Ноябрда Ўзбекистон — Россия ўйинини кўришимиз мумкин
Ўзбекистон терма жамоасининг ноябрь ойидаги рақиби ҳали аниқ эмас. Ҳозирча иккита вариант бор: Россия ва Саудия Арабистони. Қизиғи, ким билан ўйнашимиз кўп жиҳатдан учрашув қаерда ўтказилишига боғлиқ бўлиб турибди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Одил Аҳмедов Sport24 нашрига берган интервьюсида терма жамоамиз Россия билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш бўйича келишувга яқин. Маълум бўлишича, россияликлар билан ўйнаш режаси ёздаёқ пайдо бўлган.
Икки терма жамоа 2022 йил ноябрида Тошкентда учрашиб, 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаган. Бу сафар эса Ўзбекистон терма жамоасининг бош мураббийи ҳам, олдида турган вазифалари ҳам бошқача.
Ҳозирча якуний келишув йўқ. Одил Аҳмедовнинг айтишича, учрашув билан боғлиқ масалалар Фабио Каннаваро билан ҳам муҳокама қилиниши керак. Менимча, Россия билан ўйин ташкил этилса, қизиқарли баҳс бўлади. Айниқса, Жанубий Кореяга қарши учрашувдаги мағлубиятдан кейин термамизнинг яна бир жиддий рақибга қарши қандай ўйин кўрсатишини кузатиш қизиқ. Каннаваро ҳам жамоанинг ҳозирги имкониятларини баҳолаб, қайси жиҳатлар устида кўпроқ ишлаш кераклигини аниқлаб олади.
Post #241
401

- 👍 27
- ❤ 2
- 👏 2