COVID одамларнинг қувончини сўриб олди!
Олимларни аниқлашича COVID вируси инсонларнинг дофамин рецепторларини емириб ташлар экан. Касаллик миянинг мотивация, бахт ҳисси ва хотира учун масъул бўлган қисмига зарар етказади. Инсон касалликни қанчалик оғир ўтказган бўлса, оқибатлари ҳам шунчалик жиддий бўлар экан.
COVID-19 билан касалланганларда дофамин ишлаб чиқарувчи нерв учлари зичлигининг пасайиши қайд этилган. Энг ёмони, соғайгандан кейин ҳам улар ўз-ўзидан тикланмаслиги айтилмоқда. Яъни бу жараён ҳудди замонамиз Дементорига ўхшайди.
Билмаганлар учун: дементор — британиялик ёзувчи Жоан Роулингнинг «Гарри Поттер» асарларидаги хаёлий мавжудот. У инсоннинг бахтли хотиралари ва ижобий ҳисларини сўриб оладиган, уни умидсизлик, қўрқув ва руҳий бўшлиққа соладиган қоронғу мавжудот сифатида тасвирланади.
Аммо бир ўйлаб кўринг: бугунги кунда инсоннинг қувончини сўриб олаётган «дементор» фақат хаёлий оламдами?
Соатлаб ижтимоий тармоқларда ўтирамиз. Лайклар, изоҳлар ва янги видеолардан қониқиш излаймиз. Бироқ экран ортидаги виртуал эътироф реал ҳаётдаги меҳр, самимий суҳбат ва инсонлар ўртасидаги яқинликнинг ўрнини боса оладими?
Балки, биз виртуал оламдан қувонч излар эканмиз, ўзимиз учун ҳақиқий қувонч манбаларини — оиламизни, фарзандларимизни, дўстларимизни, китобни, табиатни ва жонли мулоқотни эътибордан четда қолдираётгандирмиз?
Албатта, ижтимоий тармоқларнинг ўзи ёвузлик эмас. Муаммо улар ҳаётимизнинг бир қисми бўлиш ўрнига, ҳаётимизнинг ўзини эгаллаб олишида.
Хулоса шуки, инсоннинг қувончи фақат миядаги кимёвий жараёнларга эмас, балки унинг ижтимоий муҳити, муносабатлари ва ҳаёт тарзига ҳам боғлиқ. Шунинг учун ҳам руҳий фаровонликни асраш учун нафақат соғлиғимизга, балки кимлар билан мулоқот қилаётганимизга, вақтни қандай ўтказаётганимизга ва нимадан қувонч топаётганимизга ҳам эътибор беришимиз керак.
Зеро, энг катта йўқотиш — қувончни ҳис қилиш имконияти бор бўла туриб, уни қаердан излашни унутиб қўйишдир.
Сиз нима деб ўйлайсиз: бугунги инсоннинг қувончини кўпроқ нима сўриб олмоқда — касалликларми, ҳаёт ташвишларими ёки виртуал оламга қарамликми?
Тафаккур қилайлик!
Социолог, Сухробхўжа Хидиров
@Xidirovformat
Post #320
1.51K

- 🥰 1
- 😭 1