Ижтимоий тармоқларда 150 дақиқа, ундан ортиғи — депрессия...
АҚШнинг Цинциннати ҳамда Шимоли-Ғарбий университетлари тадқиқотчилари 11 йил давомида катталар ўртасида ўтказилган 183 мингта сўровномани ўрганиб чиқишибди. Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқларда кунига камида 150 дақиқа ёки 2,5 соат вақт ўтказадиган одамларда депрессия белгилари тез-тез кузатилган.
Ижтимоий тармоқлардаги вақт иш, таълим, видеоўйинлар, телевизор ёки интернетдаги оддий қидирувга (серфинг) қараганда анча муҳимроқ омил бўлиб чиқди.
Шу билан бирга, олимлар айнан боғлиқлик ҳақида гапиришмоқда: тадқиқот ижтимоий тармоқлар тўғридан-тўғри депрессияни келтириб чиқаришини исботламайди.
Бир нарсани тушиниб олишимиз зарур. Агар инсон ижтимоий тармоқдан билим олиш, касбий мулоқот қилиш, яқинлари билан алоқа қилиш ёки ижтимоий фаоллик учун фойдаланса, бу вақтнинг ўзи салбий ҳолатни англатмайди.
Аммо ижтимоий тармоқ инсоннинг реал ҳаётдаги муносабатларини сиқиб чиқара бошласа, бошқалар билан ўзини доимий таққослаш, лайк ва тасдиққа эҳтиёж кучайса, ахборот оқими унда хавотир ва қониқмасликни оширса — масала энди индивидуал одатдан кўра ижтимоий муҳит муаммосига айланади.
Нима қилиш керак?
1. Рақамли гигиенани шакллантириш.
Ижтимоий тармоқдан фойдаланиш вақтини назорат қилиш, ухлашдан олдин ва уйғонгандан кейин дарҳол телефонга мурожаат қилмаслик.
2. Реал ижтимоий алоқаларни кучайтириш.
Оилавий суҳбат, дўстлар билан учрашув, спорт, китобхонлик, жамоатчилик фаолияти — инсоннинг реал ижтимоий муҳитини бойитади.
3. Ахборот истеъмолини бошқариш.
Ҳар бир хабарни кўриш шарт эмас. Салбийлик, можаро ва қўрқувни доимий равишда кучайтирувчи контентдан фойдаланишни чеклаш муҳим.
4. Таълим ва медиа саводхонликни ошириш.
Инсон алгоритмлар унинг эътиборини ушлаб туриш учун ишлашини тушунса, контент таъсирига нисбатан онглироқ муносабат шаклланади.
5. Энг муҳими — ижтимоий муҳитни ўзгартириш.
Агар инсоннинг реал ҳаётида мулоқот, мақсад, меҳнат, ижод, жамоа ва мазмунли фаолият етишмаса, ижтимоий тармоқни чеклашнинг ўзи етарли эмас. Бўшлиқни бошқа, соғлом ижтимоий фаолият билан тўлдириш керак.
Демак, муаммо телефонда эмас, унинг инсон ҳаётида эгаллаган ўрнида.
Тафаккур қилинг!
Социолог, Сухробхўжа Хидиров
@Xidirovformat
Post #309
3.29K
