ТАРОЗИНИНГ ИККИ ПАЛЛАСИ
Бу сўз авваллари тез-тез қулоққа чалиниб турарди. Масалан, олди-бердида, бозорда ниманидир тарозида тортишда, ҳатто оилаларда бўлиб турадиган қўйди-чиқдиларда ҳам. Кейинги пайтларда тарозилар электронлашиб кетганигами, бу сўз истеъмолдан чиқиб қолди. Сабаби кейинги авлод икки паллали тарозини кўрмаган, билмайди ҳам. Лекин бу сўзнинг кучи ва тарбиявий моҳияти қандай бўлса шундайлигича турибди.
Биз яшаб турган дунё мисоли тарозининг икки палласига ўхшайди. Бир палласи бу дунё бўлса, иккинчи охират. Бу дунёдаги савоб ва гуноҳ амалларимиз тарозида тортилади. Тарозининг савоб палласи оғир келса, мукофоти жаннат. Гуноҳ тарафи оғир келса, жазоси – дўзах. Тарозининг палласи теппа-тенг келиб қолса, унда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шафоатларидан умид қилинади.
Охират тарозисининг бундай мисолларини ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида учратиш мумкин. Бозорда харидор билан сотувчи ўртасида қачон жанжал чиқади? Сотувчи тарозидан уриб қолганида. Эр билан хотин ўртасида ҳам худди шундай ўзаро муносабатлар бузилганида. Қўни-қўшни, фарзанд ва ота-она, ака-ука, опа-сингил, ҳатто қариндошлар ўртасидаги келишмовчиликларни ҳам тарози палласининг бузилишига менгзаш мумкин. Ҳатто давлатлар ўртасида бўладиган катта-ю кичик маҳорабалар ҳам шундай.
Барча баҳона-ю сабабларни йиғиштириб қўйиб, соддагина, оддийгина қилиб, дунёда яшаётган одамларни бой ва камбағалга ажратайлик-да, тарозининг бир палласига бойларни-ю, нариги томонига камбағалларни қўяйлик. Тарозининг палласи тенг турса, олам гулистон, фаровонлик, апоқ-чапоқлик кафолатланади. Жамият ривожланади. Олдинда нурли, умидбахш кунлар...
Шундай азизлар, ҳаётда умргузаронлик қилар эканмиз тарозининг икки палласини ҳамиша ёдда тутайлик. Тарозининг бир-бирига юзма-юз қараб турган рост тилига айланайлик.
Post #1399
302
- 👍 13
- 🕊 1