#маълумот
«ОЧ-НАҲОР»ми ёки «НАҲОРГИ ОШ»?
Бўш вақтимда устоз Эркин Маликнинг шахсий каналларига қўйиладиган материалларни таҳрир қилиб, кунлик жойлаб бораман. Бир куни ана шундай ҳикоялардан бирини таҳрир қилиш асносида негадир «оч-наҳор» деган сўз ўйлантириб қўйди. Доим ёнма-ён келгани учун бу бирикма оч қолган инсонни ифодалашига ўрганиб қолганмиз. Лекин нега айнан «оч-наҳор»? Шу саволга жавоб излаб, 2003 йилда нашрдан чиққан Шавкат Раҳматуллаевнинг «Ўзбек тилининг этимологик луғати»га мурожаат қилдим.
Унда «наҳор» сўзи араб тилидаги nahār(un) шаклидан ўзлашгани ва араб тилида «кундуз» маъносини англатиши айтилган. Ўзбек тилида эса бу сўз «эрта тонг», «тонготар» маъноларида ишлатилгани қайд этилган.
Балки араб тилидаги «кундуз» маъносидан келиб чиқиб, кунбўйи туз тотмаган, яъни оч юрган инсонга нисбатан «оч-наҳор» дейилгандир, деб ўйладим. Аммо изланишларим давомида яна қизиқроқ маълумотларга дуч келдим. Марказий Осиё муҳитида «наҳор» сўзи эрталаб, оч қоринга ейиладиган овқат маъноси билан ҳам боғланган. Мумтоз ўзбек тилида, шунингдек, усмоний туркчасида «наҳор» – кундузги овқат, тушлик маъносида ҳам ишлатилган. Бу сўзнинг форсийда ناهار, тожикчада nahor, озарбайжончада nəhar каби шакллар бор экан. Ҳозирги ўзбек тилида ҳам «наҳор»нинг «нонуштадан олдин, нонушта қилмай, оч қоринга» деган кўчма маъноси луғатда алоҳида қайд этилган. Масалан, «наҳор юрмоқ», «наҳорга дори ичмоқ».
Демак, сўзнинг маъноси «кундуз»дан «эрта тонг»га, ундан эса «эрталаб оч қоринга» каби маъноларга силжиганини кўриш мумкин. Шу ўринда яна бир савол туғилади: «наҳор» кундузни билдирса, «наҳорги ош» ибораси қандай пайдо бўлган?
Бухоро тарихига оид бир манбада М. С. Андреев ва О. Д. Чеховичнинг «Бухоро арки» асарига таяниб, амирнинг «наҳори» бомдод намозидан кейинги нонуштаси бўлгани қайд этилади. Қизиғи, манбада бугунги Бухорода эрталабки никоҳ тўйида бериладиган ош-палов ҳам «наҳор оши» ёки «оши наҳори» деб аталиши таъкидланган.
Демак, камида Бухоро муҳитида «наҳор»нинг эрталабки овқат билан боғлиқ маъноси анча қадимий экан.
Шу ерда менга яна бир нарса қизиқ туюлди. Биз бугун «наҳор» деганда кўпинча нонушта ёки эрталабки овқатни тушунамиз. Аммо сўзнинг тарихи бундан кенгроқ: унинг илк маъноларидан бири ‒ «кундуз».
Эҳтимол, тил ҳам ҳаётнинг ўзи каби баъзи сўзларни секин-аста ўзгартирар. «Кундуз» деган сўз қандай қилиб «эрта тонг»га, «эрта тонг» эса «эрталабки овқат»га яқинлашганини эса тил тарихи янада аниқроқ айтиб бериши мумкин.
Ҳозирча эса мен учун бир савол очиқ қолди:
«Оч-наҳор» ва «наҳорги ош» бирикмаларидаги «наҳор» аслида қайси маъносини сақлаб қолган?
✍🏽@qoraa_qalam
Post #1141
83
- 🔥 5
- 🥰 3
- 👍 2