Ўзбекистон — IAOM Eurasia: донни қайта ишлаш соҳасида халқаро ҳамкорлик кенгайтирилади
🇺🇿🇹🇷 25 сентябрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов IAOM Eurasia директори, Ulusoy Mills компанияси директорлар кенгаши раиси доктор Эрен Гюнхан Улусой бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Мулоқотда донни қайта ишлаш ва ун саноати соҳасида Ўзбекистон ва халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш, илғор тажриба алмашинувини ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар ўртасида янги ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
🌾 Учрашувда, шунингдек, 28–29 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган IAOM Eurasia’нинг 5-йиллик конференцияси ва кўргазмасига тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро тадбир доирасида дон ва ун бозорларидаги замонавий тенденциялар, соҳанинг долзарб масалалари ва ривожланиш истиқболлари, савдо ва логистика, минтақавий интеграция, шунингдек, ун ишлаб чиқаришда замонавий технологияларни қўллаш масалалари муҳокама қилинади.
👍 Савдо-саноат палатаси томонидан конференция ва кўргазмада маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг фаол иштирокини таъминлашга амалий кўмак кўрсатишга тайёрлик билдирилди.
Таъкидланганидек, мазкур тадбир маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун хорижий компаниялар, халқаро ташкилотлар ва соҳа мутахассислари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, илғор тажрибани ўрганиш, янги ҳамкорларни топиш ва истиқболли бизнес лойиҳаларини муҳокама қилиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
🕊Telegram 📱Instagram 📱Facebook 📺Youtube
Post #24454
1.8K