🔴 Педагогика университети ётоқхоналари сотиб юборилиши талабаларга қулайлик яратиш ва тирбандликнинг олдини олиш билан изоҳланди
Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университетининг ётоқхоналари ва ўқув бинолари сотувга чиқарилиши юзасидан матбуот анжуманида изоҳ берди.
Муродовнинг айтишича, университетнинг ўқув корпуслари Тошкентнинг 7–9 та ҳудудида жойлашган. Бу эса талабаларнинг дарсга қатнашида қийинчилик туғдирмоқда.
Хусусан, айрим талабалар ётоқхонадан ўқув биносига етиб бориш учун бир нечта жамоат транспортини алмаштириши ва йўлга бир соатгача вақт сарфлашига тўғри келмоқда.
«Талабанинг хаёли, биринчи навбатда, ўқишга кечикмасдан етиб олиш бўлади. У фан ҳақида нима ўйлайди?» — деди Муродов.
Агентлик раҳбарининг таъкидлашича, ушбу муаммони ҳал қилиш мақсадида университетнинг ўқув бинолари ва ётоқхоналарини ягона ҳудудга жойлаштириш режалаштирилган. Бунинг учун Янги Тошкентда янги кампус барпо этилмоқда.
Муродов сотувга чиқарилган ётоқхоналарда яшаётган талабалар янги турар жойлар қурилиб, уларга кўчирилмагунча бинолар бўшатилмаслигини билдирди.
«Янги ётоқхона қурилиб, ҳозирги талабалар у ерга кўчирилгандан кейингина эски бино уни сотиб олган шахсга топширилади. Бу шарт савдо ҳужжатларида ҳам белгиланган», — деди у.
Агентлик директорига кўра, ётоқхоналарнинг сотилиши талабалар учун мавжуд турар жойлар сони қисқаришини англатмайди.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
Post #15501
4.2K
- 🤬 24
- 🤣 10
- 😱 4
- ❤ 3
- 👎 2
- 👏 2
- 🤯 2
- 🔥 1