давоми
Хобир — шундай Зотки, У ҳар бир нарсани билади. Унинг илмидан на кичик ва на катта нарса ғойиб бўлади. У ҳар бир нарсанинг моҳиятини билувчи, ҳар бир дақиқ (нозик) нарсадан, у хоҳ майда, хоҳ яширин бўлсин, хабардор Зотдир. Ишларнинг нозик жиҳатларини билувчи Зотга ҳеч бир яширин нарса махфий қолмайди. У дардни ҳам, давони ҳам билади. Нарсаларнинг зоҳирини ҳам, ботинини ҳам, шаклини ҳам, ҳақиқатини ҳам, улуғ жиҳатларини ҳам, дақиқ жиҳатларини ҳам билади. Кўзинг кўрадиган ва кўзингга махфий бўлган нарсаларни ҳам билади.
Олимлардан бири айтади: «Ал-Хобир — шундай Зотки, Ундан ботиний хабарлар ҳам четда қолмайди. Мулк ва Малакут оламида бирор нарса Унинг илмисиз содир бўлмайди, бирор зарра Унинг илмисиз ҳаракатланмайди ва тинчимайди. Бирор нафс Унинг илмисиз изтиробга тушмайди ва хотиржам бўлмайди».
Айтилдики: «ал--Хобир — шундай Зотки, Ерда ҳам, осмонда ҳам бирор нарса Унга махфий қолмайди. Осмону Ерда бирор ҳаракат ёки бирор сукунат йўқки, У унинг қароргоҳини ва сақланадиган жойини билмаса».
Лекин биров сўраши мумкин: «Ахир бу «ал-Алийм» исми эмасми? Буларнинг барчаси «ал-Алийм» исмининг шарҳи бўлиши мумкин-ку. Унда нима учун биз «ал-Хобир» исми ҳақида, «ал-Алийм» исмига ўхшаш нарсалар билан гапиряпмиз?»
Ҳақиқат шундаки, олимлар «ал-Алийм» ва «ал-Хобир» ўртасини ажратишган.
«ал-Алийм» — бир нарсани илми билан хабар берадиган Зот, лекин «хибра» (хабардорлик) «илм»дан кўра балоғатлироқдир, чунки у илм ва унга қўшимча демакдир. Бир нарсадан хабардор бўлган киши — ўз илми билан ўша нарсани муолажа қилган, унинг хоссаларини баён қилган, уни тажриба қилган ва имтиҳондан ўтказган кишидир. Натижада у ўша нарсанинг нозик тафсилотларини қамраб олади, унга ёпишган, ажралмас хоссаларини билади ва унинг ҳақиқатини сифатлайди. Демак, илм — назарий, хабардорлик (хибра) эса амалийдир.
«Ал-Хобир» сўзи «ал-Алийм» маъносини англатади, лекин «Алийм» сўзи «Ал-Хобир» маъносини тўлиқ ифодаламайди. Шунинг учун ҳам «ал-Хобир» исми «Алийм»дир ва унга яна бошқа бир нарса қўшилгандир.
Мен «Алийм» ва «Ал-Хобир» ўртасидаги фарқни мисоллар орқали янада аниқроқ тушунтириб бераман. Қуръони Каримда «ал-Хобир» исми келган оят бор ва мен уни ушбу изланишнинг асоси қилиб оламан. «Хобир» лафзи Қуръонда қирқ беш марта келган.
"Сизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ою ўн кун кутарлар. Муддатлари етганда, ўзлари ҳақида маъруф ила қилган ишларида сизга гуноҳ йўқ. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир", Бақара сураси, 234 – оят.
Агар мен ушбу қадаҳни ушлаб, мана шу ерга қўйсам, сизларнинг барчангиз уни бир жойдан иккинчи жойга кўчирганимни кўрасиз, бу — илм ҳисобланади. Лекин нима учун уни кўчирдим? Уни кўчиришимга ундаган сабаблар нима эди? Уни кўчираётганимда хаёлимдан қандай фикрлар ўтди? Кўчириш орқали нимани кўзладим? Уни кўчиришга мажбур қилган омил нима эди?
Сизнинг унинг бир жойдан бошқа жойга кўчганини билишингиз "илм" деб аталади. Аммо Аллоҳ азза ва жалла: «Аллоҳ қилаётган амалларингиздан Хабардордир» деб айтганида, сен бирор ишни қилишинг мумкин ва уни кўрган ҳеч бир инсон бу ишни яхши иш эканида шубҳа қилмайди, лекин ният яхши бўлмаган бўлиши мумкин эканини англатади.
Аллоҳ сен қилаётган амалдан хабардордир. Сен бирор нарсани даъво қилиб, аслида унга зид бўлишинг мумкин. Зоҳиран бирор нарсани хоҳлаётгандек кўриниб, ботинан уни хоҳламаслигинг мумкин. Бирор кишини ёқтирмасанг-да, унга очиқ юз билан пешвоз чиқишинг ёки бирор кишини яхши кўрсанг-да, ундан ғазабланганингни кўрсатишинг мумкин.
давоми бор...
@arabicuz
Post #32142
2.22K
- ❤ 18
- 👍 8