Ўзбекликдан фахрлантирадиган инсонпарварлик
Ижтимоий тармоқларда бир видеога кўзим тушиб қолди. Ўзбекистондан Кореяга учган самолётда бир аёлнинг қон босими жуда пасайиб, шок ҳолати юзага келади.
Шунда йўловчилар орасида бўлган ўзбекистонлик шифокор ёрдамга шошилади. Вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам, кислород ва дори воситалари туфайли аёл Кореяга соғ-омон етиб боради.
Қаранг, инсон ҳаёти хавф остида қолган бир вазиятда одамлар қандай бирлашди. Ҳеч ким унинг миллати, тили ёки қаердан келганини сўрамайди. Унақа пайтда инсонийлик, профессионал ёндашув ўз сўзини айтади. Бу каби миллатдошларимиз борлиги доим бизни фахрлантиради.
Бу воқеа ҳақида ёзган кореялик фойдаланувчи Ўзбекистонга илк бор келганини ва ўзбек халқининг меҳридан жуда таъсирланганини баён этган.
Менимча, халқнинг ҳақиқий қиёфаси баландпарвоз гапларда эмас, ана шундай қийин вазиятларда намоён бўлади. Бировнинг бошига кулфат тушганда қўл узатиш, ёрдамга шошилиш, бегона инсонни ҳам ўз яқинидек кўриш миллатимизга хос олий амаллардандир.
Post #231
152


- ❤ 26
- 🔥 6
- 👍 4
- 👏 2