СИФАТСИЗЛИК ДАВРИ!
Илгари табиий жундан тайёрланган битта сифатли жемпер сотиб олсангиз, у сизга ўнлаб йиллар хизмат қиларди. Боболаримиз ёшликларида кийган кийимларини йиллар давомида асраб-авайлаб кийишган. 20–30 йилдан кейин ҳам уларнинг сифати яхши сақланган.
Энг муҳими, сифатли буюмлар фақат бойлар учун эмас эди. Боболаримиз минималист бўлишган: бир нечта кўйлак, бир-иккита шим, бир-иккита жемпер — шунинг ўзи етарли бўлган.
Бугун эса вазият бошқача.
Истеъмолчилик жамиятида буюмнинг қиймати нафақат унинг сифати, балки қанчалик тез янгиланиши билан ҳам белгиланмоқда. Кеча сотиб олган нарсамиз бугун эскидек кўрина бошлайди.
Ҳатто қиммат бренд ҳамиша сифат кафолати эмас. Кийим бир-икки йилда эскиради, техника тез янгиланади, мода эса бизни яна ва яна харид қилишга ундайди.
Социологияда бу жараён «режалаштирилган эскириш» (planned obsolescence) тушунчаси билан изоҳланади. Яъни маҳсулотни маълум муддатдан кейин алмаштириш эҳтиёжи пайдо бўлади. Бунга қўшимча равишда «рамзий эскириш» ҳам мавжуд: буюм ҳали ишлаётган бўлса-да, мода ўзгаргани учун биз уни эски деб қабул қиламиз.
Энг қизиғи, бу жараён буюмлар билан чекланиб қолмаяпти. Биз муносабатларга ҳам тобора шундай муносабатда бўляпмиз.
Зигмунт Бауман «суюқ модернлик» концепциясида замонавий жамиятда инсонлар ўртасидаги муносабатлар ҳам тобора беқарор ва вақтинчалик тус олаётганини таъкидлайди.
Илгариги авлодларда никоҳ фақат икки инсоннинг ҳиссий муносабати эмас эди. У иқтисодий ҳамкорлик, фарзанд тарбияси, ўзаро масъулият ва ижтимоий мажбурият тизими ҳам эди. Одамлар бир-бирини фақат яхши кунлар учун эмас, қийин кунлар учун ҳам танларди.
Албатта, «илгари ҳамма яхши эди, ҳозир ҳамма ёмон» дейиш нотўғри. Ўша даврларда мажбурий никоҳ, зўравонлик ва аёлларнинг иқтисодий қарамлиги каби жиддий муаммолар ҳам бўлган.
Шунинг учун масала «илгари яхши эди, ҳозир ёмон» деган оддий хулосада эмас. Масала — муносабатнинг ижтимоий маъноси ўзгарганида.
Пьер Бурдьё нуқтаи назаридан инсон танловлари фақат шахсий хоҳишлар билан эмас, балки унинг ижтимоий муҳити ва маданий меъёрлари билан ҳам шаклланади. Бугун ижтимоий тармоқлар бизга доимий равишда бошқаларнинг «идеал» ҳаётини кўрсатмоқда. Бу эса инсонда: «Мен бундан яхшироғига лойиқманми?» деган саволни кучайтириши мумкин.
Эрих Фромм эса муҳаббатни фақат ҳис-туйғу эмас, балки ғамхўрлик, масъулият, ҳурмат ва билиш қобилияти сифатида тушунтиради.
Менимча, муаммонинг энг муҳим нуқтаси ҳам шу.
Севиш — фақат яхши кунларда ёнингда бўлиш эмас. Севиш — инсоннинг қийин кунида ҳам уни қадрлай олиш.
Касалликда. Камбағалликда. Қариликда. Инқирозда. Инсон аввалгидек даромад топа олмаганда.
Ҳақиқий муносабат ана шунда синалади.
Шунинг учун бугун нафақат сифатли буюмлар, балки узоқ муддатли муносабатлар маданияти ҳам танқислашиб бораётгани ҳақида ўйлашимиз керак.
Яхши кийимни йўқотсангиз, яна сотиб олишингиз мумкин. Яхши инсонни йўқотсангиз эса, унинг ўрнини янги одам билан тўлдириш ҳар доим ҳам мумкин эмас.
Ҳақиқий тараққиёт — ҳамма нарсани тез-тез алмаштириш эмас.
Ҳақиқий тараққиёт — сифатли нарсани асраш, инсонни қадрлаш ва масъулиятни истеъмолдан устун қўя билишдир.
Бизга янги буюмларгина эмас, узоққа етадиган қадриятлар, ишонч ва муносабатлар ҳам керак.
Тафаккур қилайлик!
Социолог, Сухробхўжа Хидиров
@Xidirovformat
Post #315
4.01K

- 🔥 5
- 💯 3