Судья нимадан азобланади?
1. Суд фаолиятига аралашишлар ва турли таъсирлардан.
Судьянинг фаолиятидаги энг катта қийинчилик — ҳеч кимга тобе бўлмай, фақат қонунга таяниб қарор қабул қилишдир. Ижро ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ички раҳбарлар ёки нуфузли шахслар томонидан бўладиган яширин ёки очиқ босимлар судья учун ҳақиқий синов. Бу ҳолат судьяга доимий руҳий азоб беради.
2. Ортиқча юкламалардан.
Судда кўриладиган ишлар сони борган ошиб бормоқда. Судья бир кунда ўнлаб фуқаролик, иқтисодий ёки жиноят ишларини кўриб чиқишига тўғри келади. Ҳар бир ишнинг орқасида инсон тақдири турганлиги сабабли, вақт етишмаслиги оқибатида хато қилиб қўйишдан қўрқиш судьяни ҳар доим безовта қилади.
3. Маънавий ва руҳий босимдан.
Судья кундалик фаолиятида жамиятнинг энг оғир қатламлари билан тўқнашади. Суд жараёнида ҳар доим бир томон норози бўлиб қолади. Айниқса, оилавий ажримлар, алимент, уй-жой низолари ёки оғир жиноий ишларда қабул қилинадиган қарорлар судьядан катта руҳий куч талаб қилади. Доимий равишда одамларнинг дард-аламини ва уларнинг норозилигини эшитиш судьяда кучли психологик чарчоқни келтириб чиқаради.
4. Қонунчиликдаги ноаниқликлардан.
Баъзида қонун ҳужжатларида бир-бирига зид келувчи нормалар учраб туради. Қонуннинг аниқ шарҳланмаганлиги ёки ундаги бўшлиқлар судьяни "қайси нормани қўлласам экан" деган иккиланиш қаршисида қолдиради. Шахсий виждон ва қуруқ қонун талаби ўртасидаги қарама-қаршилик ҳам ични тирнайдиган ҳолатлардан биридир.
5. Сохта гувоҳлар ва далилларнинг етарли эмаслигидан.
Одил судловни амалга оширишда судья фақат тақдим этилган ҳужжатлар, далиллар ва кўрсатмаларга таянади. Сохта жабрланувчилар, сохта гувоҳлар ёки тергов томонидан чала йиғилган далиллар ҳақиқатни аниқлашни қийинлаштиради. Судья кимдир ёлғон гапираётганини ич-ичидан сезиб турса-да, агар буни исботловчи юридик асос бўлмаса, ҳужжатга қараб ҳукм чиқаришга мажбур бўлади. Бу ҳам бир азоб.
👉@sudlarimiz
Post #25
8.05K