🇹🇷🇺🇿 Туркиялик машҳур тарихчи Эрҳан Афёнжу ёшларни Ўзбекистонга сафар қилишга чақирди:
««Ўзбекистон туркий дунёда алоҳида ўрин тутади. Бу юрт бой тарихий ва маданий меросга эга. Ёшлар Ота юрт сифатида Ўзбекистонга, албатта, бориб кўриши керак».»
Ҳа, баракалла! Ўзбекистонга нафақат туркий дунё ёшлари, балки дунёнинг барча халқлари келиши учун асос бор.
Араб дунёси вакиллари келсин — бу заминда ислом цивилизациясининг илмий, маърифий ва бағрикенглик анъаналари шаклланганини кўрсин.
Европа ва Ғарб дунёси келсин — бугунги тараққиётнинг муҳим илдизларидан бири бўлган Марказий Осиё илм-фани, Ипак йўли ва Шарқ уйғониши тарихини англасин.
Хитой, Корея ва Япония халқлари келсин — Кушонлар даври орқали буддавийликнинг Шарққа тарқалишида муҳим ўрин тутган Далварзинтепа, Фаёзтепа, Қоратепа каби тарихий масканларни зиёрат қилсин.
Ислом олами келсин — Имом Бухорий каби буюк бобокалонларимиз мероси билан танишсин, Бухоро, Самарқанд, Термиз, Хива каби шаҳарларда ислом илм-фани, маърифат ва мутадиллик анъаналари қандай шаклланганини англасин.
Шимолий ўлкалардан келганлар эса қуёшли юртимизнинг табиати, меъморчилиги, таомлари ва меҳмондўстлигидан баҳраманд бўлиб, жисмоний ва маънавий озуқа олиб қайтсин.
Зеро, Ўзбекистон — фақат бир миллат ёки бир цивилизация тарихи эмас. Бу замин турли цивилизациялар учрашган, ғоялар, динлар, илм-фан ва маданиятлар бир-бири билан боғланган макондир.
Шунинг учун туризмни шунчаки иқтисодий даромад манбаи сифатида эмас, балки Ўзбекистонни жаҳон цивилизациясининг очиқ музейи, илм-маърифат ва маданият маркази сифатида намоён этиш воситаси деб қарашимиз керак.
Мақсадимиз шундай бўлсинки, дунёдаги ҳар бир инсон ҳаёти давомида камида бир марта Ўзбекистонга келишни орзу қилсин.
Туризмни ривожлантирайлик. Тарихимизни дунёга танитайлик. Меросимизни асрайлик. Ва Ўзбекистонни дунё тамаддунининг яна бир буюк ўчоғига айлантирайлик.
Тафаккур қилайлик.
Социолог, Сухробхўжа Хидиров
@Xidirovformat
Post #278
4.43K
- ❤ 3
- 🔥 2