#iqtibos
Биласизми, Настенька, қай даражага етдим? Биласизми, кечирмаларимнинг йиллигини нишонлашга киришдим, бир вақтлар ҳаловат берган бу кечирмалар аслида орзу-истак, қуруқ хаёлгина эди, холос. Буни шунинг учун ҳам қилардимки, эндиликда ана шу аҳмоқона хаёллар қолмаганди-да, ахир, улар ҳам тугаган эди! Биласизми, эндиликда, маълум соатларда бир пайтлар ўзимча хаёлан бахтиёр бўлган жойларга бориб, ўтмишни эслашни, ҳеч қачон қайтмайдиган бўлиб ўтиб кетган дамлар хаёлида бугунимни яратишни яхши кўрадиган бўлиб қолдим, тез-тез Петербург кўчалари, йўллари бўйлаб бир соя мисол ҳеч қандай эҳтиёжсиз, мақсадсиз, хомуш, ғамгин кезадиган бўлиб қолдим. Қандай хотиралар эди денг-а! Масалан, шу ерда бундан роса бир йил муқаддам худди шу дақиқаларда, шу тротуарда ҳозиргидек ёлғиз, ҳозиргидек хомуш кезганман! Эслайманки, ўшанда ҳам ҳозиргидек паришон эдим, ўшанда ҳам менга осон эмасди, лекин, негадир, ўшанда ҳаёт енгилроқ кечгандек, хотиржамроқ яшагандек, гўё ҳозир хаёлимни қамраб турган қора ўйлар у пайтда бўлмагандек туюлади: ҳозир кечаси ҳам, кундузи ҳам тинчлик бермаётган виждон азоби назаримда ўша пайтларда бўлмагандек. Ўзингдан-ўзинг сўрайсан: орзуларинг нима бўлди? ‒ ва бош тебратиб дейсан: йиллар бунча тез ўтяпти! Яна ўзингдан сўрайсан: шу йиллар ичида нима иш қилдинг? Энг яхши йилларингни нималарга сарфладинг? Яшадингми ўзи, ё яшамадингми? Қара, дейсан ўзингга-ўзинг, қара, дунё борган сари совуқлашяпти. Яна йиллар ўтади, кейин мудҳиш ёлғизлик, ҳассага таянтирадиган кексалик, кейин ғусса, маъюслик келади. Фантазия оламинг фақирлашади, сўнади, бирин-кетин ерга тушаётган кузги япроқлардек орзуларинг ҳам бир-бир сўлади... О, Настенька, ёлғиз қолиш, мутлақо ёлғиз қолишдан ёмон нарса йўқ, ҳатто ачинадиган нарсанг, ҳеч нарсанг бўлмаса ёмон... чунки йўқотганларингнинг ҳаммаси бор-йўғи нулдан бошқа нарса эмас, мавҳумликдан иборат, амалда йўқ, ахир, ҳаммаси хаёл-да!
Фёдор Достоевскийнинг
«Ойдин тунлар» асаридан
✍🏽@qoraa_qalam
Post #1139
58
- 🔥 4
- 👍 1