🇪🇸 Eurochambres конгресси доирасида савдо-саноат палаталари раҳбарлари ва хорижий делегациялар Валенсиядаги «Marina de Empresas» инновацион хаби фаолияти билан танишдилар.
Расмий ташриф дастури доирасида ўтказилган амалий ташрифда Европа мамлакатлари савдо-саноат палаталари раҳбарлари билан бир қаторда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов ҳам иштирок этди.
«Marina de Empresas» — тадбиркорлик ғоясидан тортиб, стартапни ривожлантириш ва инвестиция жалб этишгача бўлган жараёнларни бирлаштирган яхлит экотизим. Мажмуа таркибида EDEM бизнес-мактаби, Lanzadera бизнес-инкубатори ва акселератори ҳамда Angels инвестиция фонди фаолият юритади.
Ташриф давомида делегация аъзолари ёш тадбиркорларни тайёрлаш, инновацион лойиҳаларни танлаш ва ривожлантириш, уларни акселерация қилиш ҳамда молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари билан яқиндан танишдилар.
📊 Lanzadera акселератори фаолияти давомида 1 100 дан ортиқ компанияни қўллаб-қувватлаган бўлиб, ушбу лойиҳаларга 200 миллион евродан зиёд инвестиция жалб этилган.
Эътиборли жиҳати, хабда стартаплар фақат назарий лойиҳа сифатида эмас, балки саноат, логистика, чакана савдо ва агросаноат соҳаларидаги реал бизнес эҳтиёжлари асосида технологик ечимлар ишлаб чиқади.
👍 Ташриф доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва «Marina de Empresas» раҳбарияти ўртасида мулоқот ҳам ўтказилди. Унда Валенсиянинг инновацион тадбиркорлик экотизими тажрибасини Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари муҳокама қилинди.
Хусусан, ёшлар стартапларини акселерация қилиш, IT ва креатив индустрияларни ривожлантириш, маҳаллий технопарк ва кластерлар резидентларини халқаро акселерация дастурларига интеграция қилиш бўйича ҳамкорлик йўналишлари кўриб чиқилди.
🕊Telegram 📱Instagram 📱Facebook 📺Youtube





