🔴 «Тизим ичида Жўрабек Мирзамаҳмудов билан боғлиқ текширувлар йўқ» —
«Ҳудудий электр тармоқлари» раҳбарияти
Uzdiplomat мухбири «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ раҳбариятидан собиқ энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов атрофида тарқалган тергов ҳақидаги хабарлар ва тизимдаги 44 нафар раҳбарнинг ишдан олиниши сабабларини сўради.
Журналист собиқ вазир Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг ҳибсга олингани ёки терговда экани ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар борлигини айтиб, бу жараёнлар билан боғлиқ ҳолда «Ҳудудий электр тармоқлари» тизимида прокуратура ёки ДХХ текширувлари ўтказилаётган-ўтказилмаётганига қизиқди.
«Йўқ, йўқ. Унақа текширув йўқ», — деди раис Сардор Исақулов.
Шунингдек, Uzdiplomat мухбири тизимдаги 44 нафар раҳбар нима сабабдан ишдан олинганини сўради ва кадрлар алмашинувидан кейин электр таъминотида сезиларли яхшиланиш кузатилмаётганини таъкидлади. Яъни, 44 нафар туман электр тармоқлари раҳбари электр энергияси йўқотишлари 20 фоиздан ошгани сабабли ишдан олингани айтилган эди. Улар кетди энди аҳоли бирон ижобий ўзгариш сезадими?
«Бу йиллар мобайнида йиғилган тизимдаги камчиликлар. Икки ойнинг ичида тўғриланиб қоладиган нарса эмас. Натижалар бу йилги куз-қиш мавсумида ҳар бир истеъмолчига сезилади», — деди Сардор Исақулов.
Журналист раиснинг аввал вазирликда ишлаганини инобатга олиб, собиқ вазирнинг терговда экани ҳақида бирор маълумотга эгалигини қайта сўради. Мутасадди бундай маълумотга эга эмаслигини билдирди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раиси Сардор Исақулов собиқ вазир Мирзамаҳмудов билан боғлиқ текширувлар ўтказилаётганини рад этди, бироқ 44 нафар раҳбарнинг айнан қандай асослар билан ишдан олинганига ва кейинги ўзгаришлар бўйича аниқлик киритмади.
Эслатма: Собиқ энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг ҳибсга олингани ёки терговда экани ҳақидаги маълумотлар расмий тасдиқланмаган шунингдек расман рад этилмаган. Жўрабек Мирзамаҳмудов жорий йил 27 июль куни лавозимдан олинган эди.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
Post #15514
7.15K