ОЛОВЛИ ОТ
Оловли от ёндирар ёзни,
Вулқон ўпган ёллари билан.
Ўзин елпиб мунграр саратон,
Оғочларнинг қўллари билан.
Шармисорлик сочар мавсумга
Олов отнинг тийиқсиз майли.
Оллоҳ-оллоҳ, неча биянинг
Шўри қисди унинг туфайли.
Қуш қаноти, одам оёғи
Куяверди етган жойида.
Ер тишлади майсалар, яна
Гуллар парчин бўлди пойида.
Бир пайт руҳинг пуфланган қамиш,
Соғ қолдими, айтгин, Олов От?
Ўт кетган жой бир зайил ёнар,
Доғ қолдими, айтгин, Олов от?
Аждаҳонинг руҳдоши бўлсанг ,
Тоғ ортига югур, Олов От.
Гар қасоснинг сирдоши бўлсанг,
Жон қозиғин суғур, Олов От!
...Туёқларинг бераҳм, ўтсанг –
Пайҳон дала қолар, Олов От.
Қолса сендан, қондошларингга
Куйган табла қолар, Олов От.
30.07.2026
Гулноз МЎМИНОВА
Post #1443
400
- 👍 5
- ❤ 2