TGViewer
Қора қалам Қора қалам @qoraa_qalam · 250 subscribers
Post #1137 66
«ОЙДИН ТУНЛАР»
     Фёдор Достоевскийнинг «Ойдин тунлар» романини ўқишни бошлаганимда ҳажман кичик эканидан ҳайрон бўлдим. Балки бошқа қисми ҳам бордир деган хаёлга бордим. Чунки эллик бетга ҳам бормайдиган бу асар бугунги жанр мезонлари билан қарасак, роман дейиш қийин. Унда катта сюжет тармоғи, кўплаб қаҳрамонлар, кенг вақт ва макон, бир нечта сюжет чизиқлари йўқ. Асар асосан бир қаҳрамоннинг қисқа муддат ичидаги руҳий кечинмаларига қурилган. Шунинг учун ҳозирги библиографик ва адабиётшунослик манбалари уни қисса (повесть) деб таснифлайди. Россия Миллий электрон кутубхонаси ҳам уни «повесть» деб берган экан.
     Достоевский «Ойдин тунлар»ни 1848 йил сентябрь-ноябрь ойларида ёзган. У пайтда у ҳали 27 ёшда бўлган ва ижодининг илк даврида турган. Асар А.Н.Плещеевга бағишланган. Асар илк бор 1848 йил декабрида Санкт-Петербургда чиқадиган «Отечественные записки» журналининг №12 сонида босилган. Биринчи нашрдаёқ «Белые ночи. Сентиментальный роман. (Из воспоминаний мечтателя)» деган сарлавҳа билан берилган. Яъни «роман» деган таърифни кейинги адабиётшунослар эмас, Достоевскийнинг ўзи берган.
     «Ойдин тунлар»да Достоевскийнинг диққати ташқи воқеаларга эмас, бир инсоннинг бутун ички дунёсига қаратилган. Бир неча тун ичида бўлиб ўтган кичик воқеа орқали у ёлғизлик, хаёлпарастлик, муҳаббат, ҳақиқий ҳаёт ва хаёл ўртасидаги зиддият, инсоннинг бир лаҳзалик бахтга бўлган эҳтиёжи каби катта мавзуларни очишга уринади.
     Бу ерда яна бир қизиқ ҳолат бор: «Ойдин тунлар» Достоевскийнинг кейинги романлари каби дарҳол мутлақ юксак баҳога эга бўлмаган. Унинг дастлаб қабул қилиниши анча мураккаб бўлган.
     Масалан, танқидчи Александр Дружинин асар қаҳрамони – хаёлпараст образи етарлича аниқ очилмаганини айтган. Унинг фикрича, қаҳрамоннинг ички ҳиссиётлари янада тушунарли берилганида, асар кучлироқ бўлар эди. Бугун биз хаёлпарастнинг ноаниқлиги, ўзини ўзи тушунтиришга уриниши ва ҳатто бироз «ҳавода осилиб» қолган образини асарнинг кучли томони деб қабул қилишимиз мумкин. Лекин 1848 йилги ўқувчи учун бу услуб ҳали анча янги эди.
     Достоевский 1860 йилда асарни қайта ишлаган. Бу шунчаки имло ёки майда таҳрир бўлмаган. У айниқса хаёлпарастнинг монологини қайта кўриб чиққан, романтик мотивларни аниқлаштирган. Демак, Достоевский 12 йил ўтиб ҳам бу кичик асарга жиддий қайтиб, уни ўзининг кейинги ижодий тажрибаси нуқтаи назаридан қайта кўрган. Шунинг учун «Ойдин тунлар»ни Достоевский ижодида кичик ҳажмли, аммо кейинги катта Достоевскийга олиб борадиган «лаборатория» дейиш мумкин. Унда ҳали «Жиноят ва жазо», «Телба», «Қиморбоз»даги улкан психологик дунё йўқ. Аммо инсон ўзининг ички дунёси билан ҳақиқий ҳаёт ўртасида қандай бўлиниб қолиши масаласи етарлича.
     Достоевский воқеани шунчаки «улар учрашди, севишди, ажрашишди» тарзида бермайди. У бутун ҳикояни тунлар ва хотира орқали қурган: биринчи тун – учрашув; иккинчи тун – яқинлашув ва Настеньканинг ҳикояси; учинчи тун – муҳаббатнинг пайдо бўлиши; тўртинчи тун – умиднинг сўниши; кейин – тонг.
     Яна бир нозик жиҳат: асар «хаёлпараст хотираларидан» деб аталади. Демак, биз воқеани ҳозир содир бўлаётган пайтда эмас, унинг хотираси орқали ўқиймиз. Ундан ташқари, «Хаёлпараст Настенькани севдими ёки ўзининг Настенька ҳақидаги тасаввуриними?» деган савол ҳам туғилади. Бу икки нарса бир хил эмас.
     Менимча, асарни оддийгина «бахтсиз муҳаббат ҳақидаги лирик қисса» деб ўқиш унинг энг қизиқ жойларини четлаб ўтиш бўлади. Чунки бу ерда гап фақат Настеньканинг кетиб қолгани ҳақида эмас. Балки бир инсоннинг ҳақиқий ҳаётдан кўра ўз хаёлларида яшаши ҳақида.
 
✍🏽@qoraa_qalam
  • 🔥 5
  • 👍 3
More from @qoraa_qalam
  1. Oct 11, 2026Кечаги «Ҳилол-нашр»нинг 15 йиллигига бағишланган тадбирдан лавҳалар. ✍🏽@qoraa_qalam
  2. Oct 11, 2026photo post
  3. Oct 11, 2026#tadbir ЎН БЕШ ЙИЛ ‒ ЎН БЕШТА КИТОБ ЭМАС «Ҳилол-нашр» нашриёти ташкил топганига 15 йил тўл…
  4. Oct 10, 2026Китоб ўқиб дам олиш билан дам олишда китоб ўқиш, умуман бошқа-бошқа нарса. Ikrom Sharif ✍�…
  5. Oct 9, 2026#tavsiya Ўзбек маърифатпарварларидан Алихонтўра Соғуний «...миллий ҳиссиётларини сақлаш уч…
Threads Profile ViewerView any public Threads profile without an account.Open ThreadLook →Writing with AI? Make it sound human.Metric37 rewrites AI drafts so they read naturally. Free AI detector, 1,500 words free.Try Metric37 →