Android смартфонларда мавжуд, лекин iPhone да бўлмаган баъзи имкониятлар
Яқинда Apple ўз мобил қурилмалари учун янгиланган iOS 16 операцион тизими бета-версиясини тақдим этди. Ҳеч кимга сир эмаски, смартфон ишлаб чиқарувчи компаниялар рақобатчиларидаги энг яхши ғояларни ўзлаштириб туришади. Сўнги iOS янгиланишида Apple компанияси кўпроқ Android операцион тизимидан илҳомланганга ўхшайди. Масалан, энди, iPhone фойдаланувчилари блоклаш экранини ўзларига мослаб созлашлари, юз билан очиш функциясидан (Face ID) горизонтал ҳолатда фойдаланишлари, уланган Wi-Fi тармоғи паролини кўришлари мумкин. Албатта, юқорида кўрсатилган имкониятлар Android фойдаланувчиларида илгаридан мавжуд.
Ўзим Apple қурилмалари (iPhone) фойдаланувчиси бўлмасам-да, компаниянинг янги маҳсулотларини доимий кузатиб бораман. Қуйида Android смартфондан iPhone га ўтишни режалаштираётган фойдаланувчиларда қандай имкониятлар бўлмаслиги ҳақида маълумот бериб ўтаман:
1. Илова ва ўйинларни турли хил манбалардан юклаб олиб ўрнатиш. Ушбу имконият Android тизимида иловаларнинг нафақат мод (рекламасиз, пуллик) версияларини, балки смартфонингиз тизимига мос келмаганда эскироғини ёки маълум бир минтақа учун мўлжалланганини ҳам ўрнатишга имкон беради.
2. Тизимдаги стандарт (бирламчи) иловаларни танлаш. Android тизимида смартфонингизда ўрнатилган хоҳлаган стандарт иловани бошқасига алмаштириш мумкин, хоҳ у бош экран (launcher) бўлсин, хоҳ овозли ёрдамчи ёки қўнғироқ қилиш иловаси. Умуман олганда, Apple ўз қурилмалари дастурий таъминотининг "ёғли" жойларини монополлаштирган.
3. Қўнғироқ қилиш иловаси имкониятлари. iPhone да ўрнатилган телефон иловаси рақам теришда контактлар рўйхатидан таклиф бермаслиги (рақамни тўлиқ териш керак), қўнғироқлар рўйхати фақат охирги ой учун сақланиши, контакт картасидан мессенжерига (масалан Telegram га) ёзиб бўлмаслиги, суҳбатларни ёзиб олиш (запись звонков) имкониятининг йўқлиги сабабли жуда ноқулай ва Apple бошқа шу турдаги иловаларни ўрнатишга рухсат бермайди.
4. AOD, виджетлар ва иловаларнинг бош экранда жойлашуви. Android тизими фойдаланувчиларига таниш бўлган, керакли маълумотларни экранга чиқаришга имкон берувчи Always On Display функцияси iPhone да мавжуд эмас. Шунингдек иловалардаги функцияларни виждетлар орқали бошқариш iPhone да бироз ноодатий тарзда ишлайди (масалан мусиқа плеери виджети орқали қўшиқни ижро этишни бошқариш ёки кейингисига ўтказиш иложсиз). iPhone бош экранида бўш жой бўлмайди, Android да эса энг кўп фойдаланадиган иловаларингизни бош экранда хоҳлаган тарзда жойлаштиришингиз мумкин.
5. Экранни иккига бўлиш, иккинчи жой, иловаларни клонлаш функциялари ва ташқи SD хотира ўрнатиш имконияти iPhone да мавжуд эмас.
P.S.: iPhone қотмайди ёки Android смартфонлардан тезроқ ишлайди каби афсоналар қачонлардир ҳақиқатга яқин бўлган бўлиши мумкин. Лекин iPhone ва умуман iOS тизими ҳам қотиши ҳақиқат. Агарда iPhone нархига тенг бирор Android смартфон харид қилиб iOS тизимидаги каби чекловлар билан фойдаланилса, иккала платформанинг барқарорлиги деярли бир хил бўлар эди. (Apple iPhone ва компания ҳақида шахсий фикрим)
Хулоса: Android тизими смартфонни ўзига мослаш учун фойдаланувчига кўпроқ имконият берса, iOS тизимида ишлаб чиқарувчи фойдаланувчи учун қайғуради.
Савол: Android смартфонларда мавжуд, лекин iPhone да бўлмаган яна қандай имкониятларни биласиз?
#маълумот #iPhone #iOS
Post #1273
5.26K
- 👍 27