TGViewer
Channel Public Channel
Xidirov formati

Xidirov formati

@xidirovformat

Subscribers
366
Photos
135
Videos
144
Links
27

Showing posts older than #299 · Back to latest

Older Posts 18 shown
Post #294 7.7K
Аллоҳга осон...

Куни кеча ўз юртидаги мусулмонларга тинчлик бермаган, Қуръони каримни таҳқирлаб, масжидларга ўт қўйган оломон бугун бошига тушган мусибат қаршисида саросимага тушмоқда.

Оғир синов уларни тафаккурга чорлай бошлаган кўринади, кўзлар очилмоқда. Непалда одамлар оммавий равишда ўз қўллари билан ясаган уйидаги "худолари" бут ва санамларидан воз кечиб, уларни дарёларга улоқтириб ҳақ дин Исломни қабул қила бошлабдилар..

Инсон зоти шу, унинг бошига мусибат келганда, қалбида кўп нарса ўзгаради. Зеро, банда заиф, Аллоҳнинг қудрати эса чексиздир.

Аллоҳ таоло Исломни азиз, мусулмонларни қадрли қилсин. Ҳар биримизни тафаккур қилувчи, ибрат олувчи бандаларидан айласин.

Тафаккур қилайлик...

Социолог, Сухробхўжа Хидиров

@Xidirovformat
  • ❤ 5
Post #293 3.88K
«КАТТА ЛОЙИҲА» — ДОИМ ҲАМ КАТТА НАТИЖА ДЕГАНИ ЭМАС

UzDaewoo автозаводи ишга тушганидан кейин, Қирғизистоннинг ўша вақтдаги президенти Асқар Акаев ўзбекистонлик ҳамкасби Ислом Каримовдан:
— Ислом ака, бу ишдан фойда топдингизми? — деб сўраганида, Ислом Каримов:
— Бу ишимиз катта хато бўлди, — деб жавоб берган экан.

Энди савол: бугунги «катта-катта» лойиҳаларимиздан нечтаси эртага «катта хато» деб баҳоланмайди?

Миллиардлаб маблағ сарфланади. Тантанали очилишлар ўтказилади. Ленталар кесилади, минбарларда баландпарвоз гаплар айтилади. Аммо энг муҳим савол баъзан четда қолиб кетади:
Лойиҳа ҳақиқатан ҳам иқтисодий самара беряптими? Жамиятга қанча фойда келтиряпти? Сарфланган ҳар бир сўм ўзини оқлаяптими?

Лойиҳанинг катталиги эмас, унинг натижаси муҳим.
Бугун қарор қабул қилувчилар учун энг катта жасорат — янги лойиҳани бошлаш эмас. Балки нотўғри кетaётган лойиҳани вақтида тан олиш, хатони яширмаслик ва ундан хулоса чиқаришдир.

Доно халқимиз бежизга:
«Мозийга қараб иш кўрмоқ хайрли», — демайди.

Тарих фақат фахрланиш учун эмас, хатоларни такрорламаслик учун ҳам керак.

Тафаккур қилайлик!

Социолог, Сухробхўжа Хидиров

@Xidirovformat
  • ❤ 1
  • 💯 1
Post #292 433
Aziz yurtdoshim!

Sizni xalqimizning eng ulug', eng aziz bayrami- O'zbekiston Respublikasi Mustaqilligining 35 yilligi bilan samimiy muborakbod etaman.

Har birimiz uchun qudrat manbai, saodat maskani bo'lgan jonajon O'zbekistonimiz osmoni musaffo bo'lsin. Shunday qutlug' damda yurtimizga tinchlik, barchangizga sihat-salomatlik, oilangizga farovonlik tilab qolaman.

Hurmat va ehtirom bilan,
Xidirov Suxrob Norbo'tayevich

@Xidirovformat
  • 🔥 4
  • 👍 2
Post #291 7.76K
iPhone фожиаси: истеъмолчилик жамиятининг ёшлар тафаккурига таъсири

18 ёшли Кунал Чандгуде iPhone сотиб олган. Бироқ телефон учун бўлиб-бўлиб тўлаш (EMI) тўловларини ота-онаси кўтара олмаслиги ортидан оилада жанжал келиб чиққан. Куналнинг отаси ҳайдовчи бўлиб, оиланинг ягона боқувчиси эди.

Кунал ота-онасига қоядан сакраб, ўз жонига қасд қилиш билан таҳдид қилган. У жар ёқасига бориб турган, отаси эса уни бу фикридан қайтаришга уринган. Натижада Кунал мувозанатини йўқотиб, отасини ҳам ўзи билан тортиб кетган ва иккаласи қоядан қулаб, ҳалок бўлган.

Ёнида турган онаси эса бу оғир мусибатга чидай олмай, ўзини ҳам қоядан ташлаган.

Шу тариқа бир оила қиммат телефонни сотиб олиш ва унинг тўловларини амалга ошириш масаласидаги низо сабаб ҳалок бўлган.

Бу воқеа бизга яна бир бор истеъмолчилик психологияси қанчалик хавфли нуқтага бориши мумкинлигини кўрсатади.

Марказий банк маълумотларига кўра, юртимизда 2026 йил 1 январь ҳолатига тижорат банкларида микроқарз олувчилар сони қарийб 2,7 миллион кишига етган ва бир йилда 37 фоизга ошган. Бир қарз олувчига тўғри келадиган шартномалар сони 1,7 тадан 1,9 тага кўпайган. Энг муҳими: 2025 йилда кредит олган аҳолининг 53 фоизида бир вақтнинг ўзида бир нечта қарз мажбурияти мавжуд — бир йил аввал бу кўрсаткич 43 фоиз бўлган.

Юқоридаги фактлар социолог олимлар учун бир муҳим саволни ўртага ташлаши керак: бугун ёшларнинг қадриятларини ким ва нима шакллантирмоқда?
Дунёда ёшлар орасида смартфон ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш кескин ошган. Айниқса, қиммат гаджет, бренд кийим, трендда юриш ва «статус» намойиши орқали ўзини бошқалар билан таққослаш истеъмолчилик кайфиятини кучайтирмоқда.

Муаммо телефонда эмас. Муаммо — инсон қадрини нарх, бренд ва ташқи кўриниш билан ўлчай бошлашда. Агар ёш авлод «мен кимман?» деган саволдан кўра «менда нима бор?» деган саволни муҳимроқ деб билса, бу фақат оила эмас, бутун жамият учун жиддий ижтимоий хавфдир.

Гаджет восита бўлиши керак, ҳаётнинг мақсади эмас, тафаккур қилайлик!

Социолог, Сухробхўжа Хидиров

@Xidirovformat
  • 😢 5
Post #290 11.1K
🇨🇳 Хитойда болалар учун меҳнат лагерлари тобора оммалашмоқда.

Ота-оналар фарзандлари бир ой давомида қишлоқ жойларда меҳнат қилиши учун пул тўлашмоқда.

Мактаб ўқувчилари картошка қазишади, ўтин ёришади ва чорва молларини парвариш қилишади. Шу тариқа ота-оналар фарзандларини меҳнатга ва интизомга ўргатишмоқда.

Бўлажак ҳақиқий хўжалик юритувчи, меҳнаткаш инсонлар тайёрланмоқда.

Охирги йилларда бизнинг жамиятимизда ҳам бундай ёндашувга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Айниқса, болаларни меҳнатдан узоқлаштириб, уларни фақат қулайлик ва тайёр шароитга ўргатиш келажакда мустақил ҳаётга мослашиш, масъулият ва интизом масаласида муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Боланинг ёши ва имкониятига мос, хавфсиз ва тарбиявий аҳамиятга эга меҳнат унинг масъулият, сабр-тоқат, жамоада ишлаш ва ўз меҳнати натижасини қадрлаш каби сифатларини шакллантиришга хизмат қилади. Шу маънода, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик, табиатни асраш ва турли амалий кўникмаларга асосланган таълим-тарбия лагерларини йўлга қўйиш долзарб масала бўлиб бормоқда.

Зеро, китобда ўқилган меҳнат ҳақидаги билим билан меҳнатнинг ўзини ҳис қилиш — икки хил тарбия. Келажакда нафақат билимли, балки меҳнатсевар, масъулиятли ва ҳаётга тайёр авлодни тарбиялашимиз керак.

Тафаккур қилайлик!

Социолог, Сухробхўжа Хидиров

@Xidirovformat
  • 👍 5
  • ❤ 2
  • 🤝 1
Post #288 6.32K
«Ўзбекистон байроғининг яширин сири»

🇺🇿 Ўзбекистон Миллий байроғида «Аллоҳ» сўзи борми?

Ўзбекистон миллий байроғидаги 12 юлдуз расмий талқинда халқимизнинг қадимий тарихи, маданияти ва анъаналари, шунингдек, комилликка интилиш каби маънолар билан боғланади.

Бироқ байроғимиз ғояси ва рамзларини яратишда минглаб йиллик тарихга, бой маънавий меросга ва исломий қадриятларга эга бўлган юртимизнинг диний-маънавий дунёқараши ҳам муайян даражада акс этган бўлиши мумкин, деган қарашлар бор.

Қизиғи шундаки, байроғимиздаги юлдузлар жойлашувига бошқача нуқтаи назар билан разм солсангиз, улар орасида арабча «Аллоҳ» сўзи шаклини кўриш мумкин.

Албатта, бу ҳолат Ўзбекистон давлат байроғи тўғрисидаги расмий ҳужжатларда «Аллоҳ» сўзининг яширин рамзи сифатида қайд этилмаган.

Аммо буни бутунлай инкор этиш ҳам осон эмас. Чунки ҳар қандай миллий рамзни яратишда унинг муаллифлари ўз даврининг тарихи, маданияти, дунёқараши ва маънавий қадриятларидан таъсирланган бўлиши табиий. Шу нуқтаи назардан, байроқ ғояси муаллифлари томонидан исломий маънавиятга бўлган ҳурмат қандайдир рамзий ёки яширин шаклда ифода этилган бўлиши эҳтимолини ҳам мутлақо истисно қилиб бўлмайди.

Бироқ бу фикримни мен ҳозирча тасдиқланган тарихий факт деб эмас, балки рамзий талқин ва эҳтимолий гипотеза сифатида илгари сураяпман.

Лекин, сиз ҳам эътибор беринг, байроғимизнинг юлдузлар жойлашувига разм солганда «Аллоҳ» сўзини кўришингиз мумкин.

Бу шунчаки тасодифий ўхшашликми ёки байроғимиз рамзларида халқимизнинг чуқур маънавий дунёқарашидан қандайдир ишора борми?

Тафаккур қилинг.

Социолог, Сухробхўжа Хидиров

@Xidirovformat
  • ❤ 6
  • 👍 1
Post #287 6.67K
Эркакликни хор қилаётган вайнерлар ёхуд эркакча гап!

Минг йиллар давомида шаклланган жамиятларда «эркаклик» шунчаки ташқи кўриниш ёки хулқ эмас, балки муайян ижтимоий масъулиятлар тизими бўлган: оилани таъминлаш, ҳимоя қилиш, сўзида туриш, оғир вазиятда масъулиятни ўз зиммасига олиш, катталарни ҳурмат қилиш, фарзанд тарбиясида намуна бўлиш ва жамият олдида ўз бурчини ҳис қилиш.

Бугун эса ижтимоий тармоқларда эркакликнинг янги «моделлари» пайдо бўлмоқда. Айрим вайнерлар аудитория эътиборини жалб қилиш учун атайлаб эркакнинг ташқи қиёфаси, овози, ҳаракати ва ижтимоий ролини карикатурага айлантирмоқда.

Албатта, ҳар қандай инсон ўзини эркин ифода этиш ҳуқуқига эга. Масала бунда эмас.

Масала — миллионлаб одамлар, айниқса ёшлар кўраётган образлар аста-секин ижтимоий меъёрга айланиб бораётганида.

Социологияда бу жараённи ижтимоийлашув нуқтаи назаридан кўриш мумкин. Инсон, айниқса ўсмирлик ва ёшлик даврида, «қандай бўлиш керак?» деган саволга жамиятдаги намуна ва образлар орқали жавоб излайди.

Агар контент яратувчилар учун масъулиятли, билимли, меҳнаткаш ва оиласига таянч бўлган эркак образи эмас, балки кўпроқ шов-шув, масхара ва «кўришлар» олиб келадиган карикатуралашган образ фойдали бўлса, бозор механизмлари айнан шу контентни кўпайтиришга ҳаракат қилади.

Энг хавфлиси ҳам шу.

Қадриятлар бир кунда йўқолмайди. Улар ҳар куни такрорланадиган образлар орқали ўзгаради.

Бугун кулги учун яратилган образ эртага оддий ҳолатга, кейин эса ижтимоий меъёрга айланиши мумкин.

Бироқ бу ерда яна бир муҳим жиҳат бор.

Биз анъанавий эркакликнинг барча элементларини ҳам муқаддаслаштиришимиз керак эмас. Зўравонлик, ҳаддан ташқари авторитарлик, ҳис-туйғуларни бутунлай рад этиш ёки «эркак йиғламайди» каби қолиплар ҳам соғлом жамият белгиси эмас.

Демак, гап эски патриархал моделни қайтаришда эмас.

Гап — замонавий, аммо масъулиятли эркаклик моделини шакллантиришда.

Эркак кучли бўлиши керак — аммо кучини зўравонликка эмас, масъулиятга айлантирсин.

Эркак ҳис-туйғуларини ифода эта олсин — аммо масъулиятдан қочишни «эркинлик» деб билмасин.

Эркак замонавий бўлсин — аммо ўз қадр-қимматини аудиториянинг лайкига алмаштирмасин.

Эркак кулсин, ҳазил қилсин — аммо ўзини ва ўз жинсига хос ижтимоий масъулиятларни масхара қилишни оммавий контентнинг асосий моделига айлантирмасин.

Чунки жамиятда эркакликнинг ўзи эмас, унинг мазмуни ўзгармоқда.

Шунинг учун бугун бизга вайнерларни ҳақорат қилишдан кўра муҳимроқ вазифа бор:

Ёш авлодга «эркак қандай бўлиши керак?» деган саволга замонавий, илмий ва миллий қадриятларга мос жавоб берадиган кучли ижтимоий моделни таклиф қилиш.

Акс ҳолда бу бўшлиқни кимдир барибир тўлдиради.

Фақат унинг мазмунини жамият эмас, алгоритм белгилаб қўйиши мумкин.

Социолог, Сухробхўжа Хидиров

@Xidirovformat
  • 👍 4
  • ❤ 2
Post #285 5.26K
Фейсбукда бир киши ўз саҳифасига шу расмни жойлаган экан. Муҳокамалар (комментариялар) қисмида аксарият фикр билдирувчилар асосан ҳоким билан блогерни танлашибди. 😁

Бу ҳолатга бироз кулги билан қараш мумкин, албатта. Аммо масаланинг ортида жиддийроқ ҳақиқат ҳам бор.

Хулоса шуки, инсон ризқ-рўз учун танлаган касби ва банд бўлган соҳаси нафақат ҳалол, балки жамиятга фойдали, одамларга наф келтирадиган ва ҳурматга сазовор бўлган касб бўлиши муҳим.

Чунки касб — фақат пул топиш воситаси эмас. У инсоннинг жамиятдаги ўрни, қадр-қиммати, обрўси ва одамларга қолдирадиган изини ҳам белгилайди. Бугун танлаган касбингиз эртага сиз ҳақингиздаги жамоатчилик фикрига ҳам таъсир қилади.

Шунинг учун ҳали ўзига касб танлаш жараёнида турган ука-сингилларимиз «Қайси касб кўпроқ пул беради?» деган савол билан чекланиб қолмасин.

«Менинг касбим жамиятга қандай наф келтиради? Одамлар мени бу касбим билан ҳурмат қиладими? Ўзим танлаган соҳада ҳалол меҳнат қилиб, муносиб инсон бўла оламанми?» деган саволларни ҳам ўзларига бериб кўришсин.

Касб танлаш — келажакни танлашдир. Шунинг учун касбни ҳам тафаккур билан танлаш керак!

Социолог, Сухробхўжа Хидиров

@Xidirovformat
  • 👍 5
Post #284 6.13K
Отангга раҳмат!

Ўзбекистонда яшаб, шу юртда улғайган ҳар бир миллат вакили мана шу корейс ватандошимиздай бўлиши керак.

Мамлакат аҳолисининг асосий қисмини ташкил этган ва давлат тили бўлган ўзбек тилини мукаммал билиши; юрт маданиятига ҳурмат руҳида тарбияланиши; жамиятда шаклланган доминант қадриятларни ўзида сингдириши; шу билан бирга, мансуб бўлган миллатининг тили ва маданиятини ҳам асраб-авайлаши керак.

Имкони бўлса, дунё тилларидан камида биттасини ҳам ўзлаштириши — унинг дунёқараши ва имкониятларини янада кенгайтиради.

Агар инсон шу юртда яшаб, шу юртнинг тинчлиги, фаровонлиги ва тараққиётидан баҳраманд бўлаётган бўлса, унинг давлат тилини билиши, миллий маданият ва қадриятларга ҳурмат билан муносабатда бўлиши — жамиятга интеграциянинг энг муҳим белгиларидан биридир.

Миллатлар хилма-хиллиги — бойлигимиз. Аммо бу хилма-хиллик умумий Ватан, умумий фуқаролик масъулияти ва умумий қадриятлар атрофида бирлашганда янада кучли бўлади.

Тафаккур қилайлик!

Социолог, Сухробхўжа Хидиров

@Xidirovformat
  • 🔥 5
  • 👍 2
  • 👏 2
Post #283 4.03K
ЎРИСЛАРНИНГ ТАРИХНИ СОХТАЛАШТИРИШ СИЁСАТИ

Ўрисларнинг манфур ва жирканч мустамлакачилик сиёсати нафақат миллий озодлик курашчиларини жисмонан йўқ қилиш, балки улар ҳақидаги тарихий маълумотларни сохталаштириш, номини қоралаш ва халқ хотирасидан ўчиришга ҳам қаратилган.

Мустамлакачилик фақат қурол билан амалга оширилмайди. Унинг энг хавфли шаклларидан бири — тарихни назорат қилиш, кимни қаҳрамон, кимни «босмачи», кимни эса «жиноятчи» сифатида кўрсатишдир. Шу тариқа халқнинг ўз тарихи ва миллий қаҳрамонларига бўлган муносабати ҳам ўзгартирилади.

Айниқса, миллий озодлик ҳаракати иштирокчиларига нисбатан бу сиёсат яққол намоён бўлган. Уларни жисмонан йўқ қилиш билан чекланмай, архив ҳужжатлари, матбуот материаллари, фотосуратлар ва бошқа манбалар орқали улар ҳақидаги тасаввурларни ҳам ўзгартиришга ҳаракат қилинган.

Хусусан, ушбу суҳбатда тарихчи олим қўрбошиларнинг суратлари қандай қилиб разилона тарзда ўзгартирилгани, уларнинг қиёфасига атайлаб салбий тус берилгани ҳақида сўз юритади.

Бу оддий фотосурат масаласи эмас. Бу — тарихий хотира учун кураш масаласи.

Чунки ўз тарихини ким ёзса, авлодларнинг ўтмиши ҳақидаги тасаввурини ҳам кўп жиҳатдан ўша шакллантиради.

Шунинг учун тарихий манбаларни танқидий ўрганиш, архив ҳужжатларини қиёсий таҳлил қилиш ва мустамлакачилик даврида яратилган маълумотларга холис илмий ёндашиш ниҳоятда муҳим. Тарихни фақат ўқиш эмас, унинг қандай ёзилганини ҳам англаш керак.

Ушбу суҳбатни диққат билан эшитинг ва тафаккур қилинг.

Социолог, Сухробхўжа Хидиров

@Xidirovformat
  • 👍 1
Post #282 5K
«Чет элда ўқиб келган!»

— дея оғзини тўлдириб гапираётганлар бир муҳим ҳақиқатни унутмасин.

Хорижда инсонга фақат диплом ва касбий билим берилмайди. У билан бирга ўша жамиятнинг қадриятлари, дунёқараши, ижтимоий меъёрлари, ҳаёт тарзи ва манфаатларига мос қарашлар ҳам онгли ёки онгсиз равишда сингиши мумкин.

Бу — хорижда таълим олганларнинг барчаси ўз қадриятини йўқотади, дегани эмас. Асл масала — инсон хорижий билимни ўзлаштирдими ёки хорижий тафаккурнинг тайёр қолипларини ҳам танқидсиз қабул қилдими?

Видеодаги оддий кейсга эътибор беринг. Унда хорижий трансмиллий корпорациялар манфаатлари қай даражада ҳимоя қилинаётгани ва хорижда таълим олиб қайтган айрим соҳа мутахассисларининг бу ҳолатга кўз юмаётгани фош этилмоқда. Диетологларга очиқ-ойдин таъна қилиниши билан боғлиқ ҳолатнинг ўзиёқ бу масалага жиддийроқ ва танқидийроқ ёндашиш зарурлигини кўрсатади. Агар оддий бир касб эгасидаги қарашлар шу қадар кескин муҳокама қилинаётган бўлса, энди шу мезонни таълим, маданият, сиёсат, иқтисодиёт, медиа, ҳуқуқ, бошқарув ва бошқа соҳаларда хорижда таълим олган кадрларга нисбатан ҳам қўллаб кўрайлик.

Хорижда таълим олиш — катта имконият.

Лекин хорижий университетдан диплом олиб қайтиш — ҳали миллий манфаатга хизмат қиладиган мутахассис бўлиб қайтиш дегани эмас.

Муҳими — хориждан билимни олиб, қолипни эмас; технологияни олиб, мафкурани эмас; илғор тажрибани олиб, миллий ўзликни йўқотмаслик.

Шунинг учун кўплаб мамлакатларда хорижда таълим олиб қайтган кадрларнинг миллий ижтимоий муҳитга мослашуви, миллий қадриятлар ва давлат манфаатларини англашига қаратилган турли дастур ва механизмлар йўлга қўйилган.

Назаримизда, энди Ўзбекистонда ҳам бу масалага тизимли ёндашув вақти келди. Хусусан, Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан хорижда таълим олиб, юртимизга қайтган кадрлар учун маънавий қадриятлар, миллий ўзлик, мустақил тафаккур ва миллий манфаат масалаларини қамраб олган махсус ўқув курслари дастурини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Бундай курснинг мақсади хорижий билимни чеклаш ёки хорижий тажрибадан воз кечиш эмас.

Аксинча, хориждан олинган билим ва тажрибани миллий тараққиёт мақсадлари билан уйғунлаштириш, кадрларда танқидий ва мустақил тафаккурни кучайтириш, миллий қадриятларга таянган ҳолда глобал тажрибани қабул қилиш маданиятини шакллантиришдан иборат бўлиши керак.

Бизга хорижда ўқиб келган, аммо ўз юртига бегона бўлиб қолган кадр эмас, дунёни кўрган, лекин ўзлигини йўқотмаган; илғор тажрибани билган, лекин миллий манфаатни унутмаган; танқидий фикрлайдиган ва мустақил қарор қабул қиладиган кадрлар керак.

Чунки глобаллашув шароитида энг катта хавф — хорижда ўқиш эмас.

Энг катта хавф — ўзлигини англамай туриб, ўзганинг тайёр дунёқарашини «илм» деб қабул қилиш.

«Олдидан оққан сувнинг қадри йўқ», — дейди доно халқимиз.

Балким, биз ҳам ўзимиздаги кадрларни, ўз мактабларимизни ва ўз қадриятларимизни ана шундай кўз билан қайта баҳолашимиз керакдир.

Хорижга чиқиш — тараққиёт.
Хориждан билим олиш — имконият.
Аммо ўзлигингни сақлаб, олган билимингни Ватан манфаатига хизмат қилдириш — ҳақиқий маърифат.

Тафаккур қилайлик.

Социолог, Сухробхўжа Хидиров

@Xidirovformat
  • 👍 4
Post #281 4.95K
Қонга сингган фазилатлар

Аслида, халқ орасидаги ушбу гўзал саломлашиш ва меҳмондўстлик анъаналари суннат тушунчасининг ижтимоий хотира ва миллат онгига соф шаклда муҳрланганидан нишонадир.

Саҳобаи киромлардан Абдуллоҳ бин Амр (р.а.) Пайғамбар алайҳиссаломдан:

— «Исломда энг хайрли амал қайси?» — деб сўраганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Муҳтожларга таом едиришинг ҳамда таниш ва танимаган кишинга салом беришингдир», деб марҳамат қилганлар.

Бугун аҳолининг катта қисми ушбу ҳадиси шарифни лафзан (сўзма-сўз) билмаган тақдирда ҳам, уламолар ҳамда азиз мутасаввифларнинг асрлар бўйи давом этган маънавий иршодлари, тарбиялари натижасида бу набавий ахлоқ ўзбек жамиятининг қон-қонига бутунлай сингиб кетган ва кундалик турмуш тарзига айланган.

Манба: Турк олими Кемал Явузнинг «Мен таниган Ўзбекистон» асаридан.

Тафаккур қилиш қобилиятига эга инсонлар учун!

@Xidirovformat
  • ❤ 5
Post #280 9.57K
КИТОБ ЎҚИГАНИ ЎЛИМДАН САҚЛАДИ

1997 йилда Мексика федерал ноиби Виктор Кинтана ёлланма қотиллар томонида ўғирлаб кетилди. Бу ёлланма қотиллар ифлос сиёсатчилар томонидан ёлланган эди. Чунки Кинтана уларнинг шубҳали шартномаларини фош қилар эди. Улар Кинтанани арқон билан боғлаб роса тепкилашди. Сўнгра уни отишдан олдин ўтириб ароқ ичишди. Сўнгра футбол ҳақида суҳбатлаша бошлашди. Суҳбатга Кинтана аралашди. У Эдуардо Галианонинг “Қуёш ва соядаги футбол” асаридан турли ҳикояларни қотилларга айтиб берди. У худди Шаҳризода сингари ҳар бир ҳикояни умрининг бир неча дақиқасига алмаштирмоқда эди, дақиқалар ўтаверди, қиссалар айтилаверди. Охирида қотиллар уни қонга беланган ҳолида ўлдирмасдан ташлаб кетишди. Улар кетиш олдидан Кинтанага шундай дейишди:
   “Футбол ҳақида кўп нарса билганинг учун сени ўлдирмадик!”.

   Виктор Кинтанани ўлмасдан қолишига футбол ҳақида кўп ўқиганлари сабаб бўлди.  
   Бир неча дақиқадан сўнг пешанасидан отиладиган кишини китоб ўқигани ўлимдан қутилиб қолишига сабаб бўлади деб ким ўйлабди дейсиз?! Аммо бу иш содир бўлди!

Бўлиб ўтган воқеадан олинадиган хулоса шуки, китоб ўқиб юрган инсон ўзининг юксак тафаккур тарзи, кенг дунёқараши ва бой билими билан кутилмаган вазиятларда ҳам тўғри йўл топа олади. Китоб инсонга нафақат билим, балки мулоҳаза, мулоқот маҳорати, вазиятни теран англаш ва ҳатто ҳаёт учун курашиш имконини ҳам беради. Баъзан бир ўқилган китоб йиллар давомида эсдан чиқмайди ва айнан энг ҳал қилувчи паллада инсоннинг тақдирини ўзгартиради. Шунинг учун китобга сарфланган ҳар бир дақиқа ҳеч қачон беҳуда кетмайди. Чунки китоб инсонни фақат маънан эмас, айрим ҳолларда ҳаётан ҳам асраб қолиши мумкин.

Энг муҳим сармоя — бу бугун ўқиган китобимиздир.

Тафаккур қилайлик!

@Xidirovformat
  • 👍 5
  • ❤ 1
  • 👏 1
  • 🤔 1
  • 💯 1
Post #278 4.43K
🇹🇷🇺🇿 Туркиялик машҳур тарихчи Эрҳан Афёнжу ёшларни Ўзбекистонга сафар қилишга чақирди:

««Ўзбекистон туркий дунёда алоҳида ўрин тутади. Бу юрт бой тарихий ва маданий меросга эга. Ёшлар Ота юрт сифатида Ўзбекистонга, албатта, бориб кўриши керак».»

Ҳа, баракалла! Ўзбекистонга нафақат туркий дунё ёшлари, балки дунёнинг барча халқлари келиши учун асос бор.

Араб дунёси вакиллари келсин — бу заминда ислом цивилизациясининг илмий, маърифий ва бағрикенглик анъаналари шаклланганини кўрсин.

Европа ва Ғарб дунёси келсин — бугунги тараққиётнинг муҳим илдизларидан бири бўлган Марказий Осиё илм-фани, Ипак йўли ва Шарқ уйғониши тарихини англасин.

Хитой, Корея ва Япония халқлари келсин — Кушонлар даври орқали буддавийликнинг Шарққа тарқалишида муҳим ўрин тутган Далварзинтепа, Фаёзтепа, Қоратепа каби тарихий масканларни зиёрат қилсин.

Ислом олами келсин — Имом Бухорий каби буюк бобокалонларимиз мероси билан танишсин, Бухоро, Самарқанд, Термиз, Хива каби шаҳарларда ислом илм-фани, маърифат ва мутадиллик анъаналари қандай шаклланганини англасин.

Шимолий ўлкалардан келганлар эса қуёшли юртимизнинг табиати, меъморчилиги, таомлари ва меҳмондўстлигидан баҳраманд бўлиб, жисмоний ва маънавий озуқа олиб қайтсин.

Зеро, Ўзбекистон — фақат бир миллат ёки бир цивилизация тарихи эмас. Бу замин турли цивилизациялар учрашган, ғоялар, динлар, илм-фан ва маданиятлар бир-бири билан боғланган макондир.

Шунинг учун туризмни шунчаки иқтисодий даромад манбаи сифатида эмас, балки Ўзбекистонни жаҳон цивилизациясининг очиқ музейи, илм-маърифат ва маданият маркази сифатида намоён этиш воситаси деб қарашимиз керак.

Мақсадимиз шундай бўлсинки, дунёдаги ҳар бир инсон ҳаёти давомида камида бир марта Ўзбекистонга келишни орзу қилсин.

Туризмни ривожлантирайлик. Тарихимизни дунёга танитайлик. Меросимизни асрайлик. Ва Ўзбекистонни дунё тамаддунининг яна бир буюк ўчоғига айлантирайлик.

Тафаккур қилайлик.

Социолог, Сухробхўжа Хидиров

@Xidirovformat
  • ❤ 3
  • 🔥 2
Post #276 4.43K
Футболда маънавият нимага керак?

Инсоннинг дунёқараши, қадриятлари ва хулқ-атвори фақат оила ёки таълим тизимида эмас, балки у ҳар куни кузатаётган ахборот, маданият ва оммавий муҳит таъсирида ҳам шаклланади.

Мухлислар ҳам халқнинг бир қисми. Улар ўзлари қизиққан спорт, санъат, медиа ва машҳур шахслар орқали муайян ғоялар, муносабатлар ва қадриятларни онгли ёки беихтиёр қабул қилади. Шунинг учун маънавий-маърифий ишларнинг вазифаси одамларнинг қизиқишларини чеклаш эмас, балки айнан шу муҳит орқали миллий қадриятлар, ватанпарварлик, одоб-ахлоқ ва ижтимоий масъулият ғояларини сингдиришдан иборат. Агар бу соҳада тизимли ва профессионал ишлар олиб борилмаса, ахборот маконида бегона ғоялар устунлик қилиб, айрим инсонларнинг миллий ўзликка бефарқ бўлиши, маданий илдизлардан узоқлашиши ва бошқа муҳитларга хос хатти-ҳаракатларни кўр-кўрона такрорлашига замин яратиши мумкин.

Сиз видеода кўриб турган ҳолат ҳам шу ҳақда ўйлашга ундайди. Айрим футбол мухлислари оломон психологияси таъсирида ўз миллий мухлислик маданиятидан кўра, бошқа давлатлар ёки маданий муҳитларга хос хулқ-атворни тақлид қилаётганини кўриш мумкин. Бу эса футбол мухлислари ўртасида маънавий-маърифий ишларни янада тизимли ташкил этиш зарурлигини кўрсатади.
Футбол нафақат спорт, балки катта тарбиявий ва ижтимоий майдон ҳамдир. Шу боис бу соҳада миллий ғурур, маданият, ўзаро ҳурмат, масъулият ва ватанпарварликни тарғиб қилишга қаратилган маънавий-маърифий ишларга алоҳида эътибор қаратиш вақти келди.

Маънавият — миллатнинг маънавий иммунитетидир. Миллий ўзлигини англаган, қадриятларига содиқ жамиятгина глобал ахборот оқимида ўз қиёфаси ва шаънини сақлаб қола олади.

Биз мухлислик маданиятини кимдан ва нимадан ўрганяпмиз? У миллий қадриятларимизга хизмат қиляптими ёки бизни ўзлигимиздан узоқлаштиряптими?

Тафаккур қилайлик!

Социолог, Сухробхўжа Хидиров

@Xidirovformat
  • 👍 2
  • ❤ 1
Post #274 4.42K
Узоқ яшаяпмиз, аммо соғлом яшай олмаяпмиз!

1990–2023 йиллар оралиғида дунёда ўртача умр кўриш давомийлиги 64,6 ёшдан 73,8 ёшгача ошди. Бироқ бу ўсиш билан бирга инсонлар сурункали касалликлар ва саломатлик билан боғлиқ муаммоларда ўтказадиган вақт ҳам кўпайди. Соғлом ҳаёт давомийлиги 55,9 ёшдан 63,1 ёшгача ошган бўлса, касаллик билан кечадиган ҳаёт даври 8,8 йилдан 10,7 йилгача узайган. Бугун инсон ўртача умрининг 14,5 фоизини турли хасталиклар билан курашиб ўтказмоқда.
Мутахассислар бу ҳолатнинг асосий сабаблари сифатида қонда қанд миқдорининг ошиши, ортиқча вазн ва она-бола овқатланишидаги етишмовчиликларни кўрсатмоқда.

Социолог сифатида бу муаммога қуйидаги ечимларни таклиф қиламиз:

«Маромийлик» умуммиллий ҳаракати доирасида соғлом овқатланиш, меъёрий истеъмол, мунтазам жисмоний фаоллик ва профилактик тиббий кўрик маданиятини кенг тарғиб қилиш.

Мактаб, олийгоҳ, маҳалла ва меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган узлуксиз маънавий-маърифий дастурларни амалга ошириш.

Соғлиқ учун зарарли маҳсулотлар (қандли ичимликлар, фастфуд, трансёғларга бой маҳсулотлар ва бошқалар) рекламасини, айниқса болалар ва ёшларга қаратилган рекламаларни чеклаш ҳамда соғлом маҳсулотлар тарғиботини рағбатлантириш.

Қандли ичимликлар, юқори калорияли маҳсулотлар ва зарарли одатлар истеъмолини камайтиришга қаратилган ижтимоий ахборот кампанияларини кучайтириш.

Аҳолининг соғлом турмуш тарзига муносабати ва хулқ-атворини мунтазам социологик мониторинг қилиш ҳамда натижалар асосида мақсадли профилактика чораларини ишлаб чиқиш.

Давлат, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари ҳамкорлигида соғлом ҳаёт тарзини жамиятнинг ижтимоий қадриятига айлантириш.

Соғлом турмуш тарзи бу шахсий танловгина эмас, балки келажак авлод олдидаги масъулият ҳамдир.

Тафаккур қилайлик!

Социолог, Сухробхўжа Хидиров

@Xidirovformat
  • ❤ 2
Post #272 6.65K
Бугун аёлларимиз оилада эркакнинг асосий вазифасини фақат таъминотчи сифатида кўра бошлашди.

Бу масала ижтимоий психология, оила социологияси ва иқтисодиёт кесишмасида ўрганилади. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, агар эркакнинг оиладаги роли фақат моддий таъминотчи сифатида қабул қилинса, бу оилавий муносабатларга бир қатор салбий таъсирлар кўрсатиши мумкин.
Асосий оқибатлар қуйидагилар:
Эмоционал яқинликнинг сусайиши.
Оила психологиясига оид тадқиқотлар (масалан, Жон Готтман ишлари) жуфтлик барқарорлигида меҳр, суҳбат, ўзаро қўллаб-қувватлаш моддий таъминотдан кам аҳамиятга эга эмаслигини кўрсатади. Агар эркакнинг қадри фақат топган даромади билан ўлчанса, эмоционал алоқа заифлашиши мумкин.
Муносабатларнинг "тижоратлашиши".
Никоҳ ўзаро муҳаббат, ҳурмат ва масъулиятга эмас, балки "сен пул топасан — мен бошқа вазифаларни бажараман" деган шартли муносабатга айланиши хавфи пайдо бўлади. Бу эса ишонч ва шериклик ҳиссини пасайтиради.
Молиявий босимнинг ортиши.
Эркак ўзини доимий равишда даромади орқали баҳоланади деб ҳис қилса, стресс, хавотир ва руҳий чарчоқ кучайиши мумкин. Бу эса муносабатларда жанжаллар эҳтимолини оширади.
Отанинг тарбиявий ролининг камайиши.
Илмий адабиётларда отанинг фарзанд тарбиясидаги фаол иштироки болаларнинг когнитив, ижтимоий ва эмоционал ривожланишига ижобий таъсир қилиши қайд этилган. Агар ота фақат "пул топувчи" сифатида кўрилса, унинг тарбиядаги ўрни кам баҳоланиши мумкин.
Ўзаро ҳурматнинг даромадга боғланиб қолиши.
Ишини йўқотиш, касаллик ёки иқтисодий қийинчиликлар юз берганда муносабатлар жиддий синовдан ўтиши мумкин. Чунки муносабат шахснинг ўзига эмас, унинг иқтисодий имкониятига таяниб қолган бўлади.
Шу билан бирга, бу ҳолатни фақат аёллар қарашининг ўзгариши билан тушунтириш ҳам тўлиқ тўғри эмас.

Замонавий жамиятда иқтисодий шароит, ижтимоий тармоқлардаги идеаллаштирилган тасаввурлар, гендер ролларининг ўзгариши, юқори турмуш харажатлари ва оилавий мулоқот етишмаслиги ҳам муҳим омиллар ҳисобланади. Худди шундай, баъзи эркаклар ҳам аёлнинг ролини фақат уй ишлари ёки фарзанд тарбияси билан чеклаб қўйиши муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Илмий нуқтаи назардан энг барқарор оилаларда эр ва хотин бир-бирини фақат муайян вазифа бажарувчи эмас, балки тенг қадрли шерик сифатида қабул қилади. Бундай оилаларда моддий таъминот муҳим вазифа бўлса-да, у меҳр-муҳаббат, ҳурмат, ишонч, мулоқот ва фарзанд тарбиясидаги ҳамкорлик билан мувозанатлашган бўлади. Шунинг учун эркакнинг оиладаги қиймати фақат унинг қанча маблағ топиши билан эмас, балки масъулиятли турмуш ўртоғи, меҳрибон ота ва ишончли ҳамкор сифатидаги ҳиссаси билан ҳам баҳоланиши оила барқарорлиги учун муҳим омил ҳисобланади.

Тафаккур қилайлик!

Социолог, Сухробхўжа Хидиров

@Xidirovformat
  • 💯 4
  • 👍 3
  • ❤ 2
  • 🤔 1
Older posts →
Threads Profile ViewerView any public Threads profile without an account.Open ThreadLook →Writing with AI? Make it sound human.Metric37 rewrites AI drafts so they read naturally. Free AI detector, 1,500 words free.Try Metric37 →