TGViewer
Erkin Malik Erkin Malik @erkinmalik · 844 subscribers
Post #1401 283
АЛЛОҲ БЕРАР ҚЎЛНИ ЯХШИ КЎРАДИ
 
     Камина тоғдаги дала ҳовлимиз ва у ердаги ҳайвонот олами ҳақида кўп ёзганман. «Чапмо отли илон», «Чумолилар салтанати», «Асаларилар салтанати ёки уч оғайни ботирлар» китобларини ўша жойнинг маҳсули деб биламан.
     Кейинги пайтларда у ердаги боғ ҳовлимиз атрофига қаҳвахоналар, дам олиш масканлари тушиб, тинчлик, сокинлик йўқолди. Бошқа бир жойдан дала ҳовли қуришга тўғри келди. Кўпдан қурилиш ишлари билан шуғулланиб юрадиган фирма бор экан. Қурувчилари асосан сурхондарёлик ва қорақалпоғистонлик йигитлар. Битим тузишдан олдин менинг саволим «ичишмайдими», «чекишмайдими»дан бошланди. «Мутлақо йўқ» деган қатъий жавоб бўлди. Ишондим, чунки иш юритувчи Бахтиёр ибодатли йигит эди. Албатта, бунақа одам қўл остига кимларни йиғишни билади.
     Аввало ичимда шундай бир гуруҳга рўбарў қилиб қўйган Аллоҳга ҳамд айтдим. Худодан қўрққан одам ваъдабозлик қилмайди, алдам-қалдамдан узоқ бўлади. Аллоҳ буюрганига амал қиладиган одамлар бир-бири билан яқин ва қадрдон бўлиб қолади. Иш бошлашдан олдин Бахтиёрга баъзи шартларимни айтдим. Шулардан бири иш тугаб, иккинчисига ўтишдан олдин қурувчиларнинг пешонасидаги тери қуримасдан ҳақини бериш. «Пайғамбаримиз ҳадисларига биноан денг. Қанийди ҳамма ҳам шундай қилса», дея хурсанд бўлди Бахтиёр. Шундай қилсак ишга ҳам, бизнинг топган-тутганимизга ҳам барака киради, пешонасидаги тери қуригандан кейин берилгани ҳақ ланж, совиган ошдек бўлади, деб қўшимча қилиб қўйдим.
     Шундай қилиб қурилиш бошланди. Деярли бир йил давом эти. Ҳайит кунлари қурувчилар уйларига бориб келишди. Бир куни пешин пайти қурувчилардан бири, қурилишга ишора қилиб:
     ‒ Ишимиздан хурсандмисиз, дода? ‒ деб сўраб қолди.
     Мен дилимдагини айтдим:
     ‒ Бу қураётган жойинглар мен учун шунчаки бир матоҳ. Менинг хурсандчилигим сизларнинг рўзғорингиз юраётганида, у ёқда бола-чақангизнинг қозони қайнаётганида. Аллоҳ бизга беряпти, биз эса сизга. Мана, хурсандчилигим қаерда!
     Хуллас қурувчилар орасида учтаси иш бошлангандан охиригача туриб бергани учун оилами аъзосидек бўлиб қолди. Уларнинг иккитаси бола-чақали, биттаси уйланадиган ёшда эди. Ўша бўйдоқ йигит қишлоққа қайтибоқ тўй бошлаб юборилишини, шунга яраша захира тўплаганини айтди. Шунда кўнглимдан бир фикр ўтди ва набирамга сим қоқдим.
     ‒ Чўнтак қалай, болам? – дедим салом-аликдан кейин.
     ‒ Борини усталарга бердим, дода. Нега сўраётган эдингиз? – сергакланди набирам.
     ‒ Шу бугун хайрлашадиган усталар биттадан костюм-шимга лойиқ эди-да, айниқса, уйланадигани.
     ‒ Сизни тушундим, дода. Уларнинг телефон рақами менда бор, тоғдан тушиб келаверсин. Кутиб олиб, ўзим кузатиб қўяман. Кийим-кечак сотадиган дўкончи оғайниларим бор, пулини кейин ҳам берсам бўлаверади.
     Набирамнинг жавобидан хотиржам бўлиб, уларни дуо қилиб кузатдим, лекин ҳадя ҳақида гап очмадим. Набирам улар билан боғланишини билдим. У ҳеч қачон битта гапимни иккита қилмаган. Кечроқ ўзим ҳам шаҳарга қайтдим. Ишларинг нима бўлди, деб набирамни ҳижолат қилгим келмади. Иш ўхшамай қолган бўлиши ҳам мумкин-да. У биздан алоҳида яшайди.
     Хуфтонни ўқиб, энди дам оламан деганимда телефоннинг овозини ўчирмаган эканман, жиринглаб қолди. Гўшакни қулоғимга тутдим. Нариги ёқда эрталаб кузатиб қўйганим қурувчилардан бирининг овози эшитилиб қолди. Нимагадир у аниқ-тиниқ гапирмас, овози узилиб-узилиб келарди. Худди йиғламсираб гапираётгандек. Менинг ҳисобимда улар аллақачон йўлда бўлиши керак эди. Бирон кор-ҳол бўлдимикан деб капалагим учди. Хайрият ундай эмас экан. Қўнғироқ қилиб, менга миннатдорчиликларини билдириб қўймоқчи бўлишган экан. Телефонни бўлажак куёв бола қилган эди. Тушундим, демак, набирам иложини қилибди. Ўша кеча бир маза қилиб ухладим...
     Эрта билан набирам қўнғироқ қилди. «Баракалла, амаллабсан, болам. Йўлда менга қўнғироқ қилиб раҳматларини айтишди», дедим унга. Набирамнинг айтишича, пул тополмай, дўкончи ўртоқларидан қарз кўтараман деб турганида картасига ололмай юрган пули тушиб қолибди-да. Қаранг, Аллоҳ етказиб, мушкулини осон қилибди. Буюк қудрат Эгаси – Аллоҳим берар қўлни яхши кўради-да, азизлар.
  • 👍 12
  • 🔥 1
  • 🕊 1
More from @erkinmalik
  1. Oct 17, 2026КИФОЯ У уловида ишхонасига кетар экан, ҳар доим ичида бундай дуо қиларди: «Эй яратган Эгам…
  2. Oct 16, 2026✍️Erkin Malik qalamiga mansub ushbu kitobdan yozuvchining bir qancha qissalari o‘rinolgan…
  3. Oct 16, 2026BU BOSHQA GAP Bolalarning dadasi dalada dehqonchilik qilib, har xil ekin ekadi. Hatto pist…
  4. Oct 15, 2026БУ БОШҚА ГАП Болаларнинг дадаси далада деҳқончилик қилиб, ҳар хил экин экади. Ҳатто пистаг…
  5. Oct 14, 2026Erta bilan nabiram qo‘ng‘iroq qildi. «Barakalla, amallabsan, bolam. Yo‘lda menga qo‘ng‘iro…
  6. Oct 14, 2026ALLOH BERAR QO‘LNI YAXSHI KO‘RADI Kamina tog‘dagi dala hovlimiz va u yerdagi hayvonot olam…
Threads Profile ViewerView any public Threads profile without an account.Open ThreadLook →Writing with AI? Make it sound human.Metric37 rewrites AI drafts so they read naturally. Free AI detector, 1,500 words free.Try Metric37 →