ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙНИНГ ҚУШ БЎЛИБ УЧГАНИ
(Шоир ва олим Мирзо Кенжабек ҳикоясидан)
Ёш Жалолиддин яшайдиган қишлоқ тоғ бағрида бўлиб, уйлар қуш уясидек тепага қараб ўрлаб кетган, ҳар бир уйнинг томи тепадаги қўшнига ҳовли вазифасини бажарарди. Олти ёшли Жалолиддин ва унинг ўртоқларига томлар бамисоли ўйингоҳ эди. У томдан бу томга ўтиб, бақир-чақир қилиб ўйнашар эди.
Бир куни у том билан бу томнинг ўтишга қийин оралиғида болалар пастга тушиб кетишдан қўрқиб, тўхтаб қолишади. Шунда Жалолиддин:
‒ Бу жойдан ит ҳам, мушук ҳам сакраб ўта олади. Қўрқоқларгина уддалай олмайди. Довюраклар ҳов кўринган осмон томига ҳам сакраши мумкин, ‒ дейди уфққа ишора қилиб. Болалар осмоннинг ҳам томи бор, у ҳовлилар тугаган жойдан кейин бошланса керак деб ўйлашарди.
‒ Сен шунақа ботирмисан, осмоннинг томига чиқа оласанми? ‒ сўрашади ўртоқлари.
‒ Чиқа оламан, ‒ дея ишонч билан жавоб берди Жалолиддин.
‒ Қандай қилиб? – ҳайрон бўлишди улар.
‒ Мана бундай қилиб, ‒ деб Жалолиддин қўлларини икки ёнга ёзади ва кўм-кўк осмон бағрига ўзини отиб, бир зумда кўздан ғойиб бўлади.
Ўртоқлари уни осмон томига чиқиб, қайтиб тушишини кута бошлашади. Ҳа деганда ундан дарак бўлавермагач, ота-онаси Жалолиддин қани, деб сўрашса, нима деймиз, қуш бўлиб осмонга учиб кетди, десак ишонишмайди деганча йиғлай бошлашди. Шунда Жалолиддин осмон томига учган жойида яна пайдо бўлиб қолади. Дўстлари севинганларидан уни қучоқлаб, бағирларига босишади. Ўшанда Жалолиддин олти ёшли болакай эди. Аллоҳга ва унинг малоикаларига чин дилдан ишонган болакайни фаришталар осмони фалакка олиб чиқиб, яна қайтариб олиб тушишган эди. Буни Румий ҳазратларининг ўзлари ҳам «шундай бўлган эди» деб асарларида ёзиб қолдирганлар.
Албатта, ўшанда нима бўлгани, қандай амалга ошганининг сир-синоати ва ҳукми Аллоҳнинг ҳузурида... Балки бу воқеа Румийнинг келажакда дунё танийдиган машҳур олим бўлишига Аллоҳ тарафидан бир ишора бўлгандир. Яна Аллоҳ билгувчидир.
Post #1390
452
- 👍 5
- 🔥 1