Ҳар қандай таъсир ҳам суд ишига аралашиш бўлавермайди
Чунки «таъсир» сўзининг маъноси жуда кенг. Судья муайян ишни кўраётганда атрофидаги турли воқеа-ҳодисалар, фикрлар, муносабатлар ва ҳатто эмоционал чиқишлардан хабардор бўлиши, уларни қабул қилиши мумкин. Аммо бу таъсирларнинг барчасини ҳам суд ишига аралашиш деб баҳолаб бўлмайди.
Менимча, асосий мезон — таъсирнинг қандай восита орқали амалга оширилгани. Агар таъсир қонунга хилоф йўл билан амалга оширилса, буни суд ишига аралашиш сифатида баҳолаш мумкин.
Масалан, судьяга таҳдид қилиш орқали таъсир ўтказиш — қонунга хилоф ҳаракат. Ёки муайян мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, судьяга муайян суд иши юзасидан топшириқ бериши ҳам суд ишига аралашиш ҳисобланади. Қўрқитиш, шантаж қилиш, босим ўтказиш ва шу каби бошқа ноқонуний усуллар ҳам шундай.
Бироқ таъсирнинг бошқа кўринишлари ҳам бор. Масалан, суд иштирокчиларининг суддаги одатий тортишуви ва эмоционал фикрлари ҳам, моҳиятан, судьяга таъсир ўтказишга қаратилган. Адвокатнинг ҳимоя нутқида «ҳимоямдаги шахс қонун бўйича оқланиши шарт», деган позицияни билдириши ҳам таъсир.
Ёки бўлмасам, прокурорнинг судда айблов нутқини сўзлаб, судланувчига оғир жазо тайинлашни сўраши ҳам таъсир албатта.
Лекин булар қонунга хилоф таъсир эмас. Чунки бу ҳаракатлар суд иштирокчиларининг қонун билан берилган процессуал ҳуқуқларини амалга ошириш доирасида содир бўлади. Ҳатто иштирокчининг «агар даъво талабларимиз қаноатлантирилмаса, Олий судгача борамиз, охиригача курашамиз» деган гапи ҳам, агар у қонуний шикоят қилиш ҳуқуқини назарда тутган бўлса, ўз-ўзидан судга аралашиш ҳисобланмайди. Бу — шахснинг ўз процессуал ҳуқуқларини эслатиши, холос.
Яна бир оддий мисол. Судда иши кўрилаётган фуқаро судьянинг қабулига кириб, «илтимос, адолат қилинг. Бор умидимиз сиздан. Шу ишни бизнинг фойдамизга ҳал қилиб беринг» деса-ю, бунда судьяга ҳеч қандай моддий манфаат таклиф қилмаса, таҳдид қилмаса, шантаж қилмаса ва бошқа қонунбузарликка йўл қўймаса, мен бундай хатти-ҳаракатни автоматик равишда «суд ишига аралашиш» деб баҳоламаган бўлар эдим.
Чунки бу ерда ҳам таъсир бор. Лекин қонунга хилоф таъсир мавжуд эмас.
Энди жамоатчилик фикрига келайлик. Айни пайтда муайян суд ишининг ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиниши, одамларнинг бу иш бўйича турли фикр билдириши, кимдир айбдорни қаттиқ жазолашни, кимдир эса бошқа чорани талаб қилиши — буларни, аввало, жамоатчилик фикри сифатида қабул қилиш керак. Буни ўз-ўзидан суд ишига аралашув деб бўлмайди. Чунки бу ҳолатда ҳам қонунга хилоф ҳаракат бўлиши шарт.
Албатта, муайян судья жамоатчилик фикрини психологик босим сифатида қабул қилиши мумкин. Масалан, ижтимоий тармоқларда ҳамма муайян жазони талаб қилаётган бир пайтда, судья бошқача қарор чиқарса, жамоатчиликнинг ғазабига дуч келишидан чўчиши мумкин. Лекин бу ерда жуда муҳим бир нуқта бор:
жамоатчилик фикрини босим сифатида қабул қилиш — жамоатчиликнинг судьяга аралашуви эмас, балки судьянинг ички иродаси ва қарор қабул қилиш қобилияти билан боғлиқ масала. Иродаси мустаҳкам, қонунга содиқ судья ижтимоий тармоқларда қанчалик катта шов-шув бўлишидан қатъи назар, иш бўйича далиллар, қонун ва ўз ҳуқуқий ишончига таяниб қарор чиқаради.
Шунинг учун менимча, бу ерда энг муҳим фарқни унутмаслик керак: таъсир — кенг тушунча, аралашув эса торроқ тушунча; қонунга хилоф таъсир эса суд ишига аралашувнинг ўзгинасидир.
Демак, судьяга таъсир қилган ҳар қандай ташқи омилни «суд ишига аралашув» деб баҳолаш тўғри эмас.
Асосий масала бутунлай бошқа: яъни бу таъсир қонун билан рухсат этилган процессуал воситалар орқали амалга оширилдими ёки судьянинг мустақиллигига қонунга хилоф усулда тажовуз қилинганми?
Менимча, суд ишига аралашиш масаласида айнан шу мезон асосий чегарани белгилаб бериши керак.
👉@sudlarimiz
Post #18
822