҳам бир азоб.

👉@sudlarimiz
Post #24 361
Хадис

«Қозилар уч тоифадир: икки тоифаси дўзахда ва бир тоифаси жаннатдадир. Жаннатда бўладигани — ҳақиқатни билиб, ўша билан ҳукм қилган қозидир. Ҳақиқатни билиб, ҳукмда зулм (ноҳақлик) қилган қози дўзахдадир. Одамлар орасида илмсизлик билан (жоҳиллик билан) ҳукм қилган қози ҳам дўзахдадир»

Манба: Сунани Абу Довуд (Ақзия китоби, 3573-ҳадис)

👉@sudlarimiz
Post #23 415
Ўхшаш ва боғлиқ

1. Бошида биринчи курс талабаларига “ҳамманг ўқишинг шарт, мен бировдан сўм оладиган одам эмасман, талабадан пул олгандан кўра, кўчага чиқиб тиланчилик қилган яхши” деган домла сессия вақтида ўзининг ҳақиқий юзини кўрсатди. Талабаларни кетма-кет йиқита бошлади. Ана шу вақтда шустрый староста Жамбулвой (тўқима ном) домланинг олдига кириб чиқди. Қўрқиб қалтираб турган йигит-қизларга қараб, “давай, ҳамма палончадан йиғсин, шунда баҳо бўлади” деди. Ҳар бир талаба пул йиғиб, старостага беришга мажбур бўлди. Шундагина баҳолар қўйилди. Шу вақтдан бошлаб талабалар ўқиш деган нарсага қўл силташди. Бир умрлик “сабоқ” олиб бўлди улар.

2. Судьяларни мажлисга чақириб олиб, “қонуний ишлаларинг, порахўрлик кечирилмайди, ҳеч ким судьянинг ишига аралашишга ҳақи йўқ” деган суд раиси мажлис тугаганидан кейин, эндигина иш бошлаган ёш судьяни хонасига чақириб, қўлидаги муҳим суд ишини фалончининг фойдасига ҳал қилиш ҳақида топшириқ берди. “Шундай қилмасак бўлмайди, шароит шундай, сен ҳам кўник бунга” деди. Ёш судья индай олмади, қонун аслида нариги тараф томонида эди, лекин у миқ дея олмади. Паст овозда, ожизгина “хоп” дедида, гандираклаб ташқарига чиқди. Жуда қаттиқ хафа бўлди. “Қандай иккиюзлик бу, йиғилишдаги одам шу эдими” деб ўйлади.

Бошида не қиларини билмади. Виждон қонуний қарор чиқар, қулоқ солма бу одамга, олса ишини олади деяпти. Бошқа томондан раиснинг гапини икки қилишдан ва ишидан айрилиб қолишдан қаттиқ қўрқяпти. Виждон ва қўрқув ўртасида аросатда қолиб кетди. Кечаси билан ухлай олмади.

Ниҳоят, эрталаб тонг саҳар ўз танловини қилди. Ўта оғир танлов эди бу. Қандай танлов дейсизми? Жуда оддий. Кўпчилик қатори рутбасини узоқ йиллар сақлаб қолиш танлови. Шу куни ўша суд ишини ўтказди ва ўз қарорини ўқиди. Лекин мўлтиллаб турган ва бу ишда аслида ҳақ бўлган бечора онахоннинг кўзига қарай олмади.

Қандай қарор чиққани сизга маълум. Яхши ва келажаги бор кадр қўлдан бой берилди, шундай эмасми?

Айтмоқчи, анави суд раисининг исми Жамбулвой эди. Ўша домланинг ҳақиқий издоши Жамбулвой.

Умид қиламанки, бизнинг судларда бундай одамлар йўқ.

👉@sudlarimiz
Post #22 416
Қизиқ маълумотга кўзим тушди.

Қўшма штатларнинг Давлат департаменти 2023 йилги ҳисоботида прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар судьяларга керакли қарор чиқариш учун номақбул босим ўтказгани ҳақида айтиб ўтган.

Муаммойимиз бир хил.

👉@sudlarimiz
Post #21 9.03K
41 фоиз судьялар судга босим бор деб ҳисоблайди

Ҳуқуқшунос олим Ботиржон Қосимов 2021 йилдаги илмий ишида Ўзбекистондаги суд ҳокимиятининг мустақиллигига хавф туғдирувчи омилларни ва тўсиқларни чуқур тадқиқ қилган.

Жумладан, Қосимовнинг фикрича:

“Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг мустақиллигига нисбатан тўсиқлар сиёсий органларнинг суд тизимига ҳамда юқори суд органларининг қуйи судларга судларнинг функционал вазифасига дахлдор бўлмаган кўрсатмаларни бериш ҳамда ижро ҳокимияти ва прокуратура органларининг таъсиридан келиб чиқаётгани баён этилган.

Ўзбекистонда судьялар ўртасида ўтказилган сўров натижалари 2016 йилга қадар судьяларга асосан миллий хавфсизлик ва прокуратура органлари босим ўтказиб келганини кўрсатган. Шунингдек, ҳозирда ҳам 60 % судьялар фаолиятида уларнинг мустақиллигини поймол этишга уриниш ҳолатлари кузатилади, 36 % судьяларга охирги 4 йилда мустақил қарор қабул қилишга таъсир кўрсатувчи юқоридан “телефон қўнғироқлари” бўлгани аниқланган.

Суд ҳокимиятининг мустақиллиги, 41,3 % судьяларнинг фикрича, ҳам ички (судьяларга суд раислари, юқори турувчи судларнинг босими, таъсири), ҳам ташқи (бошқа давлат ҳокимият органлари ва мансабдор шахслари, фуқаролар, оммавий ахборот воситалари ва блогерларнинг босими, таъсири) хавфлар остида қолмоқда”.

Албатта, Қосимов олиб борган бу сўров натижалари 2016 ва 2021 йилдаги даврларга оид. Лекин, ҳозир 2026 йил. Суд мустақиллиги ҳақида ҳозиргидек бонг урилган вақт бўлмаган бўлса керак.

Айни пайтда ҳамма бир-бирини айблаяпти. Лекин суд мустақиллигига хавф ҳар томондан юзага келади. Ташқи таъсир ҳам, ички таъсир ҳам камаймаган деб ўйлайман. Ҳар ҳолда, судьялар билан ва суд ходимлари билан доим фикр алмашиб турамиз. Айниқса, ҳозир судьялар ва суд ходимлари ўртасида холис сўров ўтказиладиган вақт. Албатта, бу сўров холис тараф томонидан, аноним тарзда ўтказилиши керак.

Биз реал ҳолатни кўришимиз керак ва ҳеч қандай яширадиган нарса бўлмаслиги керак.

👉@sudlarimiz
Post #20 885
Бир қарашда қониқарсиздек кўринсада, аслида энг мақбул жавоб шу

Яқинда Олий суд судьялари иштирокида Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда ташкил қилинган телемулоқотни кўриб қолдим. Яъни, онлайн мулоқот, тўғридан-тўғри эфир ва фуқаролардан келаётган суд йўналишидаги саволларга Олий суд судьялар томонидан жавоб берилди. Формат шунақа.

Орада бир фуқародан меҳнат низоси бўйича кетаётган суд иши юзасидан савол келиб қолди. Саволда фуқаро биринчи инстанция судида ютқазгани ва ҳозирда кассация шикояти берганини айтиб, ишдаги муҳим масала юзасидан судьяларнинг фикрини сўради.

Бу саволга Олий суд судьяларидан бири жуда қисқа қилиб, "ҳозирда бу иш кассация судида кўрилаётган экан, ўз важларингизни шу судда билдирганингиз маъқул" деб жавоб берди.

Дўстлар, шу вазиятда бир қарашда Олий суд судьясининг бу жавоби қониқарсиз ва чала жавобдек кўриниши мумкин. Лекин суд фаолиятининг нозик жиҳатларини яхши тушунган инсон буни энг тўғри жавоб деб қабул қилади.

Нега? Негаки, агар Олий суд судьяси қуйи судда кўрилаётган иш юзасидан ўз фикрини очиқ-ойдин билдириб қўядиган бўлса, бу қуйи суддаги ўша суд ишига таъсир этиб қолиши мумкин. Ва Олий суд судьясининг ҳали ишни тўлиқ кўрмасдан, шошилинч равишда айтган фикри оқибатида қуйи судда катта хатолик юзага келиши мумкин. Бу эса жиддий муаммо дегани, тушуняпсиз-а?

Шунинг учун ҳам, юқоридаги вазиятда гарчи чала ва тўлиқ бўлмаган жавобдек кўринсада, аслида Олий суд судьяси энг мақбул бўлган позицияни сақлаб тура олди.

Мана шундай бўлиш керак.

👉@sudlarimiz
Post #19 8.94K
Жамиятда судга нисбатан чексиз ҳурмат шаклланиши керак, бунинг учун...

Жамиятда судга ва судьяларга нисбатан юксак ҳурмат ва ишонч бўлиши керак. Зеро, қонунлар ҳамма учун бирдек ишлаши, адолат қарор топиши учун, аввало, суднинг мавқеи ва нуфузи жамият онгида мустаҳкам бўлиши лозим. Одамлар судьялик рутбасининг мазмун-моҳиятини, бу касб эгасининг бошқа соҳалар вакилларидан фарқини ич-ичидан англаши керак.

Бу нимада намоён бўлади? Тумандаги оддий судья чиқарган қонуний ва асосланган қарор — ким бўлишидан қатъи назар, барча учун мажбурий. Унинг қарорини ҳоким ҳам, вазир ҳам, ҳатто давлатнинг энг юқори мансабдор шахслари ҳам қонун доирасида ҳурмат қилиши ва ижро этиши шарт. Мана шу — суд ҳокимиятининг моҳияти.

Судья — аввало, юксак билим ва профессионал кўникмага эга, катта ҳаётий ва касбий тажрибани орттирган, шу билан бирга, намунали хулқ-атвор, мустаҳкам характер, ҳалоллик ва юксак виждон эгаси бўлиши керак.
Чунки одамлар судьянинг шахсиятида нафақат қонунни биладиган мутахассисни, балки ўзининг ҳаёти ва хулқ-атвори билан бошқаларга ўрнак бўла оладиган инсонни кўриши лозим.

Масаланинг энг муҳим нуқтаси ҳам шу ерда. Судга бўлган юксак ҳурмат ва ишончни мажбуран шакллантириб бўлмайди. Уни шиорлар ёки тарғибот эмас, аввало, судьяларнинг феъл-атвори, суд мажлисларини ўтказиш маданияти, ишларни кўриш сифати, холислиги ва чиқарилаётган қарорларнинг қонунийлиги ва асосланганлиги шакллантиради.

Жамият, одамлар судьяда адолатни, холисликни, ҳалолликни ва қонунга садоқатни кўрса, уларда судга бўлган ҳурмат ва ишонч ортади. Шунинг учун судга бўлган ҳурматни энг биринчи навбатда судьянинг ўзидан бошлаш керак.

👉@sudlarimiz
Post #18 821
Ҳар қандай таъсир ҳам суд ишига аралашиш бўлавермайди

Чунки «таъсир» сўзининг маъноси жуда кенг. Судья муайян ишни кўраётганда атрофидаги турли воқеа-ҳодисалар, фикрлар, муносабатлар ва ҳатто эмоционал чиқишлардан хабардор бўлиши, уларни қабул қилиши мумкин. Аммо бу таъсирларнинг барчасини ҳам суд ишига аралашиш деб баҳолаб бўлмайди.

Менимча, асосий мезон — таъсирнинг қандай восита орқали амалга оширилгани. Агар таъсир қонунга хилоф йўл билан амалга оширилса, буни суд ишига аралашиш сифатида баҳолаш мумкин.

Масалан, судьяга таҳдид қилиш орқали таъсир ўтказиш — қонунга хилоф ҳаракат. Ёки муайян мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, судьяга муайян суд иши юзасидан топшириқ бериши ҳам суд ишига аралашиш ҳисобланади. Қўрқитиш, шантаж қилиш, босим ўтказиш ва шу каби бошқа ноқонуний усуллар ҳам шундай.

Бироқ таъсирнинг бошқа кўринишлари ҳам бор. Масалан, суд иштирокчиларининг суддаги одатий тортишуви ва эмоционал фикрлари ҳам, моҳиятан, судьяга таъсир ўтказишга қаратилган. Адвокатнинг ҳимоя нутқида «ҳимоямдаги шахс қонун бўйича оқланиши шарт», деган позицияни билдириши ҳам таъсир.
Ёки бўлмасам, прокурорнинг судда айблов нутқини сўзлаб, судланувчига оғир жазо тайинлашни сўраши ҳам таъсир албатта.

Лекин булар қонунга хилоф таъсир эмас. Чунки бу ҳаракатлар суд иштирокчиларининг қонун билан берилган процессуал ҳуқуқларини амалга ошириш доирасида содир бўлади. Ҳатто иштирокчининг «агар даъво талабларимиз қаноатлантирилмаса, Олий судгача борамиз, охиригача курашамиз» деган гапи ҳам, агар у қонуний шикоят қилиш ҳуқуқини назарда тутган бўлса, ўз-ўзидан судга аралашиш ҳисобланмайди. Бу — шахснинг ўз процессуал ҳуқуқларини эслатиши, холос.

Яна бир оддий мисол. Судда иши кўрилаётган фуқаро судьянинг қабулига кириб, «илтимос, адолат қилинг. Бор умидимиз сиздан. Шу ишни бизнинг фойдамизга ҳал қилиб беринг» деса-ю, бунда судьяга ҳеч қандай моддий манфаат таклиф қилмаса, таҳдид қилмаса, шантаж қилмаса ва бошқа қонунбузарликка йўл қўймаса, мен бундай хатти-ҳаракатни автоматик равишда «суд ишига аралашиш» деб баҳоламаган бўлар эдим.
Чунки бу ерда ҳам таъсир бор. Лекин қонунга хилоф таъсир мавжуд эмас.

Энди жамоатчилик фикрига келайлик. Айни пайтда муайян суд ишининг ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиниши, одамларнинг бу иш бўйича турли фикр билдириши, кимдир айбдорни қаттиқ жазолашни, кимдир эса бошқа чорани талаб қилиши — буларни, аввало, жамоатчилик фикри сифатида қабул қилиш керак. Буни ўз-ўзидан суд ишига аралашув деб бўлмайди. Чунки бу ҳолатда ҳам қонунга хилоф ҳаракат бўлиши шарт.

Албатта, муайян судья жамоатчилик фикрини психологик босим сифатида қабул қилиши мумкин. Масалан, ижтимоий тармоқларда ҳамма муайян жазони талаб қилаётган бир пайтда, судья бошқача қарор чиқарса, жамоатчиликнинг ғазабига дуч келишидан чўчиши мумкин. Лекин бу ерда жуда муҳим бир нуқта бор:
жамоатчилик фикрини босим сифатида қабул қилиш — жамоатчиликнинг судьяга аралашуви эмас, балки судьянинг ички иродаси ва қарор қабул қилиш қобилияти билан боғлиқ масала. Иродаси мустаҳкам, қонунга содиқ судья ижтимоий тармоқларда қанчалик катта шов-шув бўлишидан қатъи назар, иш бўйича далиллар, қонун ва ўз ҳуқуқий ишончига таяниб қарор чиқаради.

Шунинг учун менимча, бу ерда энг муҳим фарқни унутмаслик керак: таъсир — кенг тушунча, аралашув эса торроқ тушунча; қонунга хилоф таъсир эса суд ишига аралашувнинг ўзгинасидир.

Демак, судьяга таъсир қилган ҳар қандай ташқи омилни «суд ишига аралашув» деб баҳолаш тўғри эмас.

Асосий масала бутунлай бошқа: яъни бу таъсир қонун билан рухсат этилган процессуал воситалар орқали амалга оширилдими ёки судьянинг мустақиллигига қонунга хилоф усулда тажовуз қилинганми?

Менимча, суд ишига аралашиш масаласида айнан шу мезон асосий чегарани белгилаб бериши керак.

👉@sudlarimiz
Post #17 795
Мустақиллик судьяга берилган имтиёз эмас.

Судьянинг мустақиллиги унинг манфаатларига хизмат қиладиган шахсий имтиёз эмас.

Суд мустақиллиги фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончининг кафолати десак тўғри бўлади.

Бошқача айтганда, судьянинг мустақиллиги унинг фуқаролар олдидаги асосий масъулиятидир.

👉@sudlarimiz
Post #16 11.7K
Судьяларни ортиқча тадбирлар ва ҳар хил мажлислардан халос қилинг!

Қўйинг уларни, шундоқ ҳам кўрадиган ишлари, ёзадиган қарорлари тиқилиб ётибди. Ишонинг, ўзи ўша тадбирлару мажлисларда бўлсада, ҳаёли бутунлай бошқа жойда: уни зорланиб кутаётган бечора фуқароларда ва ҳали ёзишга улгурмаган қарорларида бўлади. Ундан кўраси юритувидаги суд ишларига ажратсин бор вақтини.

👉@sudlarimiz
Post #15 1.16K
Эртага фаросатлилар куни бўлиб ўтади

Эртага – 25 сентябрь куни "автомобилсиз кун" акцияси ўтказилади.

Мен буни бошқача номлаган бўлар эдим – фаросатлилар куни.

Шунга эртага барчадан имкон қадар фаросатли бўлишни сўраб қоламиз.

👉@sudlarimiz
Post #14 1.18K
Судьялардан бири турмуш ўртоғи билан оилавий ва уй-жой низоси бўйича судлашаётган экан. Шу масалада қарши томон биздан ёрдам сўради. Олмадим. Худдики, бировнинг нозик жойини топиб олгандек ва шундан фойдаланишни мақсад қилгандек кўринишни истамадим. Ўзаро ишларда юзма-юз келиб турамиз. Тўғри келмайди деб ўйладим.

👉@sudlarimiz
Post #13 1.33K
Ўрта бўғин судларидаги ҳозирги тафтиш босқичи деярли умидсиз босқич.

Адвокатларнинг аксари ишонч билдирувчиларига бу босқич ҳақида одатда шундай дейди:

Апелляция суди судьялари ҳам, тафтиш суди судьялари ҳам битта судда ишлайди. Улар кунда-кунора бир-бирларининг ишларини кўради. Шунинг учун тафтиш суди апелляция судидаги шерикларининг қарорини ўз кучида қолдиради.

Биз барибир тафтиш шикоятини берамиз, чунки биз барибир бу босқичдан ўтиб олишимиз керак. Иложи борича тезроқ ўтишимиз керак. Асосий умид Олий судда.


👉@sudlarimiz
Post #12 1.17K
Бир танада беш одам

Туманлар ва туманлараро судларида девонхона мудирлари деган суд ходимлари бор. Ҳар нарсага балогардон ўшалар.

Келаётган ариза-шикоятлар ҳам, кирим-чиқим ҳужжатлари ҳам, ижро интизомини назорат қилиш ҳам, таҳлиллару-умумалаштириш ҳам ва энг асосийси, шу суддаги кадрларга доир иш юритиш ҳам унинг зиммасида.

Бир танада беш одам деса бўлади.

👉@sudlarimiz
Post #11 10.5K
#муносабат

Олий суд раҳбариятининг маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириш юзасидан Давлат раҳбарига қилган тақдимоти юзасидан қисқача фикр.

👉@sudlarimiz
Post #10 12.2K
#ҳазил

Чидасанг шу!

Икки судья бир хил ишни кўриб чиқиб, лекин икки хил қарор чиқарибди.

Бечора қонун улардан сўрабди:

— Мен битта эдим-ку, нега қарорлар икки хил?

Судьялардан бири:

— Тўғри, сен биттасан.

Иккинчиси қўшибди:

— Лекин биз сени ҳар хил ўқиймиз. Чидасанг, шу.

👉@yuristkadr
Post #9 1.14K
Қойил!

Конституциявий суди Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш имконини берувчи норманинг конституциявийлигини кўриб чиқди.

Якунда бу нормани Конституциямизга хилоф деб топди.

👉@sudlarimiz
Post #8 1.04K
Судья робот эмас

Улар ҳам бошқалардек тўй-ҳашамлару, маъракаларда юришга ҳақли. Шахсан мен судьяларни кафе ва ресторанларда оддий одамлардек дам олиб ўтиришини, ўйин-кулгу қилишини жуда оддий қабул қиламан. Бу унинг мутлақо шахсий хаёти деб ҳисоблайман. Муайян суд ишига алоқадор тараф билан бўлмаса бўлди бунда.

Шунингдек, унинг бошқа шахслар билан фуқаролик муаммоларию, низолари ҳам унинг ўзига тегишли. Масалан, судья ажрашаётган бўлса, ёки қўшниси билан уй-жой масаласида низолашаётган бўлса, бу унинг судьялик фаолиятига таъсир ўтказмаслиги керак. Ёки бу иши учун уни маломат қилиш жиддий хато бўлади.

Ахир, судья робот эмас, бошқалар каби одам у ҳам.

👉@sudlarimiz
Post #7 10.3K
Энг мустақил ҳокимият шубҳасиз, судлар бўлиши керак.

Бироқ, кучишлатар тизимларида ва ҳокимларда барибир куч ва имконият катта. Уларнинг таъсир даражаси ва улардаги ресурслар хатто судларни ҳам қўрқувга солиб туради.

Агар судлар ўзи билан ўзи бўлиб қолса ва ортида кучли қўлловчи бўлмаса, улардаги мустақилликдан асар ҳам қолмайди.

Бу гаплар Ўзбекистон судларига ҳам тегишлими?

Бўлмасамчи!

👉@sudlarimiz
Older posts →

About this channel

How can I read @sudlarimiz without a Telegram account?
TGViewer shows the public web preview Telegram publishes for SUDLARIMIZ: recent posts, photos, videos and the subscriber count, with no app, login or account.
How many subscribers does SUDLARIMIZ have?
SUDLARIMIZ (@sudlarimiz) has 468 subscribers on Telegram, refreshed roughly every 30 minutes.
Does SUDLARIMIZ know I viewed it here?
No. Public channel previews carry no viewer identity, and TGViewer has no accounts or tracking of what you look up.
Threads Profile ViewerView any public Threads profile without an account.Open ThreadLook →Writing with AI? Make it sound human.Metric37 rewrites AI drafts so they read naturally. Free AI detector, 1,500 words free.Try Metric37 →