🔴 «Ўзбекистон почтаси» сотилмаган, аммо бошқаруви Wildberries таъсирига ўтганми?
«Ўзбекистон почтаси»нинг давлат улуши 2025 йилда Wildberries билан боғлиқ WB INT EXPORT МЧЖга ишончли бошқарувга берилган. Бу Давлат активларини бошқариш агентлигининг расмий ҳисоботида қайд этилган. Аммо агентлик корхона хусусийлаштирилмаганини таъкидламоқда. Хўш, миллий почта операторининг стратегик қарорларини амалда ким назорат қилмоқда?
Мазкур саволларда Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов матбуот анжуманида жавоб берди. Унинг таъкидлашича, «Ўзбекистон почтаси»ни молиявий соғломлаштириш ва замонавий корпоратив бошқарувни жорий этиш зарурати бор.
Унинг сўзларига кўра, рақамлашув туфайли почта анъанавий даромад манбаларини йўқотган. Масалан, маъмурий жарималар ҳақидаги хабарномаларни етказиш хизмати электрон шаклга ўтиши натижасида корхона 50–60 миллиард сўмлик даромад манбаидан маҳрум бўлган.
Муродов Wildberries билан ҳамкорликни ҳам шу зарурат билан изоҳлади. Унинг айтишича, дастлаб муҳокама қилинган 100 миллиард сўмлик 14 фоизли қарз маъқулланмаган. Энди эса Wildberries билан 360 миллиард сўмлик фоизсиз кредит линияси очиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
2026 йил сентябрда шакллантирилган «Ўзбекистон почтаси»нинг тўққиз кишилик кузатув кенгашига Wildberries билан боғлиқ беш нафар вакил киритилган. Демак, улар кенгашда кўпчиликни ташкил этади.
Муродовнинг таъкидлашича, кузатув кенгаши корхонанинг кундалик фаолиятига аралашмайди, фақат стратегик қарорларда иштирок этади. Акциядор эса ўзгармаган.
Аммо айнан стратегик қарорларга таъсир кўрсатиш имконияти бу ердаги асосий масала. Қолаверса, Давактив агентлигининг 2025 йилги ҳисоботида «Ўзбекистон почтаси»нинг давлат улуши WB INT EXPORT МЧЖга ишончли бошқарувга берилгани аниқ кўрсатилган.
Лекин, акциялар давлат мулкида қолиши улар билан боғлиқ бошқарув ваколатлари ҳам тўлиқ давлат қўлида қолганини англатмайди.
«Ўзбекистон почтаси» эса оддий тижорат корхонаси эмас. Муродов келтирган маълумотга кўра, унинг мамлакат бўйлаб 1600 дан ортиқ тарқатиш нуқтаси мавжуд. Миллий оператор чекка ҳудудларга хизмат кўрсатади, фуқароларнинг ёзишмалари ва шахсий маълумотлари билан ишлайди, халқаро почта алоқаси бўйича мажбуриятларни бажаради.
Бундай инфратузилма бошқарувида йирик хусусий маркетплейснинг иштирок этиши рақобат, маълумотлар хавфсизлиги ва давлат назорати билан боғлиқ хавфни туғдиради.
Айниқса, Wildberries бир вақтнинг ўзида почтанинг тижорий ҳамкори, эҳтимолий кредитори ва унинг кузатув кенгашида кўпчилик ўринга эга корпоратив гуруҳ экани манфаатлар тўқнашувининг олди қандай олиниши бўйича шубҳалар уйғотади.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
Post #15500
4.52K

- 🤔 18
- 👎 8
- ❤ 5
- 👍 1
- 🔥 1
- 🤣 1