#tarix
Ушбу видеони кўргач, Муҳиддин қори Ёқубов ҳақида интернетдан излаб кўрдим. Бу инсоннинг шахсидан кўра, исмига қўшиб айтиладиган «қори» сўзи эътиборимни кўпроқ тортди.
«Муҳаммад»ни «Мамат», «Абдуллоҳ»ни «Абдулла» дейилган собиқ шўро даврида «қори» деган унвонни исм билан бирга сақлаб қолиш ҳам ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермаган, деб ўйладим. Турли манбадаги мақолалар билан танишар эканман, бу ҳақида деярли ҳеч нарса айтилмаганини пайқадим.
Шунда тарихчи Баҳром Ирзаевнинг «Собиқ масжид қориси, жаҳон юлдузи – Муҳиддин қори Ёқубов нима учун шўро ҳукуматига душманликда айбланган?» деган мақоласига кўзим тушди. Мақолада Муҳиддин 1908 йилдан мактаб қошидаги қорихонага қатнаб, Қуръони каримни ёд олишга киришгани, 1910 йилдан Орифжонбой масжидида турли диний маросимларни ўтказишда қори сифатида хизмат қилгани ёзилган.
Демак, Муҳиддин қори Ёқубов ҳақиқий маънода қори бўлган экан, деган хулосага келдим. Қолаверса, 1952 йилги тергов ҳужжатларига таянган маълумотларда унинг ўзи ҳам «қорилик қилганини» тан олгани қайд этилади. Лекин барибир ихтилофли жойлари ҳам бор экан.
Масалан, Муҳиддин қори Ёқубовнинг Википедиядаги таржимаи ҳолида Тамарахоним турмуш ўртоғи сифатида кўрсатилган. Баҳром Ирзаев ҳам 1925 йил Париждаги Бутун жаҳон кўргазмасига Муҳиддин қори Ёқубов ва турмуш ўртоғи Тамарахоним борганини ёзади. Бундан ташқари, 1926 йилда «Ер юзи» журналида чоп этилган мақолада ҳам Тамарахоним «Қори Ёқубнинг рафиқаси» дейилган. Ҳатто сафарнинг сўнгги кунларида, Эйфел минорасига саёҳат вақтида шамоллаб қолган Тамарахоним юқори иситма оқибатида ҳомиласидан айрилгани ҳақида ҳам маълумотлар учрайди. Лекин 1952 йил 4 июлда берилган ордер асосида ҳибсга олинган Муҳиддин қори Ёқубовнинг ортида хотини Иқбол Аловуддинова, фарзандлари Венера, Элла, Хурсанд ва Улуғбеклар қолгани ёзилган.
Тамарахоним қаерда? Иқбол Аловуддинова қачон Муҳиддин қори Ёқубовнинг ҳаётига кирган? Тамарахоним билан никоҳлари қачон тугаган? Улар ажрашганми ёки Тамарахоним вафот этганми? Бу саволларга мен ҳозирча ишончли жавоб топа олмадим.
Энг қизиғи, бу икки хил маълумот Муҳиддин қори Ёқубов ва Тамарахоним ҳақидаги айрим очиқ таржимаи ҳолларда бир-бири билан боғлаб тушунтирилмаган.
Хуллас, «Тарих бизга нимани ўргатди? Тарихчиларга ишонмасликни!» деган гапни ҳазил тариқасида айтиш осон. Аммо, эҳтимол, гап тарихчиларга ишонмасликда эмасдир. Гап бир-биридан фарқ қиладиган манбаларни солиштириб, ҳужжатлар ортида қолиб кетган саволларни беришда.
Ҳали тарихимизнинг асл ҳақиқатларини кашф қиладиган ишлар кўп, шекилли.
✍🏽@qoraa_qalam
Post #1144
59
- 👍 5
- 🔥 2