🇺🇿🇬🇪 Жорий йилнинг 5 июнь куни Тбилиси шаҳридаги “Expo Georgia” кўргазма мажмуасида “Made in Uzbekistan” миллий маҳсулотлар кўргазмаси ўз ишини бошлади. Кўргазма 7 июнь кунига қадар давом этади.
Мазкур кўргазма Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расуловнинг жорий йил 21–25 февраль кунлари Грузияга амалга оширган ташрифи доирасида эришилган келишувлар асосида ташкил этилди.
👍Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов, Ўзбекистоннинг Грузиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Баҳром Ашрафханов ҳамда Грузия Савдо-саноат палатаси президенти Георгий Пертая иштирок этдилар.
Нутқлар давомида томонлар "Made in Uzbekistan" кўргазмаси икки мамлакат ишбилармон доиралари учун янги имкониятлар очаётгани ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлашди.
Кўргазмада юртимизнинг етакчи тармоқларига оид маҳсулотлар: электротехника, автомобиль саноати, тўқимачилик, чарм-пойабзал, аграр ва озиқ-овқат маҳсулотлари, фармацевтика, қурилиш материаллари ва мебель саноати маҳсулотлари кенг намойиш этилмоқда.
👍 Шунингдек, тадбир доирасида ишбилармонлар ўртасида икки томонлама учрашувлар, В2В музокаралар ўтказилиб, қатор янги келишув ва шериклик лойиҳалари муҳокама қилинмоқда. Кўргазма Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ташқи бозорларда тарғиб қилиш ва экспорт географиясини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
🕊Telegram 📱Instagram 📱Facebook 📺Youtube









