Бир неча йил (асосан японшунослик соҳасидаги) илмий журналларда ҳайъат аъзоси, яқин йилларда эса соҳамда етакчи журналлардан бирининг бош муҳаррири сифатида, Комил Жалилов каналидан олинган юқоридаги ёзув ҳақида қисқача фикрларимни ёзсам.
Бироз муболаға билан бўлсада, нуфузли журналларда мақола чиқариш кўп олимлар учун салкам ҳаёт-мамот масаласига айлангани рост. Бу нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда шундай. Академияда (кенг, "илмий дунё" маъносида) ҳатто ўзига хос ибора ҳам бор бу ҳақда: "Publish, or perish!" Яъни, "Ё чоп қил, ё йўқ бўл!" Нуфузлими йўқми, соҳа журналларида мақола чиқаришни бизлардан ҳам талаб қилишади. (Журнални чоп қиладиган хусусий компаниялар эса текинга келган мақолаларни сотиб мўмай пул қилади. Аммо бу бошқа масала, бир вақт топиб ёзарман).
Ишга кираётганимда суҳбатдан ўтаётганда домлалар мендан биринчи бўлиб "Қандай дарслар ўта оласиз?", ёки "Қандай маъмурий тажрибангиз бор?" деб сўрашмаган. Улар биринчи бўлиб мендан "Кейинги 5 йилда нечта китоб ё мақола чоп қиласиз?" деб сўрашган.
Сабаби нимада дейсиз? Албатта, ходимлари кўп ва яхши мақола чиқарган университетлар рейтингларда юқорилайди. Мақоланинг яхшилиги қандай белгиланади, деб сўрарсиз? Бу кўрсаткич мақолани нечта бошқа олим ўз ишида ишлатиши (цитаталар) сонига қараб аниқланади. Журналларнинг "импакт фактори" (таъсир кучи деса бўлар, коэффициент сифатида) ҳам рол ўйнайди. Бир дунё омилни ҳисобга олиб, университетларда олиб борилаётган тадқиқот сифати ва таъсирини ўлчашади, қисқаси. Бу омилларнинг барини санаб ўтирсак, узун бўлиб кетади. Ва кўп давлатларда (масалан, Британияда) ҳукумат шунга қараб университетларга маблағ тақсимлайди. Мантиққа кўра, янги тадқиқот қилиш учун маблағ тарқатишда шу пайтгача яхши тадқиқот қилиб келганлар навбатда биринчи бўлади.
Ўзбекистонда маблағ ва грантлар тақсимланиши чоп қилинган китобу мақола сони ва сифатига қараб белгиланадими, буни рости билмайман. Балки ўқитувчилардан кўпроқ мақола чоп қилишни рейтингларда юқорилаш мақсадида қилишар. Биладиганлар илтимос комментда ёзиб қолдиринг.
Таъкидламоқчи бўлган нарсам: илмий мақолада сондан сифат муҳимроқ. Тадқиқот шунчаки тадқиқот қилиш учун, грант ютиш ёки "бунча мақола чиқарганман" дейиш учунгина қилинмайди. Илм-фан, соҳасидан қатъий назар, жамият ва балки бутун инсоният ҳаётига ўз имкони ва қамрови доирасида ҳисса қўшиш учун қилинади. Илмнинг фойдаси ё таъсири унинг ҳаққонийлигига, қоидаларга риоя қилган ҳолда, янгилик ярата олишига боғлиқ. Ўн йиллар давомида ишлаб чиқилган механизм: олимлар бир-бирини назорат қилиши, тадқиқотларни қаттиқ танқид қилиши орқали эришилади бунга. Импакт фактори юқори журналлар нима учун машҳур ва ҳамма уларда чоп қилинишни хоҳлайди? Чунки бу журналларда талаб ва текшириш (peer review жараёни орқали) жуда қаттиқ ва осмондан олиб ёзилган, ёки ChatGPT'га ёздирилган нарсалар ўтмайди.
Журналдаги фаолиятим даврида турли ноилмий сабабларга кўра ёзилиб, топшириладиган мақолаларни олганмиз. Биринчи берадиган саволимиз айнан мақоланинг мавжуд билимга қўшадиган ҳиссаси ҳақида бўлади.
Олимлардан кўпроқ ва яхшироқ мақолалар чоп қилиниши кутиларкан, уларга бу машаққатли ишни яхши бажариш учун шароит ҳам яратилиши керак. Аммо биринчи навбатда уларга халқаро журналларда мақола чоп қила оладиган даражага етишда ёрдам бериш керак.
Бу узоқ муддатли жараён. Тренинглар, амалий семинар ё дарслар (масалан, барча иштирокчиларга мақола ёздиришдан иборат дастурлар) уюштирилиши керак, олимларнинг инглиз тилида илмий матнлар ёзиш малакаси оширилиш лозим, тажрибали мутахассислар таклиф қилиниши керак. Яна қилиниши керак нарсалар бирталай, ҳаммасини санаб ўтолмайман. Алишер ака Файзуллаев билан суҳбатда буларнинг баъзиларини айтиб ўтгандим. Шундай тренинглардан бирида ўз тажрибам билан бўлишиш менга қизиқ бўларди.
Йилдан-йилга нуфузли журналларда мақола чиқарадиган олимларимиз сони ортиб бораверашига шубҳа қилмайман. Аммо бу мураккаб вазифа олимларнинг ўзларига қолдирилса, шароит яратилмасаю, талаб қўйилса, кўп меҳнат ва вақт бекорга кетиши мумкин. Ишончсиз ва сифатсиз мақолалар сони ҳам кўпайиши аниқ.
#Тадқиқот #университетлар
@profsherzod
Post #652
25.1K