100 ЙИЛ ДАВОМИДА ЭРКАКНИ КИМ МАСХАРА ҚИЛДИ?
Кино, медиа ва жамият эркаклик ҳақидаги тасаввурларимизни қандай шакллантирди?
Бугун ўзбек эркагининг медиа оламда турли сунъий образлари шакилланиб қолди: масъулиятсиз, дангаса, инфантил, хотинбоз ёки кулгили қаҳрамон.
Аёл эса кўпинча кучли, иродали, оилада қарор қабул қилувчи образда тасвирланди.
Мисол келтирамиз:
"Темир хотин"да Қўчқор — оилавий масъулият ва меҳнат тақсимоти муаммолари орқали очиладиган образ. Қундуз эса фаол ва қарор қабул қилувчи аёл сифатида кўрсатилади.
"Келинлар қўзғолони" да Фармон-биби оиладаги тартибни белгилайдиган, қатъиятли ва бошқарувчи шахс. Эркаклар эса баъзи вазиятларда унинг таъсири остида ҳаракат қилади.
"Суюнчи" ва "Маҳаллада дув-дув гап" фильмларида ҳам оила, маҳалла, авлодлар муносабати ва эркак-аёл роллари юмор ҳамда драматик вазиятлар орқали очилади.
СОЦИОЛОГИК НАЗАРИЯ НИМА ДЕЙДИ?
Инсон эркаклик ва аёллик ҳақидаги тасаввурларни туғма ҳолда эмас, балки ижтимоийлашув жараёнида ўзлаштиради. Оила, таълим, дўстлар, маҳалла ва медиа инсонга:
— Эркак қандай бўлиши керак?
— Аёл қандай бўлиши керак?
— Ким қарор қабул қилиши керак?
— Ким оила учун масъул? каби саволларга жавоб берадиган ижтимоий қолипларни ўргатади.
Агар бир хил образлар доимо такрорланса, улар жамиятдаги кутилмаларга таъсир қилади.
Замонавий социологияда эркакликнинг турли шакллари ўрганилади. Масалан, эркак фақат кучли, қаттиққўл ва ҳукмрон бўлиши шарт эмас. У:
— Меҳрибон ота;
— Масъулиятли жуфт;
— Ҳалол меҳнат қилувчи инсон;
— Ҳис-туйғуларини ифода эта оладиган шахс;
— Хатосини тан оладиган ва ўз устида ишлайдиган фуқаро бўлиши мумкин.
Аммо, минг афсуски медиамизда эркакни доимо ожиз қилиб кўрсатиш ҳам, уни доимо ҳукмрон бўлишга мажбурлаш ҳам стереотипдир.
Ечим нимада?
1. Медиасаводхонликни ошириш. Фильмдаги образ бадиий талқин эканини, у бутун жамиятнинг ҳақиқий тасвири эмаслигини англаш керак.
2. Эркакнинг масъулиятини кучайтириш. Оила, фарзанд тарбияси, ҳалоллик ва жамият олдидаги бурч эркакликнинг муҳим мезонлари сифатида тарғиб қилиниши зарур.
3. Аёлни қадрлаш, эркакни камситмаслик. Аёлнинг қадрини ошириш учун эркакнинг қадрини тушириш шарт эмас.
4. Медиада хилма-хил образлар яратиш. Экранда масъулиятли, меҳрибон, билимли ва ижтимоий фаол эркаклар образи ҳам кўпроқ намоён бўлиши керак.
5. Илмий тадқиқот ўтказиш.
Ўзбек киносида эркак ва аёл образларини даврлар кесимида контент-таҳлил қилиш зарур.
Эркакка ҳурмат — аёлга ҳурматнинг рақиби эмас.
Аёлни қадрлаш — эркакни ожизлаштириш эмас.
Ҳақиқий тараққиёт — инсонни жинсига қараб эмас, унинг қадр-қиммати, масъулияти ва амалларига қараб баҳолайдиган жамият қуришдир.
Тафаккур қилайлик!
Социолог, Сухробхўжа Хидиров
@Xidirovformat
Post #306
5.1K