Энди “Самарқанд нони” бренди товар белгиси сифатида ҳам давлат рўйхатидан ўтказилибди. Бундан аввал, 2025 йил февралида у географик кўрсаткич сифатида рўйхатга олинган эди.
Хўш, бу нима беради?
Аввало, икки тушунчани фарқлаш керак. Географик кўрсаткич маҳсулотнинг муайян ҳудуд билан боғлиқ хусусиятлари ва обрўсини ҳуқуқий ҳимоя қилишга хизмат қилади. Товар белгиси эса муайян ишлаб чиқарувчи ёки ҳуқуқ эгасининг маҳсулотини бошқаларникидан ажратиб туради.
Яъни энди “Самарқанд нони” номидан тижорат мақсадида фойдаланишда тегишли ҳуқуқий талабларни ҳисобга олишга тўғри келади. Бироқ бу Самарқанд нонини фақат битта корхона пишириши мумкин ёки бошқа нонвойлар уни сотолмайди, дегани эмас. Бу масала рўйхатдан ўтказилган белгининг аниқ кўриниши, ҳуқуқ эгаси ва географик кўрсаткичдан фойдаланиш шартларига боғлиқ.
Хуллас, мазкур рўйхатдан ўтказиш Самарқанд нонининг ўзига хослигини эътироф этиш, миллий гастрономик меросимизни асраш ҳамда ушбу маҳсулотнинг бозордаги нуфузини ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
