Ёшларни қўрқитишни бас қилиш керак!
Ёшларга доим «хавф бор», «қўрқинг», «жазо бўлади» руҳида мурожаат қилиш эмас, балки уларда Ватанга дахлдорлик, ишонч ва масъулият туйғусини шакллантириш муҳим.
Нега? Социология ва ижтимоий психология буни бир неча назария орқали тасдиқлайди:
1. Ижтимоий боғлиқлик назарияси (Т. Хирши). Инсон жамиятга тўртта боғлиқлик орқали бириктирилади: яқинлар ва жамоага эмоционал боғлиқлик, келажакка сармоя, фойдали фаолиятга жалб этилганлик ва қадриятларга ишонч. Бу боғлиқлик қанчалик кучли бўлса, ҳуқуқбузарлик хавфи шунчалик паст бўлади. Демак, ёшни қўрқитиш эмас, жамиятга «боғлаш» самаралироқ.
2. Процессуал адолат назарияси (Т. Тайлер). Одамлар қонун ва қоидаларга жазодан қўрққани учун эмас, тизимни адолатли ва ҳақли деб билгани учун амал қилади. Адолат ҳисси қанча кучли бўлса, ихтиёрий масъулият шунча юқори бўлади.
3. Аномия ва зўриқиш назарияси (Р. Мертон). Жамият муваффақиятга интилишни рағбатлантириб, унга эришишнинг қонуний йўлларини (таълим, меҳнат) ҳамма учун очиқ қилмаса, одамларда норозилик ва ажралиш ҳисси ўсади. Шунинг учун ижтимоий лифтлар ишлаши шарт.
4. Ижтимоий идентивлик назарияси (Х. Тажфел, Ж. Тернер). Одам «Бу жамият — меники» деб ҳис қилса, гуруҳ манфаатини ўз манфаати деб билади. «Биз» ҳисси «улар» ҳиссидан кучли мотивация беради.
5. Қўрқитиш таъсири тадқиқотлари (К. Витте, М. Аллен). Мета-таҳлил шуни кўрсатдики, қўрқитиш фақат одам вазиятни ўзи ҳал қила олишига ишонганда ишлайди. Акс ҳолда одам хабарни рад этади ёки эътибор бермайди.
Шунинг учун ёшлардан Ватан учун фидойилик кутишдан олдин, жамиятда адолат ва тенг имкониятлар таъминланиши, ижтимоий лифтлар амалда ишлаши, билим ва меҳнат орқали юқорилаш имконияти реал бўлиши керак.
Амалий мисол: «Уюшмасангиз, жазоланасиз» деган огоҳлантириш ўрнига «Сизнинг лойиҳангиз шу маҳаллада муаммони ҳал қилади, ҳал қилиш учун мана бу имкониятлар бор» деган мурожаат кўпроқ таъсир қилади.
Ёшлар фақат қўриқланиши керак бўлган авлод эмас. Зарур пайтда улар Ватан учун жанг қилади, уни ҳимоя қилади ва келажаги учун масъулиятни зиммасига олади.
Ватанпарварликни талаб қилишдан олдин, ёшларда «Бу жамият — меники, унинг келажаги — менинг келажагим» деган ишончни шакллантирайлик.
Тафаккур қилайлик!
@Xidirovformat
Post #312
3.54K