iPhone фожиаси: истеъмолчилик жамиятининг ёшлар тафаккурига таъсири
18 ёшли Кунал Чандгуде iPhone сотиб олган. Бироқ телефон учун бўлиб-бўлиб тўлаш (EMI) тўловларини ота-онаси кўтара олмаслиги ортидан оилада жанжал келиб чиққан. Куналнинг отаси ҳайдовчи бўлиб, оиланинг ягона боқувчиси эди.
Кунал ота-онасига қоядан сакраб, ўз жонига қасд қилиш билан таҳдид қилган. У жар ёқасига бориб турган, отаси эса уни бу фикридан қайтаришга уринган. Натижада Кунал мувозанатини йўқотиб, отасини ҳам ўзи билан тортиб кетган ва иккаласи қоядан қулаб, ҳалок бўлган.
Ёнида турган онаси эса бу оғир мусибатга чидай олмай, ўзини ҳам қоядан ташлаган.
Шу тариқа бир оила қиммат телефонни сотиб олиш ва унинг тўловларини амалга ошириш масаласидаги низо сабаб ҳалок бўлган.
Бу воқеа бизга яна бир бор истеъмолчилик психологияси қанчалик хавфли нуқтага бориши мумкинлигини кўрсатади.
Марказий банк маълумотларига кўра, юртимизда 2026 йил 1 январь ҳолатига тижорат банкларида микроқарз олувчилар сони қарийб 2,7 миллион кишига етган ва бир йилда 37 фоизга ошган. Бир қарз олувчига тўғри келадиган шартномалар сони 1,7 тадан 1,9 тага кўпайган. Энг муҳими: 2025 йилда кредит олган аҳолининг 53 фоизида бир вақтнинг ўзида бир нечта қарз мажбурияти мавжуд — бир йил аввал бу кўрсаткич 43 фоиз бўлган.
Юқоридаги фактлар социолог олимлар учун бир муҳим саволни ўртага ташлаши керак: бугун ёшларнинг қадриятларини ким ва нима шакллантирмоқда?
Дунёда ёшлар орасида смартфон ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш кескин ошган. Айниқса, қиммат гаджет, бренд кийим, трендда юриш ва «статус» намойиши орқали ўзини бошқалар билан таққослаш истеъмолчилик кайфиятини кучайтирмоқда.
Муаммо телефонда эмас. Муаммо — инсон қадрини нарх, бренд ва ташқи кўриниш билан ўлчай бошлашда. Агар ёш авлод «мен кимман?» деган саволдан кўра «менда нима бор?» деган саволни муҳимроқ деб билса, бу фақат оила эмас, бутун жамият учун жиддий ижтимоий хавфдир.
Гаджет восита бўлиши керак, ҳаётнинг мақсади эмас, тафаккур қилайлик!
Социолог, Сухробхўжа Хидиров
@Xidirovformat
Post #291
7.76K
- 😢 5