#mulohaza
ДУНЁ ҲАМ ЙИҒЛАЯПТИМИКИН?
Бундан бир неча ой аввал Google йилнинг энг оммабоп эможисини эълон қилган эди. Дунё бўйлаб Android смартфонларидаги Gboard клавиатураси орқали юборилган 665 миллионта эможининг аноним намунаси таҳлил қилиниб, 2025 йилда қайси эможи энг кўп ишлатилгани аниқланган. Биринчи ўринни «шаррос кўз ёши тўкаётган юз» ‒ 😭 эгаллабди. У аввалги етакчилар ‒ «қувонч кўз ёшлари билан кулаётган юз» 😂 ва «кулгидан думалаётган юз» 🤣ни ортда қолдирган.
Ўзимча, мана, эможилар ҳам дунёнинг бугунги ҳолатини кўрсатиб беряптимикин, деб ўйладим. Албатта, бу статистикага қараб дунёнинг кайфияти ҳақида қатъий хулоса чиқариб бўлмайди. Чунки 😭 энди фақат йиғини англатмайди. Кимдир уни кулгидан, кимдир ҳайратдан, кимдир ҳаяжондан, яна кимдир «бунақаси ҳам бўладими?» деган ҳолатда ишлатади. Google маълумотларида ҳам бу эможининг маъноси анча кенгайгани қайд этилган. Лекин барибир бу рақам мени ўйлантирди. Чунки илгари кулгини ифодалаш учун 😂 ва 🤣 етарли эди. Энди эса одамлар ҳатто кулганда ҳам йиғлаётган юзни танлаяпти.
Балки бу шунчаки интернет тилининг ўзгаришидир. Балки ёшлар ҳиссиётни бўрттириб ифодалашни яхши кўраётгандир. Ким билсин одамлар қайғуни ҳам, кулгини ҳам бир хил белгидан ифодалайдиган даражада ҳиссиётлари аралашиб кетган дунёда яшаётгандирлар. Шунинг учун 😭нинг биринчи ўринга чиқиши менга фақат «одамлар кўпроқ йиғлаяпти» деган фикрни эмас, бошқа бир саволни ҳам берди:
«Биз бугун кўпроқ ҳис қиляпмизми ёки ҳисларимизни билдириш учун кўпроқ белгиларга муҳтож бўлиб қолдикми?»
Тўғри, эможилар рақамли дунёнинг юз ифодаларидир. Лекин юзма-юз гаплашганда кўздан кўринадиган ҳайратни, лабдаги табассумни, ҳаяжонда пайдо бўлган овоздаги титроқни битта кичик белги қанчалик ифодалаб бераркин? Билмадим...
✍🏽@qoraa_qalam
Post #1145
60
- 👍 4
- 🔥 1