Жамиятда судга нисбатан чексиз ҳурмат шаклланиши керак, бунинг учун...
Жамиятда судга ва судьяларга нисбатан юксак ҳурмат ва ишонч бўлиши керак. Зеро, қонунлар ҳамма учун бирдек ишлаши, адолат қарор топиши учун, аввало, суднинг мавқеи ва нуфузи жамият онгида мустаҳкам бўлиши лозим. Одамлар судьялик рутбасининг мазмун-моҳиятини, бу касб эгасининг бошқа соҳалар вакилларидан фарқини ич-ичидан англаши керак.
Бу нимада намоён бўлади? Тумандаги оддий судья чиқарган қонуний ва асосланган қарор — ким бўлишидан қатъи назар, барча учун мажбурий. Унинг қарорини ҳоким ҳам, вазир ҳам, ҳатто давлатнинг энг юқори мансабдор шахслари ҳам қонун доирасида ҳурмат қилиши ва ижро этиши шарт. Мана шу — суд ҳокимиятининг моҳияти.
Судья — аввало, юксак билим ва профессионал кўникмага эга, катта ҳаётий ва касбий тажрибани орттирган, шу билан бирга, намунали хулқ-атвор, мустаҳкам характер, ҳалоллик ва юксак виждон эгаси бўлиши керак.
Чунки одамлар судьянинг шахсиятида нафақат қонунни биладиган мутахассисни, балки ўзининг ҳаёти ва хулқ-атвори билан бошқаларга ўрнак бўла оладиган инсонни кўриши лозим.
Масаланинг энг муҳим нуқтаси ҳам шу ерда. Судга бўлган юксак ҳурмат ва ишончни мажбуран шакллантириб бўлмайди. Уни шиорлар ёки тарғибот эмас, аввало, судьяларнинг феъл-атвори, суд мажлисларини ўтказиш маданияти, ишларни кўриш сифати, холислиги ва чиқарилаётган қарорларнинг қонунийлиги ва асосланганлиги шакллантиради.
Жамият, одамлар судьяда адолатни, холисликни, ҳалолликни ва қонунга садоқатни кўрса, уларда судга бўлган ҳурмат ва ишонч ортади. Шунинг учун судга бўлган ҳурматни энг биринчи навбатда судьянинг ўзидан бошлаш керак.
👉@sudlarimiz
Post #19
8.95K