Асмоул ҳусно
30. ал-Адл
Ал-Адл – Аллоҳ таолонинг исмларидан биридир.
“Ва китоб қўйилди. Бас, жиноятчиларни ундаги нарсадан қўрққан ҳолларида кўрасан. Улар: «Вой, шўримиз қурисин! Бу қандай китобки, кичикни ҳам, каттани ҳам ҳеч қўймай, ҳисоб қилибди-я!» – дерлар. Ва қилган амалларини ҳозир ҳолда топдилар. Роббинг ҳеч кимга зулм қилмас”, Каҳф сураси, 49 – оят.
“Ким солиҳ амал қилса, ўзига фойда. Ким ёмонлик қилса, ўзига зарар. Роббинг бандаларга зулм қилувчи эмас”, Фуссилат сураси, 46 – оят.
Аллоҳ таолонинг ал-Адл исми – адолатли, мўътадил ҳолда яратувчи Зот маъносини англатади. Адолат — Аллоҳ таолонинг сифатларидан биридир. У «ъадала — яъдилу — ъадлан» (عَدَلَ يَعْدِلُ عَدْلاً) феълининг масдари бўлиб, У адолатлидир,одилдир. Демак, Аллоҳ таоло Ҳакам (ҳукм қилувчи) ва ал-Адл - мутлақ адолат эгасидир.
Ҳақиқат шундаки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз яратишида одилдир, шариатида одилдир ва тақдир ҳамда коинотга оид фармойишларида одилдир. Яъни, Унинг яратишида адолат бор, амрида адолат бор ва феълида адолат бор, зеро, яратиш, амр ва феъл Унинг Ўзиникидир. Шунга кўра, адолат Унинг сифатларидандир.
Келинг, аввало, Аллоҳ таолонинг махлуқотларидаги адолатини кўриб чиқамиз. Масалан, инсоннинг қўлини олайлик. Ушбу аъзо инсон учун жуда қулай жойида жойлашган. Қўлларимизнинг ҳеч қандай камчилиги ҳам йўқ, ортиқча нарсаси ҳам йўқ. У Зот Ўз яратишида одилдир. Қўлнинг жойлашуви жуда мос, оқилона ва мўътадил ўриндадир. Бу эса ҳаддан ошиш ва сусткашлик (тафрит) ўртасидаги адолатдир.
Масалан, электр ёққич шундай жойга ўрнатилганки, у уйдаги ҳамма аъзоларга — ота, она, фарзанд ва бошқаларга мос келади; ота қўлини муайян баландликка узатиб, ундан бемалол фойдаланади. Мана шу жой мўътадилдир. Агар у жуда баландда бўлганида, нарвон керак бўлар эди. Агар ерга яқин, жуда пастда бўлганида, чироқни ёқиш учун инсон ерга эгилишига тўғри келарди. Аммо бу тугманинг баландлик ва пастлик ўртасидаги мўътадил жойда бўлиши — адолатли ва мутаносиб жойлашувдир. Иътидол - адолат ва тенглик демакдир, у доимо ўртачалик (васатийлик) бўлиб, ифрот ва тафрит ўртасидаги энг мукаммал мавқедир.
Агар инсон бир стакан сувдаги барча микроорганизмларни (микробларни) кўрганида эди, ҳеч қачон сув ичмаган бўларди. Агар кўз шу даражада ўткир ва аниқ қилиб яратилганида, ҳамма нарсани кўриб ҳаётимиз азобга айланарди. Ёки аксинча, кўз шу даражада ожиз бўлганидаки, ҳеч нарсани кўрмаганимизда, ҳалокатга учрардик. Биринчи ҳолат — ҳаддан ошиш, иккинчи ҳолат эса сусткашлик бўлар эди. Шунга кўра, кўриш чегараси мўътадил қилиб қўйилган, демак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз яратишида одилдир.
Эшитиш чегарасига келсак, шундай товушлар борки, сиз уларни эшитмайсиз. Агар уларни эшитганингизда, тунда ухлай олмасдингиз. Чунки товуш тўлқинлари сўнмайди (йўқ бўлиб кетмайди); улар асло сўнмайдиган электромагнит тўлқинлари кабидир. Масалан, Юпитер сайёрасига космик кема учирилди ва у соатига қирқ минг мил тезликда фазода учишда давом этди. Орадан олтмиш йил ўтиб, у манзилга етиб борганида, ундан радиохабарлар юборилди. Бу олимлар айтганидек, электромагнит тўлқинлари сўнмаслиги, балки ўз кучида қолишини кўрсатади; радиоузатишларнинг сабаби ҳам шу аслида.
Агар оддий товуш тўлқинлари ҳам электромагнит тўлқинлари каби сўнмаганида эди, сиз Дамашқда туриб Ердаги барча товушларни — денгиз тўлқинлари, пўлат заводлари, вулқон портлашлари шовқинини эшитган бўлардингиз ва ҳаёт кечиришнинг асло иложи қолмасди. Шунга кўра, эшитиш чегараси ва товушларнинг сўниши— мўътадил ва адолатли яратилишдир.
«Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик». (Қамар сураси 49-оят).
«Эй инсон! Карамли Роббинг хусусида сени нима алдаб қўйди?! У сени яратди, тўла-тўкис ва мўътадил қилди. Ўзи хоҳлаган суратда сени йиғди» (Инфитор сураси, 6–8-оятлар).
Яъни, эй инсон! Аллоҳ сезги аъзоларингни, овқат ҳазм қилиш аъзоларингни, қалбингни, икки ўпкангни ҳамда бошқа аъзоларингни мўътадил ва меъёрида яратиб тўғри жиҳозлади, қоматингни тик қилиб, ростлади.
Шунга ўхшаш яна бир мисол: уйимиздаги товуқ ҳар куни бир дона тухум қилади. Агар ўша товуқ бир ойда бир дона тухум қилганида унинг қўядиган тухуми қиймати жуда ҳам қиммат бўлиб кетарди...
Аллоҳнинг махлуқотлари ҳақида тафаккур қилсангиз, У Зотнинг: «Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик», деган сўзини сезасиз ва таҳқиқ қиласиз. Аллоҳнинг махлуқотларида ортиқчалик – камчилик, ўйламасдан иш қилиш – бепарволик, муболағалик-тушунарсизлик йўқдир.
Ернинг Қуёшдан маълум масофада узоқлиги ҳам мўътадил ҳолатдир. Қуёш Ерга жуда яқин жойлашганида Ер қип-қизил чўғга айланарди, Аллоҳ асрасин. Аксинча, Қуёш Ердан ҳозирги масофага нисбатан узоқлашса, Ер музлик қабристонга айланади. Қуёш ҳам, Ой ҳам қатъий ҳисоб-китоб билан ҳаркат қилади, орадаги масофалар жуда нозик чегаралар билан белгиланган.
Агар бир кунимиз, яъни бир сутканинг кундузи 50 соат давом этганида қандай аҳволга тушиб қолишимиз мумкинлигини тасаввур қилаяпсизми? Сир эмас, бугунги куни одамлари 8 соатлик иш режимига зўр чидайдилар. Борди-ю қуёш чиқиши ва ботиши орасидаги муддат 50 соатни ташкил этадиган бўлса, сиз: айтайлик, дўконингизни очиб, маълум вақт ишлагач, уни беркитардингиз, уйга бориб, қанчадир вақт давомида ухлаб, яна ўша куннинг ўзида ишхонангизга қайтиб, дўконни очар эдингиз. Аммо аслини олганда инсон бундай ҳаёт тарзини кўтаролмайди. Ундан кейин эллик соатлик туннинг келишини тасаввур қилинг! Бундай ҳолатда ҳаёт тарзи, тартибига путур етади, халоват буткул йўқолади.
«Айтинг-чи, агар Аллоҳ кундузни қиёмат кунигача доимий қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси илоҳ сизларга ором оладиганингиз кечани келтира олади?! Кўрмайсизларми?!» деб айт. У Зот Ўз раҳмати ила сизларга кеча ва кундузни ором олишингиз ва Унинг фазлидан талаб қилишингиз учун пайдо қилди. Шоядки, шукр келтирсангиз» (Қосос сураси, 71–72-оятлар).
Шундай экан, кечанинг узунлиги ва кундузнинг узунлиги, Қуёш ва Ойнинг Ердан узоқлиги, Ой ва Ернинг ҳажми буларнинг барчаси Аллоҳ уларни адолат ва меъёр билан яратганидан далолатдир.
Тасаввур қилинг, тарвуз пўстлоғи помидор пўслоғидек юмшоқ бўлиб қолса... У ҳолда сизу биз ҳаётимиз давомида тарвуз ея олмасмидик... Чунки бундай тарвузни бир жойдан иккинчи жойга кўчиришнинг имкони бўлмасди. Ёки аксинча помидор пўстлоғи тарвуз пўслоғидек қаттиқ ва қалин бўлиб қолса, у ҳолда вужуди пўстлоққа айланадиган помидорни еб бўлмасди. Ваҳоланки, помидор ҳам, тарвуз ҳам – Роббимиз яратган, пўслоғининг қалинлигию меванинг ҳажми, оғирлигию таъми, хуллас бошқа сифатлари мўътадил ҳамда меъёрида бўлган ажойиб неъматлардир.
«Инсон ўз таомига назар солсин. Албатта, Биз сувни роса қуйиб қўйдик. Сўнгра ерни ўзига хос ёрдик. (Биз) унда донни ўстирдик… узум ва кўкатларни ҳам, зайтун ва хурмоларни, қуюқ, қалин боғу бўстонларни, мева чеваю ўт-ўланларни ҳам... сизларга ва чорваларингизга наф бўлиши учун» (Абаса сураси, 24–32-оятлар).
«Улар назар солмайдими туянинг қандай яратилганига,... осмоннинг қандай кўтарилганига… тоғларнинг қандай ўрнаштирилганига… ва ернинг қандай текислаб қўйилганига?» (Ғошия сураси, 17–20-оятлар).
Юқорида Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган барча махлуқотларни Ўзининг адолати ва меъёри билан мукаммал бенуқсон яратгани баён қилинди. Қуйида эса Аллоҳ таолонинг бандаларига буюрган буйруқларида ҳам адолат муқаррар экани ҳақида сўз юритамиз.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бир йилда ўттиз кун рўза тутиш фарз амал эканини марҳамат қилади. Агар Аллоҳ бандаларига бир йилда 6 ой рўза тутишни буюрганида нима бўлар эди? Бу инсон тоқатидан ташқари нарса бўларди. Демак, ўттиз кунлик рўза Аллоҳнинг бандаларига буюрган мўътадил ва меъёридаги амаллардан биридир.
«Аллоҳ ҳеч бир жонга имкониятидан ташқари нарса юкламас. Қилгани ҳам ўзига (фойда), қилмиши ҳам ўзига (зарар)» (Бақара сураси, 286-оят).
Демак, бир йилда бир ой рўза тутиш, имкони бўлса, умрида бир марта ҳаж қилиш, йилда тўплаган ва нисобига етган молу дунёдан закот бериш, яъни жами молининг қирқдан бирини, яъни юздан икки ярим фоизини фақир, мискинларга инфоқ қилиб бериш мусулмон бандаларга фарз қилинган амаллардир. Аллоҳ яна номаҳрамлардан назарни тийишни буюради.
давоми бор...
@arabicuz
Post #32070
1.92K
- ❤ 22
- 👍 8