🔴Янги аэропортлар, пулли йўллар ва тезюрар поездлар...
✔️Транспорт соҳасида нималар ўзгаради?
Ўзбекистонда янги аэропортлар қуриш, пулли автомобиль йўлларини очиш ва темир йўлларда кўпроқ поезд қатновини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни ушбу лойиҳаларнинг бориши билан танишди, деб хабар берди Президент матбуот хизмати.
Тошкент ва Бухорода умумий қиймати қарийб 3 миллиард долларлик янги аэропортлар барпо этилмоқда. Янги Тошкент халқаро аэропорти биринчи босқичда йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатиши мўлжалланган
Ҳозир ҳудуд қурилишга тайёрланиб, муҳандислик тармоқлари кўчирилмоқда.
Бухорода аэродром инфратузилмаси қуриляпти. Йўловчи терминалини қуриб, бошқарадиган хусусий шерик эса халқаро тендер орқали танланади. Урганч, Наманган ва Андижон аэропортларини ҳам янгилаш кўзда тутилган.
Мақсад — кўпроқ йўловчини қабул қилиш ва хизмат сифатини яхшилаш.
Автомобиль йўллари бўйича ҳам бир нечта йирик лойиҳа бор. Августда 2,2 миллиард долларлик Тошкент — Самарқанд пулли йўли қурилишига старт берилган, Урганч — Хива ўртасидаги илк пулли йўл эса ишга туширилган.
Энди Тошкент — Андижон ва Тошкент — Бўстонлиқ пулли йўллари учун инвесторларни аниқлаш ва амалий ишларни бошлаш масалалари кўриб чиқилди.
Темир йўллардаги асосий муаммо — айрим участкалар катта юклама билан ишлаётгани. Юк ташиш кўпайиши ва янги тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилиши билан мавжуд тармоққа талаб яна ортади.
Шу сабабли Ангрен — Поп, Тошғузор — Бойсун — Қумқўрғон, Тошкент — Самарқанд ва бошқа йўналишларни янгилаш таклиф қилинди. Бу ишларга 200 миллион доллар йўналтирилса, участкаларнинг поезд ўтказиш имкониятини 25–30 фоизга ошириш мумкинлиги айтилди.
Тошкент — Самарқанд ўртасида тезюрар поездлар учун алоҳида темир йўл қуриш ва «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўли лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Ўзбекистон маҳсулотларини хорижга етказиш учун денгиз портларига чиқиш имкониятлари ҳам кенгайтирилмоқда. Жумладан, Грузиянинг Поти портида логистика маркази ташкил этиш бўйича битим имзоланган. Каспий ва Қора денгиздаги бошқа портларда ҳам Ўзбекистон иштирокида юкларни сақлаш ва ташиш инфратузилмасини яратиш устида иш олиб борилмоқда.
Мамлакат ичида эса Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент, Андижон, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида 17 та логистика маркази ва терминал ташкил этиш режалаштирилган.
Тақдимотда юк ташиш соҳасида ҳисобга олинмайдиган иқтисодий фаолият улуши ҳали ҳам 42 фоиздан юқори экани қайд этилди. Буни қисқартириш учун ташувчиларнинг ягона реестрини тузиш, электрон йўл варақасини жорий қилиш ва юк ташиш буюртмаларини қабул қиладиган онлайн хизмат яратиш таклиф этилди.
Президент лойиҳаларнинг муддати, маблағ манбалари ва кутилаётган натижаларини аниқ белгилаш бўйича топшириқлар берди.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
Post #15311
7.73K



- 👍 54
- ❤ 18
- 🔥 16
- 👏 10
- 😭 4
- 😱 3
- 🤔 1
- 🤣 1