ТЎҒРИ ЧИЗИҚ
Болаликни қўмсаб кезаман тунда,
Юлдузлар нурига беланар хаёл.
Кулиб келаверар қаршимдан шунда
Мунаввар бир аёл, дилбар бир аёл.
У – Сиз…
Хотиралар аста жонланар:
Синф. Бўёқ ҳиди. Ўттиз полапон.
Бу – мен. Меҳрибон қўл бошимни силар:
“Чизиқдан чиқмасдан ёзинг, Иқболжон!”
Опа, хотирадир у кунлар, опа,
Опа, у кунларга бугун интиқман.
Бугун хатоларим қилмасми хафа,
Чиқиб кетмадимми тўғри чизиқдан?!
Опа, қолиплардан зерикканман хўб,
Дафтар чизиғининг йўриғи бошқа.
Опа, бу дунёнинг чизиқлари кўп,
Лекин ҳаммаси ҳам элтмас Қуёшга.
Меҳрингиз соғиниб кезаман тунда,
Чироқлар нурига беланар хаёл.
Кулиб келаверар қаршимдан шунда
Мунаввар бир аёл, дилбар бир аёл.
У – Сиз…
Эски сурат аста жонланар:
Синф. Китоб ҳиди. Ўттиз полапон.
Бу – мен. Меҳрибон қўл бошимни силар:
“Чизиқдан чиқмасдан ёзинг, Иқболжон!”
Иқбол Мирзо
Post #1459
64
Forwarded from Nodirabegim
- 👍 4
- ❤🔥 3
- 🔥 2
- 🥰 1