✈️ Истеъмолчилар ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш Рақобат қўмитаси фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Фуқароларнинг ҳар бир мурожаати алоҳида эътибор билан ўрганилиб, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниши борасида Қўмита томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
👥 Бугунги кунда электрон тижорат соҳаси ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Фуқаролар кундан-кунга товар ва хизматларни онлайн тарзда харид қилишни афзал кўрмоқда. Айни пайтда ушбу жараёнда истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиш ҳолатлари ҳам кўпайиб бораётганини Қўмитага келиб тушаётган мурожаатлар сонидан ҳам билиш мумкин.
⚡️ 2026 йилнинг ўтган даври мобайнида Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармаларига чакана савдо, электрон тижорат ҳамда умумий овқатланиш соҳалари бўйича жами 6 414 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 1 230 таси (19,2 фоизи) электрон тижорат соҳасига тўғри келган.
Мазкур мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал этилган:
➡️ 704 таси (57,2 фоиз) истеъмолчи фойдасига ҳал этилиб, ҳуқуқлари тўлиқ тикланган;
➡️ 453 таси (36,8 фоиз) бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилган;
➡️ 33 таси (2,7 фоиз) эса тегишлилигига кўра, бошқа ваколатли органларга йўналтирилган.
Мурожаатларнинг асосий қисми йирик электрон савдо платформалари ва муддатли тўлов хизматларига тўғри келади:
🔘Uzum Market — 446 та (36,2%),
🔘Uzum Nasiya — 184 та (14,9%),
🔘Alif Shop — 92 та (7,5%),
🔘Ishonch дўконлар тармоғи — 69 та (5,6%),
🔘Yandex хизматлари — 63 та (5,1%).
✈️ Шу билан бирга, мурожаатларни таҳлил қилиш жараёнида электрон тижорат соҳасида қатор тизимли муаммолар мавжудлиги маълум бўлди. Жумладан, электрон тижорат иштирокчиларини идентификация қилиш ва ахборот шаффофлигини таъминлаш, электрон шартномалар ва муддатли тўлов тизимини такомиллаштириш, товарларни етказиб бериш ва маблағларни қайтариш механизмларини яхшилаш, онлайн платформаларнинг масъулиятини кучайтириш, судгача низоларни ҳал қилишнинг рақамли механизмларини жорий этиш, электрон ҳужжат айланишини такомиллаштириш ҳамда истеъмолчилар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш каби масалалар алоҳида эътибор талаб этмоқда.
‼️ Рақобат қўмитаси нафақат истеъмолчилардан келиб тушаётган ҳар қандай йўналишдаги мурожаатларни ваколати доирасида истеъмолчилар фойдасига ижобий ҳал этишга эришмоқда, балки фуқаролар мурожаатларини чуқур таҳлил қилган ҳолда, юзага келаётган муаммоларнинг тизимли ҳал этилиши учун тегишли таклифларни ишлаб чиқмоқда.
Telegram | Press_service | Facebook | Instagram | Youtube
